my5

Жаҳон банки Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини модернизация қилишга 500 млн доллар ажратади

ИҚТИСОДИЁТ 11.08.2020, 21:59
736
Жаҳон банки Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини модернизация қилишга 500 млн доллар ажратади

Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорининг қисқача мазмуни:

1. Жаҳон банкининг Директорлар кенгаши томонидан Ўзбекистонда “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини (кейинги ўринларда – Лойиҳа) молиялаштириш учун:

30 йил муддатга 10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 181 млн доллар миқдорида қарз;

Халқаро тараққиёт уюшмаси кўламини кенгайтириш дастурининг 100 млн доллар миқдоридаги кредити;

Халқаро тараққиёт уюшмасининг 5 йиллик имтиёзли давр билан 219 млн доллар миқдоридаги имтиёзли кредити ажратилмоқда.

Молия вазирлигига ажратиладиган маблағларни қайта кредитлаш битимларини имзолаш, зарур ҳолларда, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати берилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш, бошқариш ва ҳисоботини юритиш юклатилмоқда.  

Шу билан бирга, Бош вазир ўринбосари Ў.Барноев раҳбарлигида (Ж.Ходжаев – ўринбосар) Ишчи гуруҳи тасдиқланиб, унга Лойиҳа ижросини мувофиқлаштириш, жалб қилинаётган 500 млн доллар маблағ доирасидаги ҳар бир лойиҳани асослилиги ва мақсадга мувофиқлигини ўрганиш юклатилмоқда.

2. Лойиҳа доирасида молиялаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва “Даладан дастурхонгача” тамойили асосида маҳсулот етиштириш;

 экспортни рағбатлантириш, халқаро бозорларда рақобатбардош, экспортбоп юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини диверсификациялаш, соҳада давлат иштирокини камайтириш, кооперация тизимини ривожлантириш ҳамда соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш;

ер ва сув ресурслари, ўрмон фондидан оқилона фойдаланиш;

соҳага бошқарувнинг замонавий тизимларини жорий этиш, хизмат кўрсатиш сервисини такомиллаштириш;

қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматларининг ишлаб чиқариш билан интеграциялашган самарали тизимини яратиш;

 қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, статистик маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишнинг ишончли ва шаффоф усулларини жорий этиш.

Ҳисоб палатасига Лойиҳа доирасидаги маблағларнинг мақсадли ажратилиши, сарфланиши ва натижадорлиги устидан доимий назорат ўрнатиш ҳамда ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб бориш юклатилмоқда.

3. Қарор билан қуйидагилар:

“Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасининг техник-иқтисодий асоси ҳамда унинг асосий кўрсаткичлари;

“Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси бўйича Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси маблағларидан фойдаланиш схемаси;

“Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”;

“Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки қарзидан фойдаланиш ва уни қайтариш, комиссия ва фоиз тўловларини амалга ошириш жадвали;

“Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида Халқаро тараққиёт уюшмаси кредитидан фойдаланиш ва уни қайтариш, комиссия ва фоиз тўловларини амалга ошириш жадвали;

“Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида Халқаро тараққиёт уюшмаси имтиёзли кредитидан фойдаланиш ва уни қайтариш, комиссия ва фоиз тўловларини амалга ошириш жадвали;

2021-2025 йилларда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт ҳажмларининг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланмоқда.

4. Мазкур қарорни қабул қилиниши натижасида:

Республикадаги 80 фоиз фермерларнинг ўзаро келишув асосида кооперацияларга бирлашуви таъминланади.

12 мингта фермерлар томонидан замонавий энергия тежовчи технологиялар жорий қилинади.

10 минг гектар ер майдонларининг агротехнологик хариталари янгиланади, элита ва супер элита уруғ ва кўчатлар ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга оширилади.

Мева-сабзавотларнинг жами экин майдонларидаги улуши 20 фоиздан (776 минг га) 30 фоизга (1 млн га) ошади.

 Республикада 2 850 га кўргазмали замонавий интенсив боғлар, 27 та мева-сабзавотчилик кооперациялари ташкил этилади.

Лойиҳа доирасида кўрсатиладиган хизматлар орқали истеъмолчиларнинг 75 фоизи қамраб олинади.

 15 000 та янги иш ўринлари (аёллар учун 2 250 та) яратилади.

Республика ва барча вилоятларда “ягона дарча тамойили” асосида давлат-хусусий шериклик шартларида ташкил этиладиган Агрохизматлар марказлари (соҳадаги барча вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлимлари вакилларидан иборат) фаолияти йўлга қўйилади ҳамда 500 дан ортиқ хизматлар кўрсатилади.

 Бунда 40 дан ортиқ янги турдаги инновацион, жумладан геоахборот тизимлари, дрон хизматлари йўлга қўйилади, халқаро стандартлар, “Organic”, “Global G.A.P” ва “Halol” сертификатлари жорий этилади.

Қорақалпоғистон Республикасида 8 та, Андижонда 4 та, Бухорода 3 та, Жиззахда 2 та, Қашқадарёда 3 та, Наманганда 5 та, Навоийда 3 та, Самарқандда 5 та, Сирдарёда 4 та, Сурхондарёда 3 та, Тошкент вилоятида 3 та, Фарғонада 3 та, Хоразмда 4 та Элита уруғчилик хўжаликлари уруғларни саралаш, калибровка қилиш, дорилаш, қадоқлаш техникалари билан тўлиқ жиҳозланади ва уруғларни сақлаш бўйича замонавий омборхонага эга бўлади.

Натижада ишлаб чиқариш харажатлари 30-40 фоизга камаяди, ҳар бир экин тури навларининг авлоди бўйича сифатли уруғларни етиштириш миқдори 50 фоизга, уларнинг ҳосилдорлиги 100 фоизга ошади;

Бухорода 500 га, Андижонда 300 га, Жиззахда 250 га, Қашқадарёда 200 га, Наманганда 300 га, Самарқандда 300 га, Сурхондарёда 200 га, Тошкент вилоятида 500 га, Фарғонада 300 га, майдонда янги усулдаги замонавий интенсив боғлар яратилади.

Бухорода 200 минг тонна, Хоразмда 200 минг тонна бўлган агрологистика комплекслари барпо этилади.

Республика Ишчи гуруҳи (Қишлоқ хўжалиги вазири Ходжаев бошчилигида) томонидан ҳудудий ишчи гуруҳлари учун Тошкент давлат аграр университетида етти кунлик семинар ташкил этилиб, Унда ҳар бир вилоят кесимида қилинадиган ишларнинг мазмуни ва ишни ташкил этиш механизми тушунтириб берилади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+25° ясно
Валюта курси
10315.62
USD 20.29
12210.60
EUR 15.78
136.28
RUB -1.37