Ижтимоий тармоқларда Олмалиқ шаҳар ҳокими Усмон Раҳимовнинг ўғли Дилшод Исмоилов экани айтилган ҳайдовчи томонидан юқори тезликда машина бошқариб кетаётганлик ҳолати акс этган видео тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлгани ҳақида ёзган эдик. Кейинчалик Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдириб, ҳайдовчига нисбатан қонуний чора кўрилганини маълум қилди.
Айни пайтда Олмалиқ шаҳар ҳокими ҳайдовчи ростдан ҳам ўғли эканини тан олиб, ҳолатга изоҳ берди:
"Оилам Янгийўл туманида истиқомат қилади. Кенжа ўғлимни мактабга олиб бориб келиш учун кредитга машина олгандим. Ижтимоий тармоқлардаги видео аслида май ойининг сўнгги кунлари ёки июннинг бошида бўлганди. (Куни кеча эса уни ўзнинг интернетдаги саҳифасига жойлаган) Тезликни оширгани учун ёз ойининг ўзида жарималарни тўлаб, ўғлим билан гаплашиб олгандик. Ҳатто ўша воқеадан сўнг ўғлим машина ҳайдамаяпти. Айни кунларда машинани бошқа одамга берганмиз. Фақат кредит бизнинг номимизда бўлгани учун унга расмийлаштира олмадик. Айни кунларда ўғлим ўзим билан бирга Олмалик шаҳрида яшаяпти" ,- дейди Олмалиқ шаҳар ҳокими Усмон Раҳимов.






