1

Президент Шавкат Мирзиёев нақд ва нақдсиз ҳисоб-китоблардаги тафовутлар муаммоси юзасидан аниқ таклиф кутмоқда

ЖАМИЯТ 17.01.2017, 11:44
Президент Шавкат Мирзиёев нақд ва нақдсиз ҳисоб-китоблардаги тафовутлар муаммоси юзасидан аниқ таклиф кутмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида Молия вазирлиги, унинг таркибий тузилмалари ва аппаратининг иш юритиш шакли ва усулларига алоҳида эътибор қаратди. 

Президент ҳукуматнинг аксарият топшириқлари белгиланган муддатларни қўпол равишда бузган ҳолда бажарилмоқда, иш сифати ҳам аксарият ҳолатларда оқсамоқда, дея қайд этди. 

Шунга қарамасдан, бу тузилмалар раҳбарларининг ўзига бўлган ишончи осмон қадар баланд. 

Нима учун бошқа идоралар раҳбарлари давлатнинг аниқ муаммоларини ҳал этиш бўйича малакали тавсия олиш ўрнига, доимо қоғозбозлик ва сансалорлик ҳолатлари, шунингдек, айрим вазир ўринбосарларининг баланд димоғлиги ва қайсарлиги билан тўқнашиши керак? 

Ниҳоят, нима сабабдан баъзан инсон қадр-қиммати ерга урилади, бунга ким ҳуқуқ берган?! Нима учун Бош вазир ўринбосари ёки ҳукумат аъзоси қабулхонада соатлаб кутиб ўтириши керак? Нима учун Вазирлар Маҳкамасининг тармоқ департаменти мудири жиддий масалалар бўйича юзаки презентация ўтказилишини кунлаб ва ҳафталаб кутади, кейин эса ҳужжат қайта ишлашга қайтарилади? Ва нима сабабдан бу жараёнларнинг барчасини штатдаги ёрдамчи эмас, балки чаласавод ва беандиша қабулхона инспектори белгилайди?

Ўйлайманки, ана шу оддий бўлмаган ва муҳим саволларга аниқ ва равшан жавоб топиш вақти келди. Шу муносабат билан Бош вазир А.Ариповга ва янги вазир Б.Хўжаевга бир ой муддатда Молия вазирлигининг ташкилий тузилмаси, унинг вазифа ва функцияларини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича аниқ таклифлар киритиш топширилади. 

Кадрлар билан ишлаш ҳолатини ҳам танқидий таҳлил қилиш зарур. Ўйлайманки, молия органларининг бутун тизимидаги раҳбар ва ходимларни аттестациядан ўтказиш керак.  

Ҳақиқий факт шундан иборатки, агар Р.Азимовда ана шу жиддий камчилик ва муаммоларни кўриш хоҳиши бўлганида, уларни кескин бартараф этиш бўйича у зарур ташаббус кўрсатганида, биз бугун иқтисодий ва молиявий соҳаларда бундан ҳам юқорироқ натижаларга эришган бўлар эдик. 

Такрор айтаман, фақатгина «ғалаба рапортлари» билан, шунингдек, муаммоларга умуман алоқаси йўқ, ўз орзу-истагидаги мавҳум нарсаларни ҳақиқат деб кўрсатадиган шахслар томонидан тайёрланган ахборотномалар билан чекланиб қолиш мумкин эмас. 

Ҳақиқат эса хизмат вазифангизга кўра сиз шахсан жавоб берадиган қуйидаги жиддий муаммоларда ўз аксини топган. 

Биринчи – иқтисодиёт ўсишининг юқори суръатлари ва инвестиция ресурсларига ўсиб бораётган талабни қаноатлантириш бир-бирига мувофиқ эмас. 

Иккинчи – нақд ва нақдсиз шаклдаги ҳисоб-китобларда фарқ мавжудлиги. 

Учинчи – ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни молиялаштириш учун маҳаллий бюджетларнинг маблағлари етарли эмаслиги. Сиз бу очиқ-ойдин фактларни инкор қилмайсиз, деб ўйлайман. Сиздан реал таклифларни кутаман.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1