Транспорт вазирлиги томонидан 19 октябрдан бошлаб пойтахт жамоат транспорти (автобус, метро, йўналишли такси) хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқоб билан биргаликда тиббий қўлқопда бўлиши қатъиян талаб этилиши маълум қилинган эди.
Транспорт вазирлиги ушбу тартибни бугунги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, жамоат транспортида турли юқумли мавсумий инфекциялар тарқалишининг олдини олиш ва йўловчилар саломатлигини асраш мақсадида ташкил этилганлиги билан изоҳлади.
Журналист Олимжон Ўсаров бунга ўз муносабатини билдирар экан, кечаги қарор пандемия ва карантин сабаб иқтисодий аҳволи баттар қийинлашиб қолган аҳволининг юзига туширилган зўр тарсаки бўлди, дея таъриф берди.
" - Эҳ, ҳурматли комиссия аъзолари! Ўзингиз жамоат транспортида юрмайсиз-да. Ҳаттоки, жамоат транспортидан ким фойдаланишини ҳам билмайсиз.
Улар — Сиздаги каби хизмат машинаси йўқлар, таксида ҳам "кататса" қилиш имкони бўлмаган ҳамшаҳарларимиз. Аслида, улар 2 соат ишлатиши лозим бўлган тиббий ниқобни ювиб-ювиб, бир неча неча кун ишлатиб юрган одамлар. Энди уларга тиббий ниқоб билан бирга тиббий қўлқопда бўлишни мажбур қиляпсиз.
Аслида бир дона тиббий қўлқоп қанча туширишини биласизми? 5 фарзанди жамоат транспортида мактаб ва институтга қатнайдиган ота бир кунда неча сўмлик тиббий қўлқоп харид қилиши кераклигини-чи? Ва энг муҳими, уни олиб беролмаслигини-чи?
Шу пайтгача қабул қилинган қарорларни эсланг! Аввал уйда ўтир, дейилди, кўча чиққанлар жаримага тортилди. Кейин кўчага чиқинглар, уйда юқиш хавфи баландроқ, деди жаноб Нурматов.
Дастлаб ҳамма жойда хлорли дизенфекция коридорлари ўрнатиш талаб этилди. Миллардлаб маблағ сарфланиб, кордидорлар ўрнатилгач эса, бу самарасиз восита, уни йўқотинглар, дейилди.
Энди навбат тиббий қўлқоп бизнесига келдими, жаноблар?!", дейди журналист.