1

Уруш фахрийси китоб ёзмоқчи

ЖАМИЯТ 17.04.2018, 21:23
Уруш фахрийси китоб ёзмоқчи

Пастдарғомлик Шаққос Ҳасановни Самарқандда кўпчилик пиру бадавлат отахон сифатида танийди, ҳурмат қилади. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, ҳаётини ёш авлодга таълим-тарбия беришга бағишланган бу отахон 96 ёшда ҳам фарзанду набираларига бош бўлиб, ёшларга тажрибаларини ўргатиб келмоқда, деб ёзади ЎзА.

– Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб, деган гап бор халқимизда, – дейди Шаққос бобо. – Биз тенги авлоднинг бошимиздан не-не савдолар ўтмади, дейсиз. Мана, бугун бахтли болалик деган гаплар пайдо бўлди. Бизнинг болалик чоғимиз турмуш машаққатлари, очарчилик, оғир меҳнат билан ўтган. Далада туғилиб, далада ўсганмиз. Энди вояга етдик деганимизда, пешонамизда бор экан, уруш кўрдик. Юртимиздан олисларда қон кечиб, жангларда иштирок этдик. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган азоб-уқубатларни кўрдик. Ризқимиз узилмаган экан, кўпчилик бўлиб кетиб, камчилик қайтиб келдик. Урушдан кейинги ҳаётимиз ҳам осон кечмади. Шу тарзда ҳаётнинг ўзи тарбиялаб, йўлга солди бизни...

Шаққос Ҳасанов урушдан кейин Пастдарғом туманидаги мактабларда ўқитувчилик қилди. Мактаб директори бўлди, жамоа хўжалигида ишлади. Ҳалол меҳнати, ташаббускорлиги билан эл ўртасида ҳурмат-эътибор қозонди. Оиласи нафақат Манғитобод маҳалласида, балки тумандаги намунали хонадонлардан ҳисобланади. Бугун Шаққос бобонинг фарзандлари ҳам пенсия ёшига етиб, нуронийлар қаторига кирган, невара-чевараларининг ҳисобидан баъзан адашиб ҳам кетади.

– Яратганга шукр, ўзим ҳам бобоман, набираларим бир этак, – дейди отахоннинг фарзанди Абдухолиқ ака. – Лекин ҳали ҳам бирор иш ёки маърака масаласида отамдан маслаҳат сўрайман, бирор жойга борадиган бўлсам, дуоларини олиб, йўлга чиқаман. Яқинда ёнларига чақириб, қўлимга беш-олти дафтар тутқаздилар. Варақлаб кўрдим – мақоллар, ҳикматли сўзлар, ўзлари кўрган, эшитган воқеа-ҳодисаларни ёзган эканлар. “Мана шуни битта китоб қилмоқчиман, нашриётга борайлик”, дедилар. Ўзим олиб бориб кўрсатаман, дейишимга қарамай ўзим тушунтиришим керак, деб туриб олдилар. “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлимига бирга бориб, дафтарларни кўрсатдик, китоб қилишга ёрдам беришларини айтишди.

Отахоннинг қўлёзмаларини варақлаймиз. “Билим – олтиндан қиммат, қиличдан кескир”, “Дўсти бўлмаган одам мевасиз дарахтга ўхшайди”, “Тиши чиққан болага чайнаб берган нон татимас”, “Кўнгил кўнгилга тўғри келса, икки тош орасида бўлса ҳам топишади”, “Экиш вақтида ухлаб қолган деҳқоннинг йиғиш вақтида кўзи қон бўлади”, “Ер ковлаган ош ейди, гап ковлаган тош”...

– Бу гаплар умрим давомида кўрган-кечирганларим хулосаси, – дейди Шаққос бобо. – Айтдимку, ҳаётнинг ўзи мураббий, ҳар қандай инсонни тарбиялаб, йўлга солади. Лекин буни ўз вақтида англасак яхши, кеч қолсак, ёшликни, унинг ғанимат дамларини бой бериб қўямиз. Бошимиз деворга урилмаслиги учун унинг чорасини кўриш лозим. Бунинг чораси эса илм-ҳунар эгаллаш, тўғри ва ҳалол яшаш. Бировнинг ҳақига хиёнат қилмаган, борига сабр қилиб яшаган, роҳатни меҳнатда деб билган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди.

Отахон билан бу суҳбатимиз у киши бир неча кун олдин Самарқанд шаҳрига келганда бўлганди. Куни кеча Президентимизнинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги фармони ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш бўйича қарори эълон қилингач, Абдухолиқ акага қўнғироқ қилиб, Шаққос бобога бу ҳақда айтдик.

– Ҳозиргина телевизорда ҳам эшиттиришди, – деди отахон. – Бошим кўкка етди. Президентимизни дуо қилиб ўтирибман. Ўтган йил Тошкентда бўлган байрам тадбирига бориб, у киши билан кўришгандим. Бир йилдирки, ўша учрашувлар завқи билан яшаяман. Худога шукр, бу йилги байрамларга ҳам эсон-омон етказди. Насиб этса, албатта, Самарқандга, пойтахтга бориб қуролдош дўстларим билан кўришаман.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1