1

Ў.Генри. “Жодугар”нинг нонлари (ҳикоя)

МУТОЛАА 21.02.2024, 23:32
Ў.Генри. “Жодугар”нинг нонлари (ҳикоя)

Марта Меҳам хоним кўча муюлишидаги кичик новвойхона эгаси эди (учта зинапо­ядан кўтарилиб чиққач, эшикни очиб киришингиз билан келганингиздан хабар бериб қўнғироқ жарангларди).

Қирқ ёшни қоралаб қолган, иккита ясама тиши билан жилмайган пайти ўзгача бир чиройли бўлиб кетадиган бу меҳрибон дил эгаси банкда икки минг доллар миқдорида даромадга эга эди. Ваҳоланки, шундай қила олиши мумкин бўлган бошқа оилалиларнинг имконияти Марта хонимникига қараганда анча паст эди.

Ҳафтада икки-уч марта дўконга келиб турадиган бир харидор Марта хонимни жуда қизиқтириб қўйганди. У кўзойнакли, соқоли тартибли қиртишланган ўрта ёшлардаги киши эди. Немисча талаффуз билан инглиз тилида сўзлаётган бу жанобнинг кийимлари анча униқиб қолган, баъзи жойлари ямалган, йиғирилган ва ўзига ҳалпиллаб турган бўлса-да, хонимга у жуда покиза ва жуда яхши феъл атвор эгаси бўлиб кўринганди. У ҳар доим иккита қотган нон харид қиларди. Чунки беш центлик янги нон пулига қотган бўлса-да, икки нон сотиб олиш мумкин эди ва жаноб ана шу қотган нондан бўлак ҳеч қачон ҳеч нарса олмасди. Бир сафар Марта хоним унинг қўлларида қизил ва жигарранг рангдаги бўёқ доғларини кўриб қолди ва шунда билдики, у рассом, аммо жуда камбағал. Унинг чордоқда яшаши, у ерда бебаҳо суратлар чизиши, қотган нон билан бечораҳол кун кечириши ва шунингдек, Марта хоним­нинг дўконидан ейдиган бошқа яхшироқ нарсалар ҳақида хаёл суришига шубҳа йўқ эди. Марта хоним ҳар гал қийма, юмшоққина булочка ёки чой ва мурабболи столда ўтирганда тез-тез хўрсиниб қўяр, елвизак ўтиб ту­радиган чордоқда нозик табиатли рассом билан ўзининг тотли таомларини баҳам кўришни хоҳлаб юраги ачишарди. Чунки қаҳрамонимиз боя айтганимиздек, жуда меҳрибон ва кўнгилчан эди-да! Бир куни у жанобнинг ҳақиқатда рассом ёки йўқлигини текшириб кўриш учун хонасидан қачонлардир арзонгина нархда сотиб олган суратни олиб чиқиб, нон растасининг орқасидаги токчаларга қарама-қарши қилиб осиб қўйди. У Венеция манзараси эди. Суратнинг олд қисмида, худди сув устида турган каби, мармардан қо­йилмақом қилиб ишланган катта уй тасвирланган бўлса, қолган қисми сув ичида қўлини сувга бо­тирган кўйи хаёлга чўмган қиз ўтирган қайиқ, булутлар, осмон ва ўзаро уйғунлашиб кетган ранглар жилосидан иборат эди.

Икки кун ўтгач дўконга ўша харидор кириб келди.

– Марҳамат қилиб, менга иккита қотган нон берсангиз, илтимос. Нонларни ўраётганида эса суратга кўзи тушди ва:

– Суратингиз жуда ажойиб экан, хоним, – деди.

– Ҳа, – деди Мис Марта ўзи­нинг айёрлигидан завқланиб, – мен санъат шайдосиман ва яна… суратларнинг ҳам. (Рассомларнинг ҳам демоқчи эди-ю, суратларнинг деб тўғирлаб қўйди).

– Сиз уни яхши сурат деб ўйлайсизми?

– Унда манзара йўқ. Чизиш услуби нотўғри. Яхши қолинг, хоним.

У нонларни олди-ю, шошиб чиқиб кетди. Ҳа, у аниқ рассом. Энди Марта хонимнинг бунга асло шубҳаси йўқ эди. Суратни хонасига қайта киргизиб қўяр экан, хаёллари яна ўша сирли харидор томон тортди. Кўзойнаклари остида чақнаб турган кўзлари қан­дай мунгли ва меҳрибон! Кенг пешонаси ўзига жуда ярашган. Бир қарашдаёқ суратга баҳо бера олиш ва қотган нон билан кун кечириш! Бу даҳшат! Бироқ кўп ҳолларда қобилиятни юзага чиқариш учун курашиш­га тўғри келади. Агар банкдаги икки минг доллар, новвойхона ва меҳрибон юрак эвазига уни юзага чиқара олганида, бу фақат санъат ва сурат учун бўлган бўларди.Бироқ буларнинг бари хом­хаёлдан ўзга нарса эмас эди.

Харидор тез-тез нон олиш­га келганда бироз муддатга раста ёнида хоним билан суҳбатла­шишга одатланиб қолганди. Гўёки у Мис Мартанинг шодликка тўла сўзларига ташнадек туюларди. Аммо харидор торт, пирог ёки Марта хоним­нинг ширин Салли Лунла­ридан бирини эмас, қотган нон сотиб олаверарди. У Марта хонимга кундан кунга озиб, кучсизланиб бораётгандек кўринар, шунинг учун харидорнинг одмигина харидига ейиш учун яхшироқ нимадир қўшиб қўйишни жуда хоҳларди. Бироқ журъати ет­масди.

Рассомларнинг ғурурини яхши билгани учун, агар шундай қилса, бу унга нисбатан ҳақорат бўлган бўларди.

Бир куни Марта хоним кўк нуқтали фартугини тақиб олиб, орқа хонада сариқ мева уруғлари ва тозалаш учун ишлатиладиган минералдан ўзи­нинг одамлар юз терини тозалашда ишлатадиган ғаройиб аралашмасини тайёрлаётган эди. Одатдагидек ўша харидор келиб қолди. У раста устига тангасини қўйиб, қотган нон сўради. Марта хоним у томонга бораётганда ташқаридан қаттиқ сигнал овози ва моторнинг кучли ўт олгани товуши эшитилди. Харидор кўчага отилди. Сотувчи хоним эса имкониятдан фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Раста ортидаги пастки токчадан ўн дақиқа олдин сут фермаси ишчиси ташлаб кетган янги сариёғни олди. Ўткир пичоқ билан нонларни чуқур қилиб кесиб, орасига сариёғ жойлаб, яна зичлаб ёпиб қўйди. Харидор дўконга қайтиб кирганида у нонларни ўраётган эди. Ноодатий қисқа, аммо ёқимли суҳбатдан сўнг, у кетгач Марта хоним ўзича жилмайиб қўйди. Бироқ кўнглида бироз ҳадик бор эди: Нималар қилиб қўйдим ўзи? Уни юрагига озор бериб қўймадиммикан? Шунақа бўлмасин-да, ишқилиб.

Шундан кейин бироз вақт ўтиб, Марта хоним болиб ўтган воқеа ҳақида яна эслаб қолди. Рассомнинг қотган нон ичида унинг ҳийла­сини билиб қолганини тасаввур қилди: У чўтка ва бўёқларини пастга қўяди. Сўнг расмтахта ёнида туриб чизаётган суратининг кўриниши ва манзарасини таҳлил қилиб бўлгач, қотган нон ва сув билан тушлик қилмоқчи бўлади. Нонни кесади. Оҳ! Мис Марта қизариб кетди. У нон ичи­га сариёғни жойлаб қўйган шу қўллар ҳақида ўйлармикан? Аммо шу пайт унинг хаёлларини тумандек тарқатиб, эшик қўнғироғи қаттиқ жиринглади ва шовқин солиб кимдир кириб келди. Марта хоним шошиб эшик томон борганида у ерда икки киши турарди. Бири тамаки тутаётган ёш жаноб, олдин уни ҳеч кўрмаганди, иккинчиси эса рассом – унинг юзлари қизарган, сочлари тўзғиган, шляпаси бошининг орқасида эди. Иккала қўли ҳам мушт бўлиб тугилганди.

“Аҳмоқ!” деб қичқирди у баланд овозда ва яна немисчада “Таусендорфен!” ёки шунга ўхшаш нимадир деди. Шериги уни олиб чиқишга ҳаракат қилди. Аммо у кўнмади.

­ Ҳеч қаерга бормайман. Ҳали гапимни тугатмадим, – деди у ғазабли оҳангда. Кейин бақириб йиғлаб юборди. Марта хоним унинг қизариб кетган мовий кўзларига қарашга тоқат қила олмади.

– Сен мени хонавайрон қилдинг. Сен ҳамма нарсага бурнини суқаверадиган қари жодугарсан. Марта хоним бир қўли кўк нуқтали фартуги­нинг этагида, бир қўли полга тушганича, токчаларга ҳолсизгина бўлиб суяниб қолди. Ёш жаноб шеригининг ёқасидан олди.

– Бас, етар. Юр мен билан, – деди ва уни судраб кўчага олиб чиқиб кетиб, қайтиб кирди ва хонимга юзланди.

– Сизга айтилажак навбатдаги гаплар нима бўлиши мумкинлиги ҳақида бир ўйлаб кўринг, хоним. Ҳозирги киши Блумбергер, архитектура чизмачиси. Биз бирга ишлаймиз. У танлов учун уч ойдан бери янги шаҳар залининг режаси устида қаттиқ ишлаётганди. Кеча якунлади. Биласизки, чизмачилар ҳар доим чизмани биринчи қаламда чизишади. Ишни тугатгач, қалам чизиқларини қотган ноннинг кичик бўлаги билан ўчириб чиқишади. Чунки қотган нон ҳинд ўчирғичидан самаралироқ. Блумбергер бу ердан нон сотиб олиб юрган. Аммо бугун сизнинг аллақандай сариёғингиз унинг барча ишларини барбод қилди.

Марта хоним орқа хонага кирди. Кўк нуқтали фартугини ечди ва эски малларанг кўйлагини кий­ди. Кейин сариқ мева уруғлари ҳамда ми­нерал аралашмасини деразадан кул идиши устига тўкиб юборди.

Инглиз тилидан Олтиной ҲАЙИТБОЕВА таржимаси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1