my5
Sevimli

Амир Олимхоннинг отаси қайси шаҳарда дафн қилинганини биласизми? (фотосаёҳат)

МОЗИЙДАН САДО 19.11.2020, 18:34
Амир Олимхоннинг отаси қайси шаҳарда дафн қилинганини биласизми? (фотосаёҳат)

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳомийлигида ташкил этилган ижодий сафаримиз чоғида биз ҳам бу хонақоҳнинг қаерда жойлашганини билиб олдик. Навоий вилоятининг Кармана туманидаги Қосим Шайх Азизон ёдгорлиги мажмуасида Бухоро амири Абдулаҳадхон (Амир Олимхоннинг отаси) ҳам дафн этилган экан. 

ҚОСИМ ШАЙХ АЗИЗОН КИМ БЎЛГАН?

Мустафо ЮНУСОВ, “Қосим Шайх” жомъе масжиди имом хатиби:

"Қосим Шайх ҳазратлари бизнинг юртимизда азалдан эътиқод қилинадиган тариқат йўналишлари: нақшбандия, яссавия, кубровия тариқати бўлган бўлса, “силсилаи Яссавия”, яъни Яссавия тариқатининг ўн иккинчи пирларидан ҳисобланадилар. Бу киши ўша пайтлар, ўн олтинчи асрда Бухоро амири Абдуллахон II нинг устозлари бўлганлар. Бу кишининг ҳаётларига назар ташлайдиган бўлсак, ўша пайтларда хонликлар ўртасида жанглар бўлиб турган ва Қосим Шайх ҳазратлари иштироки билан сулҳ тузилиб, тинчлик йўли билан жангларни тўхтатишга эришилган. 1558 йилда Бухоро амири Абдуллахон II у кишининг ҳурматларига мана шу хонақоҳни барпо этадилар. Бу хонақоҳнинг атрофида ўша пайтларда мадраса, хужралар, Ҳаж ва Умрага кетувчилар учун қулайликлар бўлган". 

Маълумотларга кўра, ул зот 1534 йилда Кармана яқинидаги Офаринкентда (ҳозирги Хатирчи тумани атрофида) туғилиб, ҳаётининг кўп қисми Кармана билан боғлиқ. Абдуллахон IIва унинг отаси Искандархон даврида Бухоро хонлиги, жумладан, унинг ажралмас қисми бўлган Кармана ҳам ривожланган, обод мавзелардан бирига айланган. ХVI асрнинг иккинчи ярмида Бухоро пойтахтга айланиб, гуллаб-яшнашида мамлакат ҳукмдори Абдуллахон IIнинг хизматлари салмоқли бўлган бўлса, забардаст ҳукмдорнинг харбий-сиёсий муваффақиятларида эса карманалик машҳур сўфий ҳазрат қутб ул-авлиё Қосим Шайх Азизоннинг ҳиссаси беқиёс бўлган. Қосим Шайх салкам 80 ёшни қаршилаб турганида вафот этади.  

“МУСТАБИД ҲУКМРОКЛИК ДАВРИДА БУ ЕР ТРАКТОР ПАРКИГА АЙЛАНТИРИЛГАН”

Бу бино бошидан анчайин воқеаларни ўтказди. Мустабид тузум даврида анчагина хароб ҳолатга келиб қолган. Атрофидаги бинолар бузилиб кетган. Бу ернинг ўзи эса минерал ўғит ва керосин сақланадиган трактор паркига айлантириб қўйилган. Мустақилликка эришганимиздан сўнг 2000 йил қайтадан бунёд этилиб, яна 2017 йилда ҳам қайтадан таъмирланиб, атрофидаги бинолар қурилди”, - дея қўшимча қилади имом Мустафо Юнусов.

АМИР ОЛИМХОН БИТГАН МАРСИЯ

Ушбу меъморчилик мажмуига Қосим Шайх ҳонақоси, даҳма зиёратхона ва Бухоро Амири Абдуллахон қабри киради. 1910-1911 йилларда Бухоро амири Олимхон отаси Амир Абдулаҳадхоннинг қабрини Қосим Шайх даҳмаси ёнига унга монанд қилиб қурдирган. Иккинчи ҳонақоҳ Қосим Шайх ҳонақоҳидан 300 йил кейинроқ қурилган бўлса-да, яхлит бир-бирига монанд улкан бир ёдгорлик мажмуаси ташкил қилинган.

Эшик пештоқида Амир Олимхон томонидан отаси Амир Абдулаҳадхонга атаб араб тилида марсия битилган бўлиб унинг мазмуни қуйидагича:

  “Эй дил, бу ёруғ жаҳонда хотиржамлик йўқ. Шу боис бу дунёнинг ҳар хил таманносига кўнгил боғлама! Қарагил, замонанинг Хусрави (шоҳи) бўлган Саййид Амир Абдулаҳадхон ҳам равзаи наъимга қараб равона бўлди. Ҳаёт денгизида у каби гавҳар йўқ эди. Хайфки, бу гавҳар қора тупроқ бағрига кўмилди. У фазилат ва сухан гулистонининг булбули эди. Во дариғо, шундай булбул ўз гулистонини тарк этди. Унинг умр дарахти сўлди, япроқлари ҳазон бўлди. Шу сабаб фалакнинг юзи қайғу ва надоматлардан қаро бўлди. Унинг вафоти туфайли кўзлардан ёш ўрнига қон ариғи оқди. Мусибатдан ёшгина валиаҳд ғам денгизига ғарқ бўлди. Эй кўнгил, билгилки, ҳеч ким ҳам абадий эмас. Ҳаммамиз ҳам тупроқдан яралдик, яна тупроққа қайтурмиз. Дарҳақиқат, тақдир оламида Оллоҳ буюрган ишларгина бўлур, Оллоҳ буюрмаган ишлар амалга ошмас. Кимки шоҳ қабрини зиёрат айлаб, Оллоҳдан ўтиниб, у учун жаннатдан жой сўраса, унинг руҳини ниҳоятда шод этган бўлади.

Муқаддас муҳаррам ойининг олтинчи куни, 1329 ҳижрий, 1910 милодий йил”. (Ахтам Хотамов таржимаси) 

Кўҳна Самарқанд ва Бухоро кўприги сифатида тан олинадиган Кармана туманида жойлашган мазкур мажмуага сиз ҳам ташриф буюриб, азиз ва муҳтарам инсонларни зиёрат қилиб, уларнинг руҳи покларига таскинлик улашинг.

 

Сардорбек Раҳмонқулов тайёрлади 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+21° ясно
Валюта курси
10507.46
USD 10.47
12586.89
EUR 35.64
136.97
RUB -1.62