АсосийJamiyat

"Фитна санъати". Ёхуд шов-шув бўлаётган "Эркинжон Турдимов иши"дан кимлардир манфаатдорми?

'"Фитна санъати". Ёхуд шов-шув бўлаётган "Эркинжон Турдимов иши"дан кимлардир манфаатдорми?'ning rasmi

Шу йил 8 октябрь куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида, жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлашга қаратилган жуда кўплаб фикрлар ва таклифлар билдирилди.

Унда Самарқанд вилояти ҳокими кўплаб ўзбек аёллари хорижда, хусусан Туркияда уй ишларини бажараётгани ва Ўзбекистонда ҳам бу касб эгаларига талаб ошаётганидан келиб чиқиб, оқсочлар тайёрлайдиган марказлар очишни таклиф қилган.

Ҳокимнинг бу таклифи ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур маълумотларни тўлиқ ва батафсил билмаган фуқаролар томонидан ҳоким "оқсочларни тайёрлашни таклиф қиляпти" жумласи остида танқидлар "болалаб" кетди. Шундан сўнг, Эркинжон Турдимовнинг муҳокамаларга сабаб бўлган таклифига ҳокимлик томонидан қайта изоҳ берилиб, муносабат билдирилди.

Биз бу борада жамоатчиликнинг энг фаол қатлами бўлган блогерлар муносабатлари билан қизиқдик.

"Контекстдан юлиб олиш-жуда ёмон. Самарқанд ҳокими Э.Турдимов кеча селекторда оқсочлик хизматига талаб ошаётгани, шунга ўргатадиган марказлар очиш ҳақида гапирганда менга бачкана туюлмади. У тўғри гапни айтди. Ижтимоий тармоқда эса уни бошқа ўзанга буриб юборишаётганини кўрдим.  

Уйимга тозалашга, меҳмон кутишга ёрдамга ишончли, малакали аёл чақирсам, у ҳалол иш қилиб ҳақини олса нимаси ёмон?

Мардикор бозорга чиқадиган аёлларга яндекс таксига ўхшаб иш топиб бериш мумкин. Қанча аёллар ишлаган жойида ҳақини ололмайди. Бозорда талаб борми, ўқитиб берсин текинга давлат. Ҳар томонлама ютади..." - ўз муносабатини билдирган Микрофон кўтарган аёл.

Блогер Шаҳноза ҳам Турдимов нотўғри гапирмади, деб ҳисоблайди.

"...яна тинч жойда жазава бошламанглар. Кеча ўша селекторда ўз қулоғим билан тўлиқ контекстда эшитдим.  

Бутун дунёда уй хизматчиларини ўқитиш тизимлари бор, бизда ҳам шуни қилайлик деяпти. Эсингизда бўлса, бир йиллар аввал Қўйлиқдаги аёллар мардикор бозорига Танзила Норбоева боргани муҳокама бўлган эди. Ўшанда мардикор аёллар иш деб кўчада, дуч келганга эргашиб бориб жони, номуси, шаъни хатарда қолмоқда, бу жараённи тартибли қилиш керак, барибир аёллар хизматига эҳтиёж бор деган эдим. Турдимов ҳам шундай аёлларга ҳуқуқини, профессионал ишлашни, руҳий мустаҳкамликни ва ҳоказо одамлар билан ишлашда керак бўладиган усулларни ўргатайлик, бошқалар билан тенг ишласин, ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояга эга бўлсин деган маънода гапирди. Ҳамма ҳам олий маълумотли бўла олмайди, бандлик бозори эса ҳамон социалистик тутум таъсирида уй хизматчиларини касб деб тан олмайди. Ваҳоланки, бу талаб юқори соҳалардан, айниқса шаҳарларда.  

Ҳамма бало бизнинг уй хизматчилари, официантлар, энагаларга осмондан келиб, кибр билан қарашимиз ортидан чиқяпти. Шу қарашимиз туфайли Турдимовнинг гапини тескари оляпмиз. Ўқитмасак, ўргатмасак, мардикор бўлиб қолаверишади. Ўқитсак, ўргатсак, малакали ёрдамчилар, уй хизматчилари, энагаларга айланишади. "Оқсоч" сўзи қулоққа хунук эшитилган бўлиши мумкин. Бошқа атамани қўлласа бўлар эди", - мулоҳаза қилган у.

 

Платформа.уз телеграм каналида ҳолат "фитна санъати" дея баҳоланди

Кеча ижтимоий тармоқлардаги "Эркинжон Турдимов иши", айниқса  ўзи оид бўлган "олий орбита"даги кўпчилик аъёнларга маъқул бўлган бўлса ажаб эмас.  

Негаки, узоқ йиллардан бери ҳокимлар ичида фақат биргина шу амалдор халқнинг ҳақли эътирофига сазовор бўлиб келаётган ва бу биздаги мутлақо "эркин" ва "шаффоф", бунинг устига, ахлоқи ўта легитим "қадриятлар" билан суғорилган ОАВнинг, таъбир жоиз бўлса, сарлавҳасига айланиб кетган эди.  

Жамиятимизда жуда кам раҳбарга насиб этадиган бундай эътибор, табиийки, кўкрагию бутун таънаси матбуот ўқи — маъломату дашномлардан илма-тешик  бўлиб кетган ва ўзлари шунга лойиқ бошқа раҳбарларга ёқмаслиги табиий эди.  

Қолаверса,  ўртадаги бу фарқ Президент кўз олдидаги картинани равшанлаштириши билан хавфлироқ эди. Яъни Турдимов "муносиб номзод" сифатида Тошкентдаги кўп "катта"ларнинг ороми ва тинчини ўғрилаётгани аллақачон "сир"лик мақомидан чиқиб кетган ҳам эди.  

"Турдимов фалон жойга келармиш, пистон лавозимни эгаллармиш" деган гаплар аслида ҳукумат коридори бурчакларида палак ёяётган ўша хавотир "симптом"лари эди, дея гумонсирашга ҳаққимиз бор...  

Айни шу тахминлар  фикрларимизни қуйидаги траекторияга буриши мумкин. Демак, ушбу "шоу"  кўп нарсаларни сотиш ва сотиб олиш мумкин бўлган бугунги кун нуқтаи назаридан қараганда, иккита тахмин устида қад ростлаб турган бўлиши мумкин.

Биринчиси, ижтимоий тармоқларимиздаги савод ва беъмани "шов-шув"га ўчлик билан изоҳланса, иккинчиси, нисбатан жиддийроқ, стратегик мақсадни кўзлаган усул — "фитна санъати" билан боғлиқ. 

Марказда,  яъни томирлари тобора теранлашиб бораётган ва ҳар дам ўрни муваққат эканлиги эсига тушиб, хотиржамлиги  бузиладиганлар бу санъатга ихлосан "мурожаат" қилганига тарихдан мисоллар кўп.

Дарвоқе, ижтимоий ҳаётимиз, айниқса сиёсий элитамиз турмуш тарзида бу санъат анча "синалган усул". Унинг берадиган "нафи" ҳам сарфланган меҳнатни оқлайди. Фақат гап уни усталик билан амалга ошира олишда. Биз эса бунинг кифтини келтирамиз! Албатта, буларнинг барчаси шахсий фикрлар..."  - дейилади якунида.

 

"Эркинжон аканинг юқоридаги гапларини жамоатчилик нега ўта негатив тарзда қабул қилганлигини тушунмаяпман.  

Биринчидан, Турдимов иқтисодчи, иқтисодий билимлари нуқтаи назаридан вазиятга реал қараган ва мавжуд ҳолат бўйича ўз таклифини билдирган. Ҳозирги дод-войингиз билан бундай касб эгалари камайиб қоладими? Ёки қизларимиз четга чиқиб кетмай қўядими? Уларга профессионалликни ўргатиш - ўша ишида узоқ сақланиб қолиши ва унга бериладиган пулнинг ошишига хизмат қилиши мумкин. Эркакларни мардикорликка тайёрлайдиган марказлар ҳам борку. Балки уларни ҳам ёпиш керакдир? Бизга қилич ярашади - Амир Темур авлодимиз деб. Бу касбга хоҳлайсизми йўқми ўзимизда ҳам талаб бор. Ёки юртимизда мардикор аёлларимиз йўқми? Оқсоч=мардикор аёл эмасми? Капитализмда яшаяпмиз, коммунизмда эмас. Бой ва камбағал бўладиган давр. Буни тўхтата олмайсиз, биродар. Давлатнинг режаларини кутиб турмай, соққани қилиб, кейинги авлодни ўқитиш керак. Ёки бой бўлиб бирортангиз шунақа оилаларни беғараз қарамоғингизга олдингизми, четга кетишидан ҳавотирда экансиз, оқсоч деган сўздан ор қиларкансиз?

Ҳамма ўзининг фикрларини тиқиштиряпти. Ундай қилиш керак, бундай қилиш керак ва бошқалар. Бир гапда. Ўша сиз айтган ишларни қилиш айнан ижро раҳбари - ҳокимнинг ваколатида эканми? Бир ўша таклифингизга доир қонунларни варақлаб ҳам кўринг. Ўзи таклифларнинг ҳаммасини тўлиқ ўқиб чиқдингизми? Барчасини мажбурлаб ўқитиш керак, деган жойи борми? Мажбурий эмас, ихтиёрий. Арзандангизни асрасангиз у ерда ўқитмасдан ҳам бошқа иш, ўқишга йўналтиришингиз мумкин. Ёки ҳеч қаерда ишлатмай, айтганини қилиб, тўлиқ таъминлаб қўйинг, мен ўзим сизга қарсак чаламан. Ўзи сизда арзирли таклиф борми? Асосланг ва ҳаммани ишонтиринг. Шуни бажарайлик.

Орамизда четдан жўнатган хотини, қизининг пулини бир чеккада ишламасдан санаб ўтирадиган "алфонсо-эркаклар"имиз ҳам бор. Интернетда айрим шундайлар ҳам фикр ёзибди. Уларни яқиндан биламан. Бунақа вазиятларда ғурури уйғонадида пул топишга, ўзини қийнашга келганда ўша ғурур сулайиб қолади. У ялқов Турдимовнинг гапини миллатига ҳақорат деди ва ётоқхонасига кириб, четдан пул жўнатаётган хотинига телеграмдан "қийналмаяпсанми жоним?" дея смс ёзди. Ажойибсиз шундайлар.

Турдимов яна бир нечта таклиф берган - инновацияга бўлган таклифлар ҳам бор у ерда. Нимага бу таклифини ҳам муҳокама қилмаяпсиз? Ижобий экани учунми? Сизмасми ўзингизча холисликдан бизга сайраган, а дўстим? Қолгани қолиб кетаверадими? Ўзини олим деб ҳисоблайдиган айримлардан ҳам шунақа энса қотириш постлари кўринди. Ғалати ёки ҳеч ким мукаммал эмаслигини исботладингиз",  — дейилади кескин танқидлари билан ажралиб турадиган блогер Зафарбек Солижонов каналида.

 

Бу ҳақда Акром Малик қайдларида ҳам муносабат билдирилди:

"Фарзандларини оқсочлик қилиб, улғайтирганлар бор. Умрлари машаққат,етишмовчилик, фақирлик ва ҳимоясизликда ўтаётган муниса аёлларимиз бисёр. Биз уларга элнинг эрлари бўлиб бирорта яхшилик қилмаяпмиз. Жони куйганидан шифохона камчиликларини айтган бир заифани қамаб қўйдик. Бир аёл ўзини ёқиб юборганига томошабин бўлдик. Мушфиқаларимизга нимани едирсак, едирдик. Уларни ўз ҳолига ташладик. Кимдир Туркияда, кимдир Дубайда, кимдир бошқа жойда танасини пуллаяпти. Биз эса ҳеч нарса қилмаяпмиз. Маҳалламиздаги бирор бечараҳол аёлдан хабар олмаймиз. Қариндошлар ичидаги қалби шикасталаримиз — опа-сингилларимиз, амма-холаларимиз, жиянларимизни унутганмиз. Ҳолинг қандай, иссиқ-совуғинг яхшими, изғирин келди, уйинг иссиқми, картошка, пиёз, ёғ, гуруч, гўштинг борми, эгнинг иссиқми, демаймиз. Сен фарзандингни тарбия қил, мен ишлайман, Сен халқ учун, Ватан учун, дин учун забардаст ўғлон, ҳаёли қиз улғайтир, мен эса Сенинг хизматкоринг бўлай; оғир кўтарма, кўчаларда сарсон юрма, ўрнингга мен ишлайман; ҳоридингми, кайфиятинг йўқми, кел, сайру саёҳатга борайлик, демаймиз, аксинча, аёллар оила боқиши учун иш топиб берайлик, оқсочлик қилсин, бировнинг уйида ишласин, деймиз.

Миллат оналарини оқсочга айлантириш ҳақида эмас, уларни тарбиялаш, уларга қайғуриш, уларни оғир меҳнатдан озод қилиш ҳақида ўйлашимиз керак эмасми? Пул экан, иқтисод экан, деб оқсочликни тарғиб қилишимиз етмаётган эди.

Мен учун аёл парваришга муҳтож атиргул: атрофида парвона бўласан, гоҳо ортиқча шохларини бутайсан, бироқ бу атиргулнинг ғунчалаган шохини кесиб, бировнинг қўлига бериш мумкин эмас. У атиргул очиладиган жой — Эрнинг ҳовлиси, илдизи Эрнинг юрагидир.

Дўстлар, ҳар бир аёл миллат шаънидир, агар у нобоп бўлиб кетса, шу миллат эрлари айбдор. Аёлнинг қалбини ҳам, қадрини ҳам кўтаринг, аёлларга оқсочликни раво кўрманг. Акс ҳолда, бу Сизнинг барча хислатларингизни йўққа чиқаради.  

Ўзбекистонимизда аёллар ўзларини ёқмасинлар. Ўзбекистонимизда аёллар оқсоч бўлиб эмас, малика каби яшасинлар. Шунда келажак фарзандларимиз шерюрак ва ҳамиятли бўлиб етишади".  

Изоҳ: муаллифлар фикр-мулоҳазалари тузатиш ва ўзгартиришларсиз берилди

    Бошқа янгиликлар