1

Арнолд Беннетт. Васиятнома (ҳикоя)

МУТОЛАА 20.02.2024, 23:37
Арнолд Беннетт. Васиятнома (ҳикоя)

Бу ака-укалар Англиянинг Олдкесл шаҳрида истиқомат қилишарди. Жон 52, Роберт 49 ёшда бўлса-да, улар ҳанузгача бўйдоқлар сафидайди. Қизиғи, туғилгандан буён бирга яшаб, бирга овқатланишади-ю, бироқ неча йилдирки, гаплашмайдилар…

Бунга 10 йил бурун содир бўлган бир можаро сабаб. Шундан буён улар бир оғиз ҳам сўзлашмадилар. Агар мулоқотга киришиш зарурияти туғилиб қолса, фақат қоғоз-қалам орқалигина буни амалга оширардилар.

Бир куни кечки овқатдан сўнг одатдагидек бирга ўтиришганди. Уларнинг иккаласи ҳам қора либосда эдилар, боиси сингиллари Мари тўсатдан вафот этганди. Жон қоғоз олди-да, ёзди: «Жаноб Ливерсейж бизникига ташриф буюрар экан». Ливерсейж уларнинг адвокати эди. «Нега?» жавоб ёзди Роберт. «Билмайман. У қўнғироқ қилди ва бизни кўрмоқчи эканлигини айтди».

Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглади. Бу Павел Ливерсейж эди. У Жон ва Павел билан ҳам мактабдош, ҳам қалин дўст, шунингдек, ака-ука сингари у ҳам ҳали уйланмаганди.

- Қалайсан, Павел? –сўради Жон.

- Жуда яхши, -жавоб қайтарди адвокат. –Мен сизларга синглингизнинг васиятномаси ҳақида айтмоқчи эдим. Бундан хабарингиз бордир?

- Йўқ, -жавоб беришди улар бирданига. –У бизга бирор нима қолдирибдими?

- 12 минг евро. Лекин аввал васиятномани ўқишга имкон берсангиз…

Адвокат ён чўнтагидан қоғоз чиқарди ва ўқишни бошлади:

«Акаларим Жон ва Робертга!

Сизлар ўзингизни ёш боладек тутасизлар. Мен ҳалиям Анни Эмери туфайли жанжаллашиб қолганликларинг сабабини тушунмайман. Сизлар бечора Аннига нисбатан бешафқатлик қилдинглар. У 10 йилдан буён бирингизни кутади ахир. Қисқаси, васиятим шуки, иккингиздан қай бирингиз Аннига уйлансангиз, мен пулларимни ўшанга қолдираман. Иккингиз ҳам уйланмасангиз, у ҳолда пуллар Аннига қолади.

Севимли синглингиз Мари».

Ака-ука бу ҳақда бир неча кун ўйладилар. 10 йил олдин Анни 27 ёшлигида иккаласи уни севиб қолгандилар. Шу туфайли улар кўп жанжаллашди. Охирги дилхираликдан сўнг гаплашмай қўйдилар. Аммо улар бир-бирини Аннига уйланиш фикридан қайтганликларини билмасдилар…

Ниҳоят, васиятнома ўқилгандан кейин 5-6 кун ўтиб Жон гап бошлади:

- Балки Анни учун танга ташлармиз. Чикками ё пукка?

- Пукка, - деди Роберт.

Танга чиккани кўрсатиб тушди. Эртасига Жон Аннининг уйи томон йўл олди. У етиб борганда Ливерсейж у ердан чиқаётган экан…

Хуллас, ака ҳам, ука ҳам Аннига уйланолмади. Улар ҳалиям буйдоқлар сафида, аммо бир-бири билан гаплашишади. Анни-чи? У яқинда Ливерсейжга турмушга чиқди ва Мари қолдирган пуллар уларнинг қўлида қолди.

Инглиз тилидан Нодира Иброҳимова таржимаси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1