my5

Пластик жарроҳликнинг “плюс-минус”лари ҳақида

СУҒДИЁНА 08.12.2015, 14:34
27900
Пластик жарроҳликнинг “плюс-минус”лари ҳақида

Илгари Голливуд юлдузлариники каби кўз-қовоқлару, чиройли қоматни фақат хаёл қилган бўлсак, бугун улар оддий турмуш тарзимизга айланган. Ҳатто «кўзини торттирибди, лабини шиширибди» деган сўзлар билан  кимни ҳайрон қолдиролмайсиз. Хўш, қисқа фурсат давомида «ёшартираётган» амалиётларга бугун талаб қандай? «Об-ҳаво»си-чи ҳамёнга оғирлик қилмаяптими?

Пластик жарроҳ, тиббиёт фанлари номзоди Ҳамидулла АСАДОВ:

  • Бугунги кунда икки йўналиш бўйича пластик жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Булар — пластик реконструктив ҳамда эстетик пластик жарроҳликдир. Пластик реконструктив жарроҳлик – туғма нуқсонлар, танадаги турли хил аномалиялар, орттирилган жароҳатлар, тери куйишларидан кейинги ўзгаришларни бартараф этиш мақсадида ўтказиладиган амалиёт ҳисобланади.

Вақт ўтгани сайин инсон организми, хусусан, тери қатламида ёшга доир ўзгаришлар содир бўлади. Буни бартараф этиш, яъни қариш жараёни ташқи кўринишда акс этишининг олдини олишда эстетик пластик жарроҳлик услуби қўлланади.

Мамлакатимизда энг кўп мурожаат этиладиган пластик жарроҳлик турлари липосакция, блефаропластика ва қорин пластикаси ҳисобланади. Муолажа борасида ёш чекловлари йўқ. Ўрта ёшли аёллардан турмушга чиқмаган қизларгача ушбу амалиётларга мурожаат этишади.

Маҳбуба МАМАНОВА, шифокор-косметолог:

  • Илгари лаб коррекцияси учун бир марталик муолажалардан фойдаланшишган. Бунда қўлланиладиган иньекция таркиби силикон ва акрил гелларидан иборат бўлиб, нахри жуда арзон эди. Қолаверса, инсон организми учун зарари ҳам бор. Бугун лаб шаклини ўзгартириш бўйича бажарилаётган амалиётларда гиалурон кислотаси ёхуд гиалурон+ёғ усули бажарилмоқда. Бу мутлақо хавфсиз амалиёт ҳисобланади.

Абдоминопластика – қориндаги ёғлардан ҳалос бўлиш

Мазкур амалиёт жараёнида териости ёғ қавати ва ортиқча тери қатлами олиб ташланади. Операциядан сўнг 2 ҳафта давомида оғир меҳнат фаолияти билан шуғулланмаслик, парҳез тутиш тавсия этилади.

Муолажа натижаси бир умрлик!

Пойтахт клиникаларидаги ўртача нархи – 3,5 млн.дан 6 млн. сўмгача.

Қош-қовоқни «торттириш»

Бу амалиёт натижасида қовоқлардаги шишларни кетказиш, кўз ости қопчаларини бартараф этиш ва кўз атрофидаги терини таранглаштириш (майда ажинларни йўқотиш)га эришиш мумкин.

Пойтахт клиникаларидаги ўртача нархи – 1.2-2 млн.сўмгача. 

Липосакция

Бўйин ва энгак, бел, қорин, сон соҳаси, сут безлари ва тиззадаги ортиқча ёғ қатламларини липосакция усулида тузатиш мумкин. Мазкур амалиёт тананинг бир қанча соҳаларида мавжуд ташқи ўзгаришларни меъёрига келтириш учун бажарилади. Липосакция усулида муаммоли соҳадаги терининг ости ёғ қавати олиб ташланиб, теридаги «қават» ва буришишлар йўқ қилинади.

Пойтахт клиникаларидаги ўртача нархи –  муайян соҳа хажмига кўра 300-400 минг.сўм атрофида.

Кўкрак соҳасида ўтказиладиган амалиётлар

Пойтахтимиздаги мавжуд клиникаларда аввалдан кўкрак шакли икки хил бўлган ёки кўкрак тана тузилишига нисбатан кичик бўлганида уни катталаштириш амалиёти ўтказилади. Кўкракни катталаштириш амалиётида  ушбу аъзонинг пастки соҳасидан 3-5 см.лик кесим ҳосил қилиниб, сут безларига шикаст етказмаган ҳолда силикон имплант қўйилади. Имплант ҳомиладор бўлиш ва бола эмизишга мутлақо ҳалақит бермайди.

Пойтахт клиникаларидаги ўртача нархи – 2-3 млн.сўм атрофида.  

Юз терисининг «янги» ланиши

Ёшга доир ўзгаришлар, хусусан, юз териси ажинлари, тери  қаватининг қат-қат бўлиб қолиши, тана вазни ортиши ёхуд камайишида иккинчи энгак пайдо бўлиши каби ҳолатларда пластик жарроҳлик усулига мурожаат қилиш мумкин. Тери  қавати тортилиб, кесим чоклари қулоқ ортига яширилади. Амалиёт натижаси 1-1,5 ойдан сўнг сезила бошлайди.

Пойтахт клиникаларидаги ўртача нархи – муолажа турига кўра кичик амалиётлар 1.5-3 млн.сўм; катталари 3-5 млн.сўм атрофида.

Бурунни тўғирлаш

Бурун шаклини ўзгартириш, туғма нуқсонларни бартараф этиш ва нафас йўллари билан боғлиқ ўзгаришларни бартараф этиш ринопластика усулида бажарилади. Шунингдек, бурун дўнглиги, шакли қийшайиши, бурун ўлчамининг катта ё кичиклигини коррекция қилиш ҳам мазкур амалиёт сирасидандир.

Пойтахт клиникаларидаги ўртача нархи – 2-3 млн.сўм атрофида

БОТОКС

Оғриқсиз ва операциясиз бажариладиган амалиёт ҳисобланиб, юздаги мимик ажинларни йўқотиш учун қўлланади. Пешана, кўз ва бурун трофидаги майда мимик ажинлар мавжуд соҳага махсус ингичка игна ёрдамида ботулотоксин юборилади. Препарат теридаги зўриқишни бартараф этиб, мимик ажинларнинг ёзлиши ва текисланишини таъминлайди. Қўлтиқ ости терлашидаям қўлланилади.

Пойтахт клиникаларидаги ўртача нархи – 600 минг.сўмдан 1.5 млн. сўмгача.

Н.Илёсова тайёрлади

 

 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+34° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81