1

Россия-Украина можароси: Қайтиб келадиган меҳнат мигрантларимизни иш билан таъминлай оламизми?

ЖАМИЯТ 25.03.2022, 15:45
Россия-Украина можароси: Қайтиб келадиган меҳнат мигрантларимизни иш билан таъминлай оламизми?

Бугун бутун дунё ҳамжамияти томонидан кенг муҳокамалар ва кескин иқтисодий чораларга сабаб бўлаётган Россия-Украина ўртасидаги можароли жараён турли муаммоларни келтириб чиқараётгани бор гап. Аллақачон бу низоли вазият Марказий Осиё давлатларини ҳам жиддий чора-тадбирлар кўришга ундагани ва можаро сабаб  иқтисодий йўқотишларга қарши тайёр бўлишга ундаётгани ҳам сир эмас. Хусусан, юртимизда ҳам. Масалан, Россия ва Украинада ишлаб, ризқини териб юрган мигрантларимиз масаласи бу борада биринчи навбатдаги масалалардан, десак муболаға эмас. Бугун айни шу каби масалаларда экспертга мурожаат қилишни лозим топдик.

Экспертимиз Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари, иқтисодиёт фанлари доктори Нодирбек РАСУЛОВ.

— Россия билан Украина ўртасидаги ҳарбий можаронибошланиши кўплаб фуқароларимизни, шу билан бирга ваколатли давлат органларини ҳам ташвишга сола бошлади. Бунга сабаб, Россия ҳамда Украинада фаолият юритаётган Ўзбекистон фуқаролари, яъни меҳнат мигрантлари ҳисоб­ланади. Бу икки давлат ўртасида бошланган инқироздан сўнг мамлакатимиз раҳбарияти ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг ­саъй-ҳаракатлари туфайли Украинадан 5 мингга яқин фуқароларимиз Ўзбекистонга олиб келинди. Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, ҳозирги кунда 300 яқин фуқаромиз Украинада бўлиб турибди. Ташқи ишлар вазирлиги икки мамлакат ўртасида юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, фуқароларимиз хавфсизлигини ўйлаган ҳолда тезлик билан уларни Ўзбекистонга олиб келиш чора-тадбирларини кўрди. Бу ҳаракатлар ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг эътиборига, эътирофига ва яхши муносабат билдиришига олиб келди. Ҳаттоки, Украинадан Польшага ўтган фуқароларимиз ҳолидан хабар олгани Польша Президентининг келиши ҳамда кўпчилик билан суҳбатлашгани юртдош­ларимизни хурсанд қилди. Бу мамлакатимиз обрўйи халқаро даражада ошиб бораётганлигини, Европа мамлакатлари томонидан эътироф этилишининг бир кўриниши, дейишимиз мумкин. Бу албатта, кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.

Энди Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекис­тон фуқароларига тўхталадиган бўлсак, ҳозирги кундаги расмий маълумотларга кўра, Россия Федерациясида тахминан 1,5 миллионга яқин юртдошларимиз турли соҳаларда меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келишмоқда. Жумладан, уларнинг 51 фоизга яқини қурилиш, 10 фоизга яқини савдо ва хизмат кўрсатиш, 10 фоизи – қишлоқ хўжалиги, 9 фоизи – саноат ва қолган 20 фоизи – бошқа соҳаларда меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда, – дейди Нодирбек РАСУЛОВ.

Ҳозирги кунда Россияга нисбатан АҚШ бошчилигида Ғарб мамлакатларининг жорий этаётган санкциялари бевосита у ерда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимизнинг иқтисодий ва молиявий ҳолатига ўз таъсирини ўтказмоқда.

 Нодирбек Расулов юзага келган иқтисодий вазият туфайли у ерда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларимиз учун юзага келган қуйидаги риск­ларни санаб ўтди:

Валюта курси риски. Жорий йил 18 март ҳолатида Россия рублининг АҚШ долларига айирбош­лаш курси бир доллар учун 107,5 рублни ташкил этмоқда (йил бошига 75-80 рубль бўлган). Натижада, меҳнат миг­рантининг ўртача ойлик иш ҳақи 45-47 минг рублга тенг бўлса, АҚШ доллардаги эквиваленти йил бошидаги 600-620 доллардан 420-435 долларга тушди. 

Мигрантлар ўртасида энг катта ўртача ойлик иш ҳақи қурилиш ва таъмирлашда (54 минг рубль), сўнг транспорт, логистика, склад иши соҳасида (52 минг рубль), энг кам иш ҳақи уй-жой коммунал хўжалиги (40,1 минг рубль) ва қишлоқ хўжалиги соҳасида (36,8 минг рубль) қайд этилмоқда.

Меҳнат мигрантларининг доимий харажатларини, жумладан, ойлик патент тўлови ва яшаш харажатларини инобатга олган ҳолда, оиласига юборадиган маблағлар миқдори йил бошида 300-400 доллар атрофида бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб  150-200 долларга тўғри келмоқда. 

Россия иш берувчилари фаолиятидаги муаммолар. Эълон қилинган санкциялар Россиядаги бир қанча соҳа ва тармоқларнинг фаолиятига салбий таъсир қилмоқда. 

Биринчидан, ўзбекистонлик мигрантлар кўплаб ишлаётган қурилиш соҳасидаги корхоналар халқаро пул ўтказмаларининг тўхташи ва санкциялар таъсирида Европа мамлакатлари, айниқса, Германия компанияларидан қурилиш техникаси ва материалларини олиб келишда қийинчиликлар пайдо бўлиши оқибатида фаолиятида тўхталиш­лар юзага келди. 

Иккинчидан, Россия бюджети ва йирик давлат компаниялари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга оширишни давом эттиришдаги молиявий инқирозларнинг пайдо бўлиши.   

– Бироқ бу ерда бир нарсага эътибор бериш керак: Россия ҳукумати Ғарб мамлакатлари томонидан қўлланилаётган санкцияларга нисбатан чора-тадбирларни ишлаб чиқаётганлиги ҳамда мамлакатда иқтисодий жараёнларнинг тўхтаб қолмаслиги учун бор имкониятларини ишга солмоқда. Демак, бу дегани Россия иқтисодиёти ривожланишда давом этади. Шу ҳаракатлар меҳнат мигрантларимизнинг хавотирини бир мунча пасайтирди, дейишимиз мумкин.

Россия рублининг долларга нисбатан харид қобилияти пасайиши айрим ҳолатларда мигрантларимизнинг Россияда топаётган даромадларига жиддий таъсир кўрсатаётгани ва ҳозирги кунда у ерда ишлаб топиши мумкин бўлган даромадини Ўзбекистонда ҳам ишлаб топиши мумкинлиги уларнинг юртимизга қайтиб келишига сабаб ҳам бўлади. Чункиуларнинг Россияда юргандан кўра, Ўзбекистонга келиши  иқтисодий жиҳатдан тўғрига ўхшаб қолади. Буни янада аниқроқ тушунтиришга ҳаракат қиламан: бирданига ўртача 500-600 АҚШ доллар ойига даромад қилаётганларнинг доллар сотиб олиш имкониятидан бебаҳра қолиши ҳамда Россия рублида ҳисоб-китоб қилинганда 40-50 фоизга йўқотиши олаётган иш ҳақлари билан солиштирганда анчагина иқтисодий йўқотишга сабаб бўлади, – дейди эксперт.

ТАҲЛИЛЧИЛАР ФИКРИЧА...

Сўнгги пайтларда мамлакатимизда айрим таҳлилчилар, мутахассислар ҳамда иш билан бандликни таъминлайдиган ваколатли орган ходимларини ўйлантираётган масала бу — санкция туфайли Россиядан қанча меҳнат мигрантлари қайтиб келиши мумкинлигидир. Бу масала ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Санкция туфайли қанчаси иш жойидан маҳрум бўлиши ёки улардан қанчаси Ўзбекистонга қайтиб келиши мумкин, деган саволлар кўтариляпти. Ҳозирда баъзи бир таҳлилчиларимизни, экспертларимизни ҳисоб-китоби бўйича агар шундай ҳолат бўладиган бўлса, ишлаб юрганлардан 100 мингдан 200 минггача бўлган фуқароларимиз юртимизга қайтиши эҳтимоли бор. Чунки бу санкциялар 2-3 ой давом этмайди. Бу жараён жаҳон иқтисодиётида пандемиядан кейин нафақат МДҲ мамлакатлари, балки бутун жаҳон иқтисодиётининг силкинишига сабаб бўлган воқеа бўлиб, бу ҳолат қандайдир охири кўринмайдиган иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. 

РОССИЯДАН КЕЛИШИ КУТИЛАЁТГАНГАНЛАРНИ БАНД ҚИЛИШГА ТАЙЁРМИЗМИ?

— Меҳнат мигрантларининг Ўзбекистонга келиши фуқароларимиз учун жуда катта муаммо туғдирмайди, чунки биз пандемия вақтида катта синовдан ўтдик ва яхшигина тажрибага эга бўлдик. Чунки пандемия вақтида бутун дунё иқтисодиёти маълум бир вақт фалаж ҳолатга тушди. Бу ҳолат бутун дунё мамлакатлари қатори мамлакатимизда ҳам аҳолимизнинг катта қисмини вақтинча ишсиз бўлишига олиб келди. Бу ҳолат пандемия даврида амалиётда бошимиздан ўтди ва вақтинча ишсиз бўлган фуқароларимизни иш билан банд қилиш, иш билан таъминлаш масалалари бўйича анча тажрибалар орттирдик.

Бундан ташқари, жорий йилнинг бошидан ҳар бир маҳаллага ҳоким ёрдамчиларининг жорий қилингани Россиядан келиши кутилаётган фуқароларимизнинг бандлигини таъминлашда муҳим воситалардан бири бўлади. Масаланинг яна бир жиҳати бор: маълумотларга кўра, ҳар йили баҳордан куз ойигача Ўзбекистондан 200-300 мингга яқин фуқароларимиз қўшни мамлакатларга, жумладан, Россия ва Қозоғистонга вақтинчалик мавсумий ишларга бориб келиши кузатилади. Ана шундай мавсумий иш учун бориб келадиганларнинг аксарияти бугунги вазиятда юртимизда қолиб ишлашни афзал кўряпти. Бу бўйича мамлакатимизда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва бошқа ваколатли давлат органлари билан биргаликда, мамлакатимизда қўшимча иш ўринларини яратиш, уларни вақтинча ишсиз бўлиб қолмаслик учун бор имкониятидан келиб чиқиб, банд қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда, – дейди  Н.РАСУЛОВ.

Барно МАДАЛИЕВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1