my5

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик фаолиятини бошлашга халақит бераётган муаммоларни ҳал этишга кўрсатма берди

ЖАМИЯТ 24.09.2020, 20:30
441
Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик фаолиятини бошлашга халақит бераётган муаммоларни ҳал этишга кўрсатма берди

Аввал хабар берилганидек, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 24 сентябрь куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Йиғилишда янги корхоналар ташкил этиш, борларини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди. 

Жорий йилнинг 8 ойида 60 мингдан зиёд янги кичик бизнес субъектлари фаолият бошлади. Уларнинг ҳар бири ўртача 38 миллион сўм солиқ тушумини таъминлаб, камида 2 тадан иш ўрни яратмоқда. Лекин 31 мингдан зиёд корхона фаолияти ҳалигача тикланмаган. Ўз бизнесини очиш ҳаракатидаги инсонлар ҳам жуда кўп.

Савдо-саноат палатаси раҳбарлари ва Бизнес-омбудсман жойларга чиқиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга халақит бераётган муаммоларни ҳал этиши, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиши кераклиги таъкидланди.

“Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш, банклар томонидан маблағ берилган, лекин хомашё, энергия ресурси ёки логистика каби сабабларга кўра тўхтаб қолган лойиҳаларни ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди.  

Тижорат банклари тадбиркорларнинг бизнесдаги натижаларига қараб уларга “имтиёзли хизматлар пакети”ни таклиф қилиши муҳимлиги айтилди.

Маълумки, кичик бизнес ва маҳаллий ресурс солиқлари тўлиқ ҳудудлар ихтиёрида қолдирилмоқда. Яъни, ҳудудларнинг бюджет барқарорлиги, ривожланиши тадбиркорлик фаолияти билан бевосита боғлиқ.

Масалан, Конимех туманида маҳаллий бюджетга солиқ тушумлари жорий йилнинг 8 ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 141 фоизга ошган. Пандемия даврида молиявий қийинчиликка дуч келган 20 та корхонага солиқ таътили берилиши натижасида 100 та иш ўрни сақлаб қолинган.

Давлат солиқ қўмитасига барча вилоятларда ишни шундай ташкил этиб, маҳаллий бюджетларни мустаҳкамлаш юзасидан кўрсатма берилди.

Йиғилишда бу йил кутилаётган бюджет тақчиллигини имкон қадар қисқартириш учун қўшимча тушумларни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини таҳлил қилиб, қўшимча даромадларни аниқлаш, бюджет ташкилотларининг пуллик хизматлардан даромадларини кўпайтириш ва бино-иншоотларидан самарали фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.

Охирги 4 йилда бизнесни ривожлантириш учун яратилган имкониятлар натижасида кўплаб кичик корхоналар фаолияти кенгайган. Давлатимиз раҳбари бундай интилишларни рағбатлантириш, корхоналарни йириклашишга ундайдиган қулай муҳит яратиш зарурлигини таъкидлади.

Шу мақсадда, тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзларни табақалаштириш керак. Ўрта бизнес тоифасига кириши мумкин бўлган корхонани аниқлаб, Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан мақсадли маблағлар ажратиш, маҳсулотини сертификатлаш, илм ва инновация харажатларини қисман қоплаб бериш каби чоралар орқали уларга кўмаклашиш муҳимлиги айтилди.

Видеоселектор йиғилишида сўзга чиққан ҳокимлар тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча захираларни ишга солишга доир режаларини баён қилди.

Мавзуга доир:

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+8° дымка
Валюта курси
10359.88
USD -11.88
12285.78
EUR 132.15
136.11
RUB 2.92