1

Президент пандемиянинг тўқимачилик саноатига таъсирини юмшатиш бўйича йиғилиш ўтказди

СИЁСАТ 23.04.2020, 20:57
Президент пандемиянинг тўқимачилик саноатига таъсирини юмшатиш бўйича йиғилиш ўтказди

Бугун, 23 апрель куни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев тўқимачилик саноати барқарорлигини таъминлаш, пандемиянинг соҳага таъсирини юмшатиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Президент матбуот хизмати хабар беришича, йиғилишда пандемия даврида тармоқни барқарор ишлатиш учун корхоналарни айланма маблағ билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилди.

Жорий йил 1 апрелга қадар сотилган пахта толасининг якуний тўлов муддатини 90 кундан 150 кунга узайтиришга кўрсатма берилди.

Келгуси 5 йилда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни 4-5 бараварга кўпайтириш, таннархни рақобатчиларга нисбатан арзонлаштириб, ташқи бозорларни эгаллаш бўйича топшириқлар берилди. 

Маълум қилинишича, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида тайёр маҳсулот экспорт қилувчи янги корхоналар учун технопарк ташкил этилади. Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан кредит линияси доирасида 300 миллион доллар маблағ ажратилади.

Йиғилишда, шунингдек, хомашё етиштириш ва ишлаб чиқариш занжирида таннархни камайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Мамлакатимизда йиллар давомида пахта толасининг ўзи экспорт қилингани учун унинг нархи Ливерпуль котировкасига боғланган эди. Аслида пахта толаси Нью-Йорк биржасида сотилади ва унинг нархи Ливерпулникидан 10 фоизга арзон юради. Бу тўқимачилик маҳсулотлари қиймати ошишига таъсир қилаётгани қайд этилиб, мутасаддиларга пахта толаси нархини халқаро биржа котировкасига ўтказиш юзасидан топшириқ берилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон тўқимачилик саноатида 2 мингдан зиёд корхона фаолият юритмоқда, уларда 365 минг нафар аҳоли ишлайди. Соҳанинг экспорт салоҳияти сўнгги 3 йилда 2 баравар ошди. Ўтган йили бу борадаги кўрсаткич 1,6 миллиард долларни ташкил этди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1