1

Қаттиқ хуррак отиш, ёмон уйқу ва ҳолсизлик ниманинг аломатлари?

САЛОМАТЛИК 28.01.2024, 10:07
Қаттиқ хуррак отиш, ёмон уйқу ва ҳолсизлик ниманинг аломатлари?

Уйқу апноэ синдроми дунё аҳолиси ўртасида кенг тарқалган касаллик бўлиб, бугунги кунда 1 миллиардан ортиқ киши ушбу хасталикка чалинган.  

Cиндром обструктив ёки марказий бўлиши мумкин. Касаллик асосан семизлик, томоқ, бурун касалликлари туфайли келиб чиқади. 

Уйқу пайтида қаттиқ хуррак отиш, нафас сиқилиши хасталикнинг асосий белгилари ҳисобланади. Бундан ташқари, тунда уйқунинг тез-тез бузилиши туфайли ушбу хасталикка чалинган инсонлар кундузи ўзини ҳолсиз ва асабий ҳис қилади.  

Беморга аниқ ташхис қўйиш учун полисомнография (ПСГ) текшируви ўтказилиб, махсус ускуна ёрдамида инсоннинг уйқу пайтидаги физиологик кўрсаткичлари қайд этилади.  

Уйқу апноэ синдромини даволаш усули уни келтириб чиқарган сабабларга қараб танланади. Амалиётда асосан доимий мусбат ҳаво босимини берувчи махсус қурилма қўлланилади. Бу қурилма нафас йўлларини очиқ сақлашга ёрдам беради ва ухлаш вақтида улар тўсилиб қолишининг олдини олади.

Айрим ҳолларда нафас олиш йўлларида жарроҳлик амалиётини бажариш ёки электростимуляция муолажасини ўтказиш зарурати туғилиши мумкин.  

Уйқу апноэ синдромини ўз вақтида даволамаса, юрак-қон томир касалликлари, гипертония, диабетга чалиниш хавфи ортади, хотира ва диққат-эътибор сусаяди.  

Касаллик профилактикаси учун бир қанча тавсияларга риоя қилиш лозим. Хусусан, соғлом турмуш тарзи, зарарли одатлардан воз кечиш, жисмоний фаоллик уйқу апноэ синдромига чалиниш хавфини бир неча баробарга камайтиради.  

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1