1

​Альцгеймер касаллигидан ҳимояланишнинг осон усули топилди

САЛОМАТЛИК 27.01.2024, 11:06
​Альцгеймер касаллигидан ҳимояланишнинг осон усули топилди

Альцгеймер — кўпроқ кекса ёшли инсонларда учрайдиган хасталик. У аста-секин хотира сусайиши, бош мия фаолияти бузилиб, ақлий қобилият пасая бориши билан намоён бўлади.

Япон олимлари ушбу касаллик юзасидан олиб борган изланишлари натижасида оддий нафас машқлари орқали унинг олдини олиш мумкинлигини аниқлади. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар қилди.

Тадқиқот учун 108 нафар кўнгилли жалб этилиб, улардан тегишли қон таҳлиллари олинди ва хасталик хавфини кўрсатувчи биомаркерлар текширилди.

Кейин иштирокчилар икки гуруҳга ажратилди. Биринчи гуруҳ ҳар куни оддий нафас машқларини бажариб борди. Иккинчи гуруҳ эса ақлий фаолияти ва хотира бутунлигини сақлашга қаратилган медитация машғулотлари билан банд бўлди.

Ўз навбатида, ҳафтада бир бор барча иштирокчилар қон таҳлиллари олиниб, Альцгеймер биомаркерлари ҳисобланган амилоид-40 ва 42 даражалари текшириб борилди.

Тўрт ҳафтадан сўнг тадқиқотчилар ҳайратланарли натижага дуч келди. Биринчи гуруҳдаги нафас олиш машқлари билан шуғулланувчилар қонида бета-амилоид миқдори сезиларли даражада пасайгани аниқланди. Бу уларда Альцгеймер касаллиги ривожланиш хавфи камайганидан далолат беради.

Иккинчи гуруҳ натижалари эса хавотирли бўлди: 4 ҳафталик тажрибадан сўнг уларнинг қонида бета-амилоидлар даражаси ошгани маълум бўлди.

Шунга асосланиб, япон олимлари кунига 10-15 дақиқа нафас олиш машқларини бажариш Альцгеймер ривожланишининг олдини олишда самарали усул, деган хулосага келди.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ маълумотларига кўра, сайёрамизда ҳар 3 сонияда бир киши Альцгеймерга чалинади. Ҳозир Ер юзида 50 миллиондан ортиқ одам ушбу хасталикдан азият чекмоқда. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 65 миллион нафардан ошиши мумкин.


 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.


 

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1