1

“Келиним бизни милицияга берди”

МУТОЛАА 08.11.2016, 14:59
Теглар: Юрагимда сақлаганларим, Оила
“Келиним бизни милицияга берди”

— Бундан беш йил аввал катта шодиёналар билан келин туширгандик, куни келиб, ўзим танлаган қиз мени милицияга бериши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган экан. Келиним топармон-тутармон тикувчи. Асли қўшни тумандан, ишхонаси ҳам қизлик уйига яқин. Ўғлим иккита коллежни тугатган бўлса ҳам, ёлчитиб ишламади.

Тўғриси, рўзғорнинг бир учини кўтаришиб юборар, қўлида тайинли касби бор, деб ўзим танлаганман шу келинни. Ўзимдан ҳам ўтган-да. Мана энди, эримнинг олдида тилим қисиқ. Хуллас, бир неча йил аввал, иморат солаётган пайтларимиз эди, бўёқчиларга тўсатдан пул керак бўлиб қолди. Шошиб келинга қўнғироқ қилиб сўрабман. У эса жиянининг тўйини ўтказиши кераклигини айтиб, бермади. Бир ҳафталардан кейин ишга отланаётганида, хўжайиним “Келин, бугун бормай қўя қолинг, набирамнинг дийдорига тўймаяпман. Соғиниб қолаяпман”, деб айтди. У бўлса, “Йўқ, бормасам бўлмайди, буюртмаларим кўп”, дея қайнотасига “юзингда кўзинг борми” демай гап қайтариб, кетиб қолди. Шу-шу орага совуқчилик тушиб, уйимиз жанжалхонага айланган. Охири ўғлим билан келиним қўшни тумандан ижарага уй олиб чиқиб кетишди. Уйимиз битгач, болаларимни чақирдим, бирга яшайлик десам, келиним эри оламдан ўтган қизимни баҳона қилиб биз билан яшашни истамади. Ижарада турган каталакдек уйини фалон пулга сотиб олмоқчи. Бундан икки ой аввал эса отаси билан бирга “Бизни уйдан ҳайдаб солишди” деб, милицияга ариза бериб келишибди. Ўғлим ҳам икки ўт орасида қолган, шу кўнгилсизликларни деб хотини билан жанжаллашиб, бир ароқхўрни машинасида уриб кетибди. Қулоғигача қарзга ботиб ўтирибди. Яқинда қудамиз келиб ғалати гап айтиб кетди. Қарангки, янги солган уй-жойимизни сотиб, кўпқаватли уйга бориб туришимиз керак экан. Келиним 6 ой давомида набираларимни кўрсатмади. Ўғлим эса худди манқуртга ўхшайди. Гап уқтиришга ҳаракат қилсам, “хўп, хўп” дейди-ю, яна хотинининг айтганидан қолмайди. Нима қилишни билмай бошим қотиб қолди. Ҳали ҳам бўлса кеч эмас, бош эгиб  келишса, набираларимни бағримга олиб, тўлиб-тошиб ўтиришни истамас эканманми? Уларни оиламизга қандай қайтаришни билмаяпман?

Гулсар ая, 60 ёш, Самарқанд вилояти. 

Қайнонажон: — Бу ҳаётий ташвишлар ҳамманинг бошида бор, кўпам эзилаверманг. Келиннинг ҳам кўнглини топиш осон иш эмас. Айниқса, ўғилнинг қўлидан тайинли иш келмаса, бечора оналарнинг боши хам бўлади-да. Шунинг учун ўғил болани ҳеч бўлмаганда ҳунарли қилиш шарт деймиз-да, ўргилай. Йигит кишининг хотини олдида тили қисиқлиги яхши эмас. Аммо ҳаётда шундай аёллар ҳам борки, турмуш оғирлигини елкасига олса ҳам, оила сирини ошкор этмайди. Қудаларингизга ҳам қойил эмасмиз. Сизки бор хақиқатни тан олаётган экансиз, улар ҳам оилани қўллаб-қувватлашса бўларди. Маслаҳатим, ўғлингизга насиҳат қилинг. Эркак киши оиласини таъминлаш учун ҳаракат қилиши лозим. Ахир бежизга йигитнинг моли ерда демайдилар. Ҳозирги ёшлар мустақил яшагиси келади, ўғлингиз оиласи билан алоҳида яшашни истаса, қўйиб беринг. Аралашаверсангиз, ёмон кўринасиз. Аммо уй-жойингизни сотиб, уларга беришга мажбур эмассиз, шуни ёдда тутинг. Сизга ирода ва соғлик тилаб қоламиз.  

Шаҳноза Халилова, руҳшунос: — Бўлаётган воқеаларда ўғлингизнинг сўзини эшитмаяпман, ўрнини кўрмаяпман. Назаримда, вазиятнинг бу қадар чигаллашиб кетишига ҳам айнан унинг беқарорлиги сабаб. Агар у қаттиқ туриб, аниқ қарорини айтганида, сўзларини муҳокама қилишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди. Тушунишимча, аввал бошдан фарзандингизни ҳаддан ортиқ ҳимоянгизга олиб, эркалатиб юборгансиз. Вақт ўтиши билан худди шу муносабатни хотинидан топган. Энди ўғлингизга нисбатан муносабатингизни ўзгартиринг. Унга бир оиланинг боши сифатида муомала қилинг. Аслида рўзғор тебратиш аёл кишининг вазифасига кирмайди, шунга қарамай, келинингиз бу ишни бўйнига олган экан, бундан фақат хурсанд бўлиш керак, менимча. Агар улар алоҳида яшашни исташса, қаршилик қилманг. Барини вақтнинг ҳукмига ташлаганингиз маъқул.

Саодат ОЧИЛОВА ёзиб олди.

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Ўзбекистонда қанча оила фақат шаърий никоҳ асосида яшагани аниқланди

14.11.2019, 18:36

 Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгач, фақатгина шаърий никоҳ билан яшаб келган 20 минг 350тадан ортиқ оила аниқланиб, уларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.Бу ҳақда 13 ноябрь куни оила...
«ИЧКИЛИК БЎЛМАСА ЭДИ...»

23.12.2017, 17:11

Сайёра, 30 ёш, Жиззах вилояти: — Турмушга чиққанимга ўн йил бўлибди. Икки фарзандим бор. Қайнона-қайнотам билан бирга яшаймиз. Шу йиллар ичида тинч, осойишта, хотиржам яшаганимни...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1