1

Ноҳақ қамалишнинг айбдори ким: прокуратурами ёки суд?

ЖАМИЯТ 31.01.2020, 16:26
Ноҳақ қамалишнинг айбдори ким: прокуратурами ёки суд?

Статистик маълумотларга эътибор берадиган бўлсак, 2016 йилгача судларда оқлов ҳукми чиқариш амалиёти деярли бўлмаган. 1991-2016 йилгача 1 нафар, 2016 да 6 нафар, кейинги уч йилда эса 1 минг 705 нафар инсон оқланган (2017 йил 263 нафар, 2018 йил 867 нафар). 2019 йилнинг 9 ойи мобайнида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 576 нафар шахс оқланган ва реабилитация қилинган. "Даракчи" газетасида 2019 йил давомида 9 та фуқаро оқлови чоп этилган. Ким учундир бу оддий рақамлар бўлиши мумкиндир. Бироқ мазкур рақамлар ортида бегуноҳ инсонларнинг ортга қайтарилмас умри турганини унутмаслик керак. Оқлов ҳукми чиқарилиши, унга қадар бўладиган жараёнлар борасидаги саволларимизга жавоб олиш мақсадида Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Шаҳбоз АБДИЕВга мурожаат қилдик...

— Оқлов ҳукми айбловлар бекор қилинишига қандай эришилади?

— Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 462-моддасига мувофиқ, суд айблов ёки оқлов ҳукми чиқариши мумкин. Дастлабки тергов органи томонидан шахсга қўйилган айблов биринчи инстанция судида кўриб чиқиб муҳокама қилинади. ЖПКнинг 464-моддасига кўра, суд ишни кўриш давомида жиноий ҳодиса юз бермаганлиги, судланувчи содир этган қилмишда жиноят таркиби йўқлигини ёки жиноят содир этилишга судланувчи дахлдор эмаслигини аниқлаган тақдирда иш бўйича оқлов ҳукми чиқаради. ЖПКнинг 478-моддасига асосан судланувчи ёки унинг ҳимоячиси биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган айблов ҳукми устидан вилояти ва уларга тенглаштирилган судларнинг апелляция инстанциясига, қонуний кучга кирган айблов ҳукми устидан вилоят ва уларга тенглаштирилган судларнинг кассация инстанциясига ҳамда апелляция ва кассация тартибида шикоят қилишлари мумкин.

Юқори инстанция суди жиноят ишини кўриб чиқиб, судланувчининг жиноят содир этишда айби йўқлиги ёки содир этилган жиноятга дахли йўқлиги аниқланган тақдирда, биринчи инстанция судининг айблов ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқариши мумкин.

— Ўзбекистон Республикаси Олий суди 2019 йил 2 августда ўтказган матбуот анжуманида 3,5 мингдан зиёд шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташлангани ёки қайта малакалангани ҳақида маълум қилинганди. Бу кичик кўрсатгич эмас. Айб­ловни чиқаришда дастлабки тергов органлари қандай хатоликларга йўл қўйган? Бир инсонни ноҳақ қамалишида аслида прокуратура органининг “хизмати” каттами ё суд тизимининг?

— Конституциянинг 26-моддаси ва ЖПКнинг 23-моддасига кўра, шахснинг айби қонуний кучга кирган суд ҳукми билан исботлангунга қадар у айбсиз ҳисобланади. Шу сабабли, дастлабки тергов органи томонидан шахсга айблов эълон қилиниши уни жиноят содир этишда айбдор деб топилганлигини англатмайди.

Суд жиноят ишини муҳокама қилиб, судланувчига ортиқча айблов қўйилганлиги ҳақида хулосага келса, ЖПКнинг 415-моддасига асосан айбловни ўзгартириши, яъни айбловнинг бирқисми ёки жиноятнинг тавсифий аломатларини чиқариб ташлаши мумкинлиги кўрсатилган.

Жиноят ишини судда кўриш давомида амалдаги қонун ўзгариши ёки дастлабки тергов органига маълум бўлмаган янги далиллар аниқланиши мумкин бўлиб, бу айни пайтда судланувчига қўйилган айбловни ўзгартириш заруриятини туғдиради. Шахсни жиноят содир этганликда суд айбдор деб топади ва унга жазо суд ҳукми билан тайинланади.

— Минглаб одамларнинг асоссиз қамалиши айнан тергов органлари соҳасида илдиз отган коррупциянинг оқибати эмасми? Айни шу ҳолат бўйича қанча тергов органи ходими жавобгарликка тор-тилган?

— Жорий йилнинг 9 ойи давомида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ва уни қуйи тизимларидаги ходимлар жиноий жавобгарликка тортилмаган. 

— Таҳририятимизга келаётган мурожаатларнинг асосий қисмида одамларнинг адолатли терговга ишончи сўнганини кўриш мумкин. Шу маънода, 2017 йил 10 апрелда Президентнинг “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора­ тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ шу вақтга қадар вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, тергов ҳибсхоналарига қанча видеокузатув воситалари ўрнатилди? Яъни, фармондаги кўрсатма неча фоиз амалга оширилди?

— Президентимизнинг 2017 йил 10 апрелдаги юқорида таъкидланган Фармонига мувофиқ

► 106 та вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига 1814 та,

► 12 та тергов ҳибсхонала- рига 123 та,

► 12 та реабилитация мар- казларига 283 та,

► 5 та махсус қабулхоналар- га 25 та энг сўнгги замонавий видеокузатув воситалари ўрнатилган.

Шунингдек, кузатувни амалга ошириш ва маълумотларни қайд этиш учун 149 та мониторинг ва 132 та серверлар ўрнатилиб,тўлиқ фойдаланишга топширилган.

“ХАТОЛИКЛАРГА ЙЎЛ ҚЎЙГАН СУДЬЯЛАРГА КЕСКИН ЧОРАЛАР КЎРИЛМОҚДА”

        Оқлов бу — шахс тергов органлари томонидан нотўғри айбланган шахсларни суд томонидан айбсиз деб топилиши ёки кейинчалик қуйи судлар томонидан ҳам нотўғри айблов ҳукмлари чиқарилгани юқори судларда аниқланган ҳолатларда қабул қилинадиган қарор. Шу маънода, оқлов борасидаги кўпчиликни қийнаган қатор саволларга Олий суд судьяси Комилиддин Толлибоевдан жавоб олишга уриндик...

— Шуни назарда тутиш лозимки, барча судланганлар оқланиши лозим дейилиши нотўғри тушунча бўлади. Чунки дастлабки тергов ва судда айби исботланган барча шахс Жиноят кодекснинг 16-моддасида белгиланган жиноят учун жавобгарлик принципига асосан айбдор деб топилади ва унга тегишли жазо чораси қўлланади. Агар шахснинг айбсизлиги исботланса, ишни биринчи босқичда кўриб чиқилишида ҳам унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилишига асос бўлади.

Бироқ, биринчи босқич судида айбдор деб топилган шахс қонунда белгиланган тартибда апелляция ёки кассация тартибида суд ҳукми устидан шикоят беришга ҳақли.

Апелляция ёки кассация инстанцияси шикоятни кўриб чиқиб, биринчи босқич суди тўғри қарор қабул қилганлиги ёки уни ўзгартириш лозимлиги ёхуд ҳукмни бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқариш тўғрисидаги қарорлардан бирини қабул қилади.

Шунингдек, иш юқори инстанция судида кўрилганидан сўнг ҳам норози бўлса, биринчи босқич, апелляция ёки кассация инстанциялари қарорлари устидан Олий судга назорат тартибида шикоят қилишга ҳақли. Ушбу шикоят ҳам тегишли тартибда кўриб чиқилиб, судлар тўғри қарор қабул қилгани ёки уни ўзгартириш лозимлиги ёхуд суд қарорларини бекор қилиб, шахсни оқлов тўғрисидаги қарорлардан бирини қабул қилиши мумкин.

— "Даракчи" газетасининг 5 декабрда сотувга чиққан 49 ­сонида 25 йилдан кейин оқланган ўқитувчининг оқлови чоп этилган. Мазкур ишни кўрган суд раисининг изоҳига кўра, суд ўқитувчининг асоссиз равишда айбланаётгани ҳақидаги важларини атрофлича текширмаган ва ишга ҳуқуқий баҳо бермаган. У 2 йил жазо муддатини ўтиб, 25 йилдан сўнггина оқланган. Шу маънода, судьянинг нохолис ёндашув билан чиқарган ҳукмлари мониторинг қилинадими?

— Конституциямизнинг 11-моддасига мувофиқ давлат ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципига асосланади. Давлатнинг асосий Қонуни суд ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритишини эълон қилди. Фақат мустақил суд ҳокимияти ҳар бир фуқаронинг ваколатли ва холис судда ишни ошкора кўриш орқали ўзининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиши мумкинлигига кафолат бўлиб хизмат қилади. 

Мустақил ва холис судни талаб қилиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи. Бу ҳуқуқ Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 10-моддаси ва Ўзбекистон Республикасиқўшилган бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида мустаҳкамланган. Конституциямизнинг114-моддасига мувофиқ суд ҳокимияти ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий. Суд ҳокимияти ҳужжатларини бажармаслик ёки тегишлича бажармаслик Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ жавобгарликни юзага келтиради. Шу  боис судлар томонидан чиқарилган ҳукмларнинг мониторинг қилиниши қонунга зид ҳисобланади. Айтиш жоизки, Президентимизнинг 2019 йил 2 ноябрдаги “Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, аризачиларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган муносабатлардан келиб чиқадиган талабларини қаноатлантириш (қаноатлантиришни рад этиш) тўғрисидаги қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари сони ва уларни қабул қилиш, асосларни таҳлил қилиш якунлари бўйича белгиланиши кўрсатилган. Судлар томонидан чиқарилган ҳукмларнинг сони, тури ва бошқа статистик маълумотлар тегишли тартибда мониторинг қилиб борилади. Аммо, суд ҳукмининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш Жиноят-процессуал кодексида (55-боб) белгиланган ҳолда фақат юқори турувчи судлар томонидан амалга оширилади.

— Айрим судьялар иш бўйича процессуал қонун талабларига амал қилмай, дастлабки тергов органининг айбловига кўр-­кўрона ёндашиб, хатоликка йўл қўйиши оқибатида бир инсоннинг “судланган”, деган тамға олиши ва умри хазон бўлишида бош “қаҳрамон”лардан бири бўляпти. Ана шундай судьяларга қандайдир чоралар кўриладими, уларнинг назорати кимнинг зиммасида?

— Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар), ҳарбий судлар юқори турувчи судларга фақат процессуал жиҳатдан бўйсунади. Барча даражадаги судлар судьялари тегишли суд раислари ва раис ўринбосарларига фақат ишни ташкил этиш масалалари бўйича бўйсунадилар. Қайд этилган мансабдор шахслар суд ишлари бўйича судьяларга йўлланма беришга, судьяларни интизомий тартибда жазолашга ҳақли эмаслар.

Судья фақат ўзи томонидан била туриб қонуннинг бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган масъулиятсизликка йўл қўйилган ҳолларда (интизомий ёки жиноий) жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ҳолатларга судьяларнинг малака ҳайъатлари баҳоберади. Мазкур қоида “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг73-моддасида ҳам белгиланган.

2000 йил 14 декабрдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Олий суд фуқаролик, жиноий,

иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланиши, Олий суд қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган бўлиб, қуйи судларнинг моддий процессуал қонун талабларига амал қилишлари бўйича бир қатор раҳбарий тушунтиришлар, Раёсат қарорлари, қўшма кўрсатмава буйруқлар қабул қилинган. Айни пайтда, одил судловни амалга оширишда хатолик­ ларга йўл қўйган судьяларга нисбатан кескин чоралар кўрилмоқда.

— Биринчи босқич судининг нотўғри ҳукмини 2­-инстанция суди кўр­-кўрона маъқуллаётгани ҳам сир эмас. Бу нохолис ёндашув эса йиллар ўтиб, оқлов ҳукмлари орқали фош бўлмоқда. Минглаб одамларнинг асоссиз қамалиши айнан суд органлари соҳасидаги коррупциянинг оқибати эмасми?

— Ҳақиқатдан ҳам аввал амалда бўлган Жиноят-процессуал кодекси нормаларига кўра, юқори инстанцияда ишларни кўришда фақат қисман суд тергови ўтказилиши назарда тутилган эди. Янги қабул қилинган қонунга мувофиқ апелляция ва кассация инстанцияларида ишни кўришда тўлиқ суд тергови ўтказилиши белгиланиб, биринчи босқич судлари томонидан қабул қилинган қарорларнинг юқори инстанцияларда кўр-кўрона маъқулланишига барҳам берилди. Эндиликда апелляция ва кассация инстанцияларида ишлар ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқилиб, жиноят иши бўйича билдирилган ҳар бир важлар синчковлик билан тўлиқ текширилмоқда.

Одамларнинг асоссиз қамалиши айнан суд органлари соҳасидаги коррупциянинг оқибатида келиб чиққан, деб баҳоланиши нотўғри. Чунки жиноят ишлари юзасидан терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов даврида йўл қўйилган хатоларга эътибор қаратилмагани ёки судларнинг тўлақонли мустақил бўлмаганлиги оқибатида уларга нисбатан судлар томонидан айблов ҳукмлари чиқарилган. Ҳозирда шундай ишлар тўлиқ ўрганилиб, айбсиз ёки Жиноят-процессуал кодекси талабларига риоя этилмаган ҳолда айбланган шахслар оқланмоқда.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1