my5

Собиқ шифокорнинг биргина хатоси 3 ёшли қизчанинг ўлимига сабаб бўлди

ЖИНОЯТ 29.09.2020, 12:57
1678
Собиқ шифокорнинг биргина хатоси 3 ёшли қизчанинг ўлимига сабаб бўлди

Ким ҳам адашмайди, дейсиз. Ҳаттоки, инсон саломатлиги ва ҳаётига жавобгар касб эгалари — шифокорлар ҳам баъзида адашишига гувоҳ бўламиз. Аслида бу касб эгаларининг хато қилишга ҳаққи йўқ! Биргина нотўғри ташхис ёки муолажа билан беморнинг ҳаётига нуқта қўйиб қўйишлари ҳеч гапмас. Сўнгги пушаймон, бир умрлик виждон азоби ва тажрибасизлик, касбига совуққонликнинг қурбони бўлган беморнинг яқинлари ҳаётидаги бўшлиқ ўрнини эса ҳеч ким ва ҳеч нима тўлдира олмайди...

3 ёшли қизалоқнинг тана ҳарорати 37 С дан ошгани боис уйидагилари тез ёрдамга қўнғироқ қилишади. Янгиқўрғон туман тиббиёт бўлими ихтиёридаги қишлоқ оилавий поликлиникасининг 61 ёшли терапевти чақирув тушган хонадонга етиб боради. Шифокор боргунига қадар, бемор қизалоқнинг тана ҳарорати 36,9 С га тушиб бўлганди. Шунга қарамай, шифокор унга “Но-шпа” 0,5 мл., “Димедрол” 0,5 мл. ва 12 ёшгача бўлган болаларнинг мушак остига қўлланиши мумкин бўлмаган 2 фоизли “Лидокаин” 0,5 мл. эритмасидан фойдаланган ҳолда муолажа ўтказади. Ваҳоланки, беморнинг бувиси дори беришга-
нидан сўнг набирасининг тана ҳарорати пасайгани, унга укол қилиш шарт эмаслигини айтган. Шифокор “Уколдан сўнг кечаси безовталанмай, яхши ухлайди”, дея сўзида қатъий турган. Ҳатто беморнинг яқинлари шифокорга “Одатда 2 фоизли “Лидокаин” 0,5 мл. дорисини стоматологлар кучли оғриқни қолдириш мақсадида фойдаланишади-ку?! “Аналгин” ва “Димедрол”дан фойдалансангизчи?” ҳам дейишган. Бироқ шифокор ушбу дорилар уларда йўқлигини айтган. Шифокор хато устига яна бир хато қилади. Аниқроғи, муолажа таъсирини кутмай, хонадонни тарк этади. Оқибатда болада анафилактик шок ҳолати кузатилади. Натижада терапевт унинг ўлимига сабабчи бўлади. Қизиқ, шифокорнинг бу борадаги ҳақиқатлари қандай экан?

        "12 ЁШГА ТЎЛМАГАН БОЛАЛАРГА ФОЙДАЛАНИШ МУМКИН ЭМАСЛИГИНИ БИЛМАГАНДИМ"

Судда судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлган...

  — Беморнинг ҳарорати 36,9 С бўлгани сабабли, танасини қайнатиб совитилган сув билан артдим. Сўнг ҳақиқатдан ҳамширага “Но-шпа”, “Димедрол” ва “Лидокаин” эритмасини қизнинг ёнбошидан жўнатишга кўрсатма бердим. Чақирувлар кўп бўлгани боис беморнинг яқинларига “Агар яна безовталик сезилса чақиринглар”, дея хонадондан чиқиб кетдик. Орадан бироз вақт ўтиб, ўша уйга қайта чақирув бўлди. Борганимизда болани қўшнисининг машинасида шифохонага олиб бормоқчи бўлиб туришган экан. Улар гапимга кўра, болани уйга олиб киришди. Ҳамширага “Магния сульфат”, “Фиросемид”, “Преднизолон”, “Мезатон” уколларини беморнинг ёнбошидан жўнатишига кўрсатма бердим. Лекин қизалоқнинг соғлиғи яхшиланмагани учун уни тез ёрдам машинасига чиқариб, тилини шпатель ёрдамида босиб олиб кетдик. У ерда беморга “Магния сульфат”, “Преднизолон”, “Мезатон” уколларини ёнбошдан жўнатдик. Шунда ҳам ҳолати яхшиланмагани боис туман тиббиёт бўлимига олиб кетилди. Йўлда кетишаётганида беморда биологик ўлим ҳолати кузатилган. Шифохонага олиб киришганида шифокорлар болани вафот этганини айтишган. “Лидокаин” эритмасини 12 ёшга тўлмаган болаларга фойдаланиш мумкин эмаслигини билмагандим. “Гомк” ва “Сибазон” дорилари ёнимда бўлмагани сабабли оғриқсизлантириш мақсадида “Лидокаин” дорисидан фойдалангандим. Аслида тана ҳароратини укол қилмай ҳам тушириш имконияти бор эди. Совуққонлигим учун ушбу ҳолат юз берди. Марҳумнинг оила аъзоларидан кечирим сўрайман. Қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Хатомни тушуниб етдим, қайтиб бу ҳолат такрорланмайди.

Султонмақсуд ХОЛБАТИРОВ, Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман суди раиси:

— Судланувчи Жиноят кодекси (ЖК)нинг 116-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Судланувчига ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 3 йил тиббиёт соҳасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Бугунги пандемия даврида кўряпмизки, тиббиёт ходимлари қандай жонбозлик кўрсатишяпти, оиласи ва фарзандлари билан узоқ вақт кўришмасдан, қилган қасамаёдига содиқ қолган ҳолда коронавирусга чалинганлар ҳаёти учун кечаю-кундуз жонини фидо қилиб ишлашяпти. Бундай тиббиётчиларга ҳарқанча таъзим қилсанг кам. Аммо афсуски ҳамма соҳада бўлганидек, тиббиёт соҳасида ҳам ушбу бир жиноий қилмиш тафсилотида келтирилгани каби касб масъулиятини тўлиқ англамаганлар ҳам топилади.

                                                                                                                                                 Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+7° дымка
Валюта курси
10359.88
USD -11.88
12285.78
EUR 132.15
136.11
RUB 2.92