1

Россияда “ҳўлу қуруқ баравар ёняпти”ми?

ДУНЁ 28.03.2024, 19:36
Россияда “ҳўлу қуруқ баравар ёняпти”ми?

Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади. Жорий йил 22 мартда Россиядаги “Крокус Сити Холл”да рўй берган терактда 7 нафар Тожикистон фуқароси айблангач, Россия жамиятида нафақат тожикларга, балки Марказий Осиё давлатларидан келган бошқа миллат вакилларига қарши ғазаб ва нафрат кайфияти кучайиб кетди. Шундай ҳам миллатчилиги ва тоқатсизлиги билан ном чиқарган бу жамиятдаги неонацият ва миллатчи гуруҳлар ҳам жонланиб қолишди. Энди уларга “келгинди”ларга қарши жиноятларини бемалол содир этишлари, бунга маҳаллий халқ тугул полиция ҳам панжа орасидан қараши мумкин.

Масалан, кеча оқшом кўчада бир тожик ва бир арман миллатига мансуб шахсларни пичоқлаб кетишгани маълум бўлди. Бу ҳолатни Украинага қарши уруш, санкциялар, миграция муаммолари, инфляция ва қимматчилик, коррупция ва диктатура режими шароитида ғазабга тўлган халқ аламини мусофирлардан олишга уринишининг бир исботи дейиш мумкин. Шу боис бундай мудҳиш воқеалар, афсуски, ҳали бошланиши бўлса керак, деган хавотир йўқ эмас.

Хорижликларга ёмон кўз билан қараш нафақат қотиллик шаклида, балки жамият ҳаётининг турли жабҳаларида ҳам кўзга ташланмоқда. Уй соҳиблари ижрада турган тожик ва бошқа Марказий Осиё давлатларидан келган фуқароларни ҳайдаб чиқаряпти. Хорижликлар очган дўконларга хуружлар кўпаймоқда. Такси чақиришса “сен тожик эмасмисан, агар тожик бўлсанг буюртмани бекор қил” деган миллатчилик руҳида талаб қўйишмоқда.

Шунингдек, Благовещенскда мигрантларга тегишли савдо павильони маҳаллий ёшлар томонидан “миллий адоват” боис ёқиб юборилган. Калугада эса уч нафар тожик миллатига мансуб фуқарони ўласи қилиб калтаклашган. Улардан бири шифохонага ётқизилган.

Қолаверса, давлат идоралари вакилларининг ҳам хорижликлар, айниқса Марказий Осиё давлатларидан келган меҳнат мигрантларига муносабати кескин ёмонлашгани қайд этилмоқда. Полиция ва бошқа куч ишлатар тизимларнинг мигрантларга қарши рейдлари кўпаймоқда.

Террорчилар билан ҳар қандай шаклда муносабатга киришгани аниқланган хорижликлар ҳам қўлга олинмоқда. Масалан, сешанба куни “террорчилик” моддаси бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида саккизинчи гумонланувчи – Қирғизистон фуқароси Алишер Қосимовни судга олиб келишди. Гарчи у жиноятчиларга алоқаси йўқлиги, уларнинг қилмиш ва режаларидан хабари бўлмаганини айтган бўлса-да, террорчиларга уйини ижарага бергани учунгина улар билан ҳамкорлик қилишда айбланмоқда.

Таъкидлаш жоиз, нафақат аҳоли орасида, балки давлат идораларида ҳам Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни қайта кўриб чиқишга чақириқлар янграяпти.

Жумладан, Россия Меҳнат вазирлиги “Хорижий фуқароларнинг "Россия Федерациясидаги ҳуқуқий мақоми тўғрисида"ги қонунга ўзгартиришлар киритишни режалаштирмоқда. Хусусан, меҳнат шартномалари муддатини ўзгартириш таклиф этиляпти. Агар бу таклифлар қабул қилинса, чет эл фуқароси билан меҳнат шартномасини тузиш муддати ҳозиргидек чексиз эмас, икки йил билан чекланиши мумкин. 

Шунингдек, Россия депутатлари Марказий Осиё давлатлари билан визасиз борди-келдилар режимини бекор қилиш таклифи билан чиқишяпти.

Шундай ташвишли хабарлар фонида тожиклар ва Марказий Осиё давлатларининг қисман бошқа фуқаролари ҳам ватанларига қайта бошлади. Уларни эса Россиядагидан ҳам даҳшатлироқ воқелик – ишсизлик ва чорасизлик, ҳамда кескин филтрация – маҳаллий полиция идораларига чақиртириб, сўроқ қилиш жараёнлари кутаётган бўлиши мумкин. Зеро, бугун Россия Тергов идоралари вакиллари Тожикистонга боришгани хабар қилинди. Улар террорчиларнинг Тожикистондаги қариндошларини ҳам сўроқ қилишмоқчи.

Ушбу воқеалар фонида Қирғизистон ўз фуқароларни Россияга бормай туриш бўйича огоҳлантирган бўлса, Ўзбекистоннинг миграцияга масъул агентлиги вакили бу борада бирор эҳтиёж йўқлиги билдирган.
Аммо жамоатчилик бу борада барибир эҳтиёт чорасини кўриш керак, деган фикрда.

Агар мудҳиш теракт фонида ўзбекистонлик мигрантларни ҳам Ватанга қайтариш зарурати туғилса, ўйлантирадиган илк масала шуки, қайтиб келадиган мигрантларимизнинг бандлигини таъминлаш ва етарли даромад таклифини бера олиш. Ўзбекистон бу масалага тайёрми, деган савол ҳозирча очиқ қолмоқда.

Мудҳиш теракт оқибатлари фонида тарқалаётган маълумотларга кўра, аллақачон тожикистонлик мигрантлар юртига қайтиш учун ҳаракатга тушиб қолган. Изоҳларда келтирилишича, уларга нисбатан босим ва ўлдиришлар билан таҳдидлар кучайган. Мигрантларга бўлаётган бундай муносабатларни биз ҳам бир сигнал сифатида қабул қилсак, тегишли чоралар кўриб қўяверсак, фойдадан холи бўлмайди.
 

                                                                                                                                                                                                   Абдуллоҳ САИД

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1