my5

Адиблар ҳиёбонидаги гипс ҳайкаллар бронзага алмаштирилмоқда

МАДАНИЯТ 28.10.2020, 20:27
Теглар: Адиблар ҳиёбони
289
Адиблар ҳиёбонидаги гипс ҳайкаллар бронзага алмаштирилмоқда

Адиблар ҳиёбонидаги гипс ҳайкаллар бронзага алмаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати хабар берди.

 Мана, бир неча ойдирки, “Миллий боғ” метро бекатининг кунчиқар томонидаги Адиблар хиёбони Тошкентнинг энг сўлим ва сокин гўшаларидан бирига айланди. У ерда йигирма беш нафар ёзувчи-шоиримизга бронза, мис ва гипсдан ҳайкаллар ўрнатилди. Улар ўн уч нафар ҳайкалтарош томонидан ишланган санъат асарларидир. Хусусан, бу йил янги ўрнатилган ҳайкалларнинг аксари гипсдан ишланган эди. Биласиз, гипсдан ясалган ёдгорликнинг умри қисқа, ёмғир-қорга чидамсиз бўлади. Шу боис уларнинг тезда тўкилиш эҳтимоли катта. Бундан ўн йиллар аввал Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Зулфия, Саид Аҳмад ва Саида Зунноновага гипсдан ўрнатилган ёдгорликлар узоқ йиллар туриб қолгани боис тўкилиб кетганини кўпчилигимиз биламиз. Кейинчалик бу ҳайкаллар мис ва бронзага алмаштирилди. 

Қорли-қировли кунлар бошланмасдан аввал, яъни айни кунларда Адиблар хиёбонидаги Огаҳий, Бердақ, Муқимий, Фурқат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Тўлепберген Қайипбергенов, Александр Файнбергнинг гипсдан ясалган ҳайкаллари бронзга алмаштирилмоқда.

 – Масалан, Муқумийнинг бронзадан ишланган ҳайкали 2,5 тонна, – дейди ҳайкалтарош, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси Жавлон Анназаров ёдгорлик ўрнатилаётган маҳал. – Уни 20 нафарли жамоа бошқа ҳайкаллар билан биргаликда бир ой давомида ишладик. Мен уларнинг техник томонларига ёрдам бераман. Ушбу ёдгорликлар асраб-авайланса, ҳадеб силлиқланавермаса (шлифовка) асрлар давомида сақланади.

  Айтишларича, ноябр ойида Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Авлоний, Ибройим Юсупов сингари ёзувчи-шоирларнинг гипсдан ишланган ҳайкаллари бронзага ўзгартирилади. Ўзбек адабиётининг атоқли намояндаларидан бири, машҳур шоир, забардаст драматург, адабиётшунос олим ва таржимон Мақсуд Шайхзодага эса биратўла бронзадан ҳайкал ўрнатилади.

Устоз ёзувчи-шоирларнинг руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин. Адибларимизнинг ижодини ўрганишдан сира тўхтамайлик. Ишонамизки, бугун шу заминда уларнинг давомчилари улғайяпти. 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+6° дымка
Валюта курси
10427.38
USD 12.52
12473.23
EUR 128.5
137.48
RUB 0.79