1

Эксперт 5000 минг нафар беморга ёрдам бериш учун банк ташкил этишни таклиф қилмоқда

ЖАМИЯТ 29.01.2020, 18:20
Теглар: кўз, банк, инновация
Эксперт 5000 минг нафар беморга ёрдам бериш учун банк ташкил этишни таклиф қилмоқда

Инновацион Ривожланиш вазирлиги кўмаги асосида Доктор Мақсудова клиникасида 27-28 январь кунлари АҚШнинг Флорида штати Тампа шаҳрида жойлашган Lions Eye Institute for transplant and Research клиникасининг кўз микрожарроҳларини жалб этган ҳолда маҳорат дарслари ўтказилди. Бу ҳақда "Даракчи"га Инновация вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Маҳорат дарси давомида мутахассислар кўз шоҳ парда касаллиги билан узоқ йиллардан бери хасталаниб келаётган 25 нафар ҳамюртимиз учун бепул маслаҳат куни ташкил қилинди. Шунингек 4 нафар беморда ноёб микрожарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бундан ташқари 4 нафар маҳаллий кўзжарроҳлари ўқитилиб, махсус сертификат топширилди.

Тадбир давомида мутахассислар юртимизда кўз микрожарроҳлиги ва унинг истиқболлари хусусидаги  фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Эркин Абдуллаев, Lions Eye Institute for transplant and Research шифохонасининг клиник ва инновацион ривожланиш бўйича бошқарувчиси:

"Мен 1993 йилгача академик В. Воҳидов номидаги Жарроҳлик илмий марказида кардиожарроҳ сифатида фаолият юритганман. АҚШда эса кўз шоҳ пардаси трансплантацияси соҳасида ишлай бошладим. Ана ўшанда бу соҳа нима учун океан ортида яхши ривожланган-у, бизда эса бу масалада кўп муаммоларимиз борлиги ҳақида кўп ўйладим. 1999 йилдан эса махсус дастур бўйича донорлик кўз шоҳ пардалари Америкадан юртимизга жўнтилишини йўлга қўйдик. Кўз шоҳ пардаси шикастланган беморлар оғир касалликка чалинглар гуруҳига киради. Уларни фақатгина кўз шоҳ пардасини трансплантация қилиш билангина даволаш мумкин. Бунда уларнинг шикастланган кўз шоҳ пардаси соғлом кўз шоҳ пардаси билан алмаштирилади. Шоҳ парда бу кўзнинг ойнасидек гап. 

Ўзбекистондан “Кўз банки” бўлмагани сабабли ҳозирга қадар донорлик материалларини хориждан сотиб олишга тўғри келмоқда. Босқичма-босқич хорижлик кўз жарроҳлари Ўзбекистонга келиб, маҳаллий жарроҳларни трансплантациянинг янги усуллари билан таништирмоқда. Сўнгии беш йилда республика бўйича бу йўналишда 108 та жарроҳлик амалиёти бажарилган. Ўзбекистонда йилига 1000 нафар бемор шундай операцияларга муҳтож.  

Кўз шоҳ пардаси донорлигининг ҳуқуқий жиҳатлари муҳим аҳамият касб этади. Одам тирик пайтида кўз шоҳ пардасини олинишига ёки вафот этганидан сўнг унинг қариндошларидан донорликка рухсат олиниши тартиби ишлаб чиқилиши зарур. Бунда вафот этган донорнинг айрим касалликлар билан оғримагани ҳисобга олиниши керак. Масалан, донорда сепсис ёки бошқа кўз касалликлари бўлмаслиги шарт. Кўз шоҳ пардасида қон томирлари ўтмагани боис беморнинг қон гуруҳи аҳамиятга эга бўлмайди. Одатда бундай операциялар ҳамиша муваффақиятли ўтади. 

АҚШда мазкур жарроҳлик амалиётининг муваффақиятлилик даражаси 99,9 фоизни ташкил этади. Донорлик бўйича қонун Ўзбекистонда ишлаб чиқилган, энди тасдиқланиш арафасида. Бу ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланса, Ўзбекистонда минглаб одамлар учун мазкур жарроҳлик амалиёти бир неча баробарга арзонлашади. 

Кўз шоҳ пардасининг донори бўлишга одам тириклик даврида ёки ўлганидан сўнг қариндошлари томонидан розилик билдириши хорижий давлатларда бепулга амалга оширилади. Шоҳ парда инсон вафотидан сўнг қанча тез олинса шунча яхши — 24 соатгача олиш тавсия этилади. Кўз шоҳ пардани олинганидан сўнг у  минерал ва антибиотик воситалари билан бойитилган эритмага жойланади. 

Зулфия Мақсудова, ДМС клиникаси раҳбари: 

"Ҳозирги кунда кўз шоҳ пардаси трансплантацияси бўйича амалга ошириладиган жарроҳлик амалиётининг нархи 20-25 миллион сўмни ташкил этади. Агар биз Ўзбекистонда “Кўз банк”ини ташкил этсак, у ҳолда бу операциянинг нархи бир неча бараварга арзонлашади. Ваҳоланки, ҳозирда бизнинг клиникамизда шундай турдаги жарроҳлик амалиёти бошқа шифохоналарга нисбатан 40 фоизга арзонроқ амалга оширилмоқда. Бунинг учун бизга ҳуқуқий-меъёрий қонунларни қабул қилишимизнинг ўзи кифоя. Негаки клиника техник жиҳатдан бундай операцияларни амалга оширишга тайёр, жарроҳларимизнинг ҳам тажрибалари етарли".

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1