1

Президент ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилади

СИЁСАТ 05.05.2018, 09:15
Президент ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилади

Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилмоқда.

Маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари этиб:

- давлатнинг ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий, демократик ҳамда очиқ-ошкора майдон сифатида уларнинг юқори даражадаги тизимли ва самарали мулоқотини йўлга қўйиш;

- ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини аниқлаш ва миллий моделини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

- фуқаролик жамиятини ва кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек мазкур секторнинг ҳолати ва ривожланиш тенденцияси ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентини мунтазам равишда хабардор қилиш;

- давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлигининг замонавий механизмларини, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чораларини жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

- илмий ва экспертлар гуруҳлари иштирокида фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни ташкил этиш юзасидан ташаббус кўрсатиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли равишда ўрганиш, умумлаштириш ва таҳлил қилишни ташкил этиш;

- фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, мазкур институтларнинг жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритиш;

- фуқаролик жамиятининг ривожланишини, фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги даражасини, шунингдек уларнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи кўрсаткичларни ишлаб чиқиш, бу кўрсаткичлар асосида даврий ва махсус, шу жумладан муқобил маърузалар тайёрланишини ташкил этиш;

- фуқаролик жамияти институтларига уларнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантиришда, илғор халқаро тажрибани ўрганишда ва ушбу тажрибани Ўзбекистон шароитида жорий этишда кўмаклашиш белгиланди.

Маслаҳат кенгаши фаолияти бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мувофиқлаштирилади.

Маслаҳат кенгаши фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан амалга оширилади.

2018 йил 1 июндан бошлаб:

рўйхатдан ўтказувчи орган билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг тадбирларини келишиш тартиби режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш тартиби билан алмаштирилади;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳисобварақларига чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан уларнинг уставларида (низомларида) назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун келиб тушган пул маблағларидан ва мол-мулкдан уларни олиш рўйхатдан ўтказувчи орган билан белгиланган тартибда келишилгандан сўнг бирон-бир тўсиқларсиз фойдаланилади;

Ўзбекистон Республикасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ажратилган грант маблағлари мазкур ташкилотларнинг мамлакатдаги исталган банк муассасаларида очилган махсус ҳисобварақларига келиб тушади;

меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган келиб тушган маблағлар ҳисобидан шакллантирувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади;

жамоат фонди маъмурий харажатларининг, шунингдек васийлик кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларига бериладиган мукофот пули тўловларининг ва улар ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ харажатлар компенсациясининг йиллик умумий суммаси фонднинг барча харажатлари суммасининг 30 фоизидан ошмаслиги керак;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг пенсионер ходимларига пенсия уларнинг мазкур ташкилотлардаги фаолияти ягона иш жойи бўлган тақдирда, тўлиқ тўланади.

Шунингдек Фармон билан 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда:

- нодавлат нотижорат ташкилотларини ва уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказишга, қайта рўйхатдан ўтказишга;

- нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилишга;

- нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўз фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботларига;

- нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишишга доир ҳужжатларни электрон тарзда тақдим этиш имкониятини таъминловчи электрон тизимни ишлаб чиқилиб, жорий этилиши белгиланди.

Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мониторинг қилиш ва ўрганиш турлари, муддатлари, даврийлиги ва бошқа тартиб-таомилларини назарда тутувчи тартибни ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига тақдим этиладиган ҳисобот шаклларини ҳамда уни тақдим этиш тартибини соддалаштириш белгиланди.

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан келишиш тартиби ўрнатилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳудудий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, бўшаб ётган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”ни ташкил этилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ундирувларни қайта кўриб чиқилади ва сезиларли даражада қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида волонтерлар (кўнгиллилар) ҳаракатини ривожлантириш бўйича қонун ҳужжати лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Манфаатдор вазирлик ва идораларда раҳбар ўринбосарларидан бири нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича масъул этиб белгиланадиган бўлди.

Мамлакатда нодавлат нотижорат секторини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган жамоат тузилмалари вакилларига ҳамда ташаббускор фуқароларга фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга катта таъсир кўрсатган ишлари ва ютуқлари учун топшириладиган “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1