my5
Sevimli

Эксклюзив: Тоҳир ва Зуҳранинг қўшқабри Наманганда эканлигини биласизми? 

МОЗИЙДАН САДО 24.10.2020, 01:06
Эксклюзив: Тоҳир ва Зуҳранинг қўшқабри Наманганда эканлигини биласизми? 

Билмасангиз билиб олинг! Эртаклар ҳаётдан олинади. Халқ оғзаки ижодининг юксак намунаси бўлмиш ушбу севги қиссаси айнан Наманган заминида рўй берган.

Буни наманганлик археологларнинг Тўрақўрғон тумани Файзабод қишлоғи, Хўжа маҳалласида олиб борган қазишма ишлари тасдиқламоқда. Наманган вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси томонидан муқаддас қадамжо ва қадимий манзилгоҳларни аниқлаш ва уларни туризм маршрутига киритиш лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар натижасида икки дил достони ҳақиқат эканлиги исботини топмоқда.

- Ёшим етмишга етмоқда. Болалигимиздан бобо-бувиларимиз Тоҳир ва Зуҳра айнан шу заминимиздан эканини айтишса, эътибор бермай ўтиб кетардик. Кейинчалик, бунга қизиқиб қолдим, мустақил изланишлар олиб бордим, ёши улуғ кексалар суҳбатида бўлдим. Уларнинг бари якдил бир фикрдаликлари мени ҳайратда қолдирди. Сўнгги икки ой ичида қадимшуносларнинг қазишма ишлари бизнинг гипотезаларимизни тасдиқлади. Қўшқабр атрофи қазилганда, унинг пойдевори очилди. Икки қабрнинг фундаментида узилиш йўқ. Улар бир бутун яхлит қабрдек. Тарихчилар эса бу қабрлар, IX-X асрга оид эканлигини таъкидладилар, - дейди Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси, маҳалла фахрийси Воҳидхон Қодиров. 

Дарҳақиқат эътибор берадиган бўлсак, шундоқ ушбу қадамжонинг қуйи қисмидан катта дарё оқиб ўтади. Ўзбек кинематографияси олтин фондидан ўрин олган Тоҳир ва Зуҳра бадиий фильмининг айнан шу ерда олингани юқоридаги сўзларимиз тасодиф эмаслигини яққол исботлаб турибди. Наманганда бундай манзилгоҳлар кўп, айни пайтда вилоятда тарихий, меъморий, маданий мерос объектларини тадқиқ қилиш, туризм инфратузилмасини яхшилаш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда. 

Наманганга келинг, азизлар!

Анвар Икром

Шарҳлар