1

Жамоатчилик муҳокамаси: Анъанавий гиёҳвандликдан замонавий наркосавдогача

ЖАМИЯТ 07.05.2024, 21:07
Жамоатчилик муҳокамаси: Анъанавий гиёҳвандликдан замонавий наркосавдогача

Гиёҳвандлик глобал ижтимоий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Гиёҳвандликка қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, чора-тадбирлар, реабилитация дастурлари ишлаб чиқилганига қарамай, дори воситаларининг янги турлари ва уларнинг тарғиботи кундан-кунга кучайиб бормоқда. Мазкур масалада Ўзбекистондаги ҳолат қандай? 6-май куни “Юксалиш” ҳаракати томонидан ташкил этилган навбатдаги жамоатчилик муҳокамасида шу ҳақда сўз борди.

Муҳокама аввалида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази бўлим мудири Шуҳратжон Ғуломов республикамизда гиёҳвандлик билан боғлиқ вазиятга тўхталди.
Статистик маълумотларга кўра, наркотик моддалар билан жиноят содир этишлар сони 2023-йилда аввалги йилга нисбатан 15,3 %га ошган. Яъни 10 мингдан ортиқ жиноят. Бу Ўзбекистон учун охирги йиллардаги рекорд кўрсаткичдир. Сўнгги беш йилда 17 тоннадан ортиқ наркотик моддалар мусодара қилинган.

– Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситаларининг янги хуружлари пайдо бўлмоқда, - дейди Шуҳратжон Ғуломов. – Унинг тарқалишида Интернет тармоқларидан кенг фойдаланилмоқда. Наркотикка тобелик, наркожиноятлар тенденсияси ҳам ўзгариб боряпти. Анъанавий гиёҳвандлик моддаларидан кўра, синтетик ва кучли таъсир қилувчи дорилар истеъмоли ортган.  

Яна рақамларга юзлансак: 2018—2019-йилларда 350 гр.дан ортиқ “синтетик дорилар” мусодара қилинган бўлса, 2023-йилга келиб бу кўрсаткич 78,6 kg.ni ташкил этди. 2022-йилда нарко диспансерларда 330 нафар гиёҳванд рўйхатга олинган бўлса, 2023-йилда уларнинг сони 845 нафаргача ошган. Умумий рўйхатдагилар орасида аёллар улуши 2,3 %ни, 15-29 ёшлилар улуши 42,7 %ни ташкил этган. Афсуски, гиёҳвандлик “ёшариб бормоқда”.

Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024 – 2028-йилларга мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилди. Стратегияни ишлаб чиқишда 100 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирок этди.

Ички ишлар вазирлиги мутахассиси Қобил Зоҳидов таъкидлашича, синтетик дори воситаларининг асосий қисми 2023-йилга қадар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида аниқланган. Ўтган йили бу Андижон, Сурхондарё ва Жиззах, Самарқанд, Навоий вилоятларига ҳам кириб борди.

Мамлакатимизда ёшларни уларнинг зарарли таъсиридан хабардор қилишга қаратилган профилактика тадбирлари изчил давом эттирилмоқда. Бундан ташқари, вазирлик ва идоралар томонидан соғлом авлодни вояга етказишга қаратилган спорт тадбирлари, флеш-моблар ўтказиб келинаётгани салбий ижтимоий ҳодисага қарши туришда ўзига хос тўсиқ бўлиб хизмат қилмоқда.

Божхона қўмитасининг контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходими Бахтиёр Иргашев таъкидлашича, наркосавдогарлар наркотикларни мамлакат ҳудудига олиб киришнинг янги усулларидан фойдаланмоқда. Бу борада Қозоғистон, Россия махсус хизматлари билан бирга, халқаро даражадаги тезкор қидирув тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Кучли таъсир қилувчи моддалар контрабандаси ҳам кўпаймоқда.

Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази наркологи Муқаддас Рустамова гиёҳвандлик ирсий мойиллик, шунингдек, ижтимоий муҳит каби омиллар туфайли юзага келиши мумкинлигини айтди. Шу билан бирга, оилада қўйилган пойдевор ва қадриятлар муҳим аҳамиятга эга. Мутахассиснинг фикрича, боланинг ижтимоийлашувини эътиборсиз қолдирмаслик керак.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1