my5
Sevimli

Икки йил аввал оғир хасталикдан вафот этган таниқли журналист Бобур Комиловнинг укаси хонанда Ўткир Комилов ҳам касаллик билан курашмоқда. Биз уни қутқариб қолишимиз мумкин...

ЖАМИЯТ 02.12.2020, 08:37
Икки йил аввал оғир хасталикдан вафот этган таниқли журналист Бобур Комиловнинг укаси хонанда Ўткир Комилов ҳам касаллик билан курашмоқда. Биз уни қутқариб қолишимиз мумкин...

Роппа-роса 2 йил аввал, 2018 йил 12 ноябрь куни таниқли теле ва радио бошловчи, сўнгги йилларда БМТнинг Ўзбекистондаги Ахборот офиси раҳбари бўлган Бобур Комилов узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этган эди. Айни пайтда, марҳум Бобур Комиловнинг укаси, хонанда Ўткир Комилов ҳам "жигар циррози" билан касалланиб, мураккаб жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлиб турибди. Энг ачинарлиси, Ўткир Комилов, икки йил аввал нафақат акаси Бобур Комиловни йўқотган, балки ундан аввалроқ, касаллик сабаб яна бир акаси Жаҳонгир, ундан кейин эса отасидан айрилган. Айни пайтда у уч рўзғорга масъул ягона эркак бўлиб қолмоқда. Ҳозирда оғир хасталикни бошидан кечираётган бу йигит ҳақида, марҳум журналист Бобур Комиловнинг устози Раъно Алиева ўзининг Фейсбук саҳифасида минг истиҳола билан ёзиб, яхшилардан кўмак сўради:

"Очиғи, бундай ишга биринчи бор қўл уришим... Аммо, ҳеч имкон қолмаганда мажбур бўлар экансан...

Ўзингизга маълум, халқаро журналист Бобур Комилов менга шогирддан ортиқ, фарзандимдай эди. Яқинлигимиз сабаб, унинг ҳаёти, оиласи билан боғлиқ барча муаммолардан хабардорман.

Бобуржоннинг отаси Аҳмад ака ва онаси Муслима опалар беш фарзандни дунёга келтиришган - Жаҳонгир, Ўткир, Бобур, Фотима ва Зуҳра.

Дастлаб тўнғичлари Жаҳонгир дардга чалинди. 12 ёшида гепатит билан оғригач, жигарида муаммолар бошланди. Онанинг бор эътибори тўнғичига қаратилди. Бобуржон ўша йилларни ўкинч билан эсларди... Оиладаги барча фарзандлар санъатга қизиқар, айниқса, Жаҳонгирда катта истеъдод бор эди. Балоғат даврида Жаҳонгир мусиқа ёза бошлади. Шеърларга куйлар басталади. Оранжировка илмини ўрганиб, маҳаллий хонандаларнинг репертуарларини янги- янги қўшиқлар билан бойитди. Унинг ортидан Ўткир ҳам эргашди. Тўйларда, халқ хизматида юриб, хонанда сифатида танилди. Шу орада бир муддат Жаҳонгирдаги хасталик чекингандай бўлди. Уйланди, иккита ўғил фарзанд кўрди. 

Онаизорнинг кўнгли энди тинганда маълум бўлдики, Жаҳонгирнинг жигари церроздан заҳарланиб бораётган экан. Кўрилган чоралар ёрдам бермади. 29 ёшида оламдан ўтди. Ота-она, жигарлар бўзлаб қолаверишди... Фарзанд доғини кўтаролмаган ота ҳам 62 ёшда дунёдан кўз юмди. Бир йилдан кейин эса бутун оиланинг суянчи Бобуржон боқий дунёга кетди... Айрилиқлардан бағри куйган онаизор, икки мушфиқ сингил, Жаҳонгирдан қолган икки ўғил, ўзининг уч ўғлига бош бўлиб ёлғиз Ўткир қолди. Аммо бу синовлар унинг соғлиғига ҳам таъсир қилган экан. Ўтган йили тўсатдан маълум бўлдики, унинг ҳам жигари церрозга учрабди. Тошкентга келиб шифокорлар текширувидан ўтди. Улар бирдан-бир чора жигар алмаштириш дейишди. Аммо Ҳиндистонга бориб жигар алмаштириш учун аввало донор топиш, қолаверса, жуда катта маблағ, тахминан 35-40 минг доллар керак эди. Мен ўшандаёқ ҳайрия йўли билан маблағ йиғишни таклиф қилгандим. Аммо Ўткирнинг орияти баланд: " қўйинг, опа, ўзим бир чора излаб топарман... "- деди.

Ўтган йил ёзда текширувга келганида ахвол яна ҳам жиддийлашгани маълум бўлди. Шифокор, бу аҳволда узоққа бормаслигини, албатта операция зарурлигини айтди. Қани энди ўзимда ўша пул бўлсаю, қўлига тутқазсам... Аммо, ўзим ойликка кун кўрадиган оддий бир журналист бўлсам... Ҳайрия масаласини яна таклиф қилдим. Ўткир узоқ ўйлаб қолди. Кейин:" опа, биласиз, тирикчилигим тўйлардан, сиз менинг хасталигимни эълон қилиб ҳайрия йиғсангиз, рўзғорга келиб турган озгина маблағ ҳам йўқ бўлади. Қанча тўйларни ўтказишни бўйнимга олиб қўйганман. Уларни ўтказиш бурчим, сиз буёқда менинг жиддий хасталигимни айтсангиз, мен тўйда ашула айтиб турсам, қандоқ бўларкин, одамлардан уяламан... Буёғи Аллоҳга таваккал, даволаниб юраверайчи, бир гап бўлар... "-деб яна кўнмади. 

Аҳвол эса кун сайин ёмонлашмоқда. Дори-дармонлар қиммат. Ўткирнинг топгани ана шу дори- дармонга кетяпти. Бироқ яхши томонга ўзгариш йўқ. Бундан икки ҳафта аввал Ўткир яна Тошкентга келди. Жигар фибросконияси жигарнинг 36 фоизи церрозга учраганини кўрсатди... Шифокорлар тезроқ радикал чора кўрилмаса бўлмаслигини айтишди.

Хуллас, ҳайрия йўли билан маблағ йиғишдан ўзга чора қолмади. "Kun uz" ва яна шунга ўхшаш сайтларга ҳам мурожаат қилдик. Афсуски, уларда ҳам навбат бор экан. Яна бир қанча ҳужжатлар кераклигини айтишди. Ҳайрия маблағи йиғишни ўз саҳифамда эълон қилишдан ўзга чорам қолмади.

Дўстлар, эҳтимол орангизда мутахассислар бордир. Ёки саҳоватпеша инсонларни танирсиз. Жуда бўлмаса, ўзингиз Аллоҳ йўлида эҳсон учун деб, атаганингиз бордир. Ҳеч бири бўлмаганда ҳам Ўткирнинг саломатлигини сўраб чин дилдан дуо қиларсиз. Ёрдамингиз, эътиборингизга муҳтожмиз!

Қуйида шифокорлар қўйган ташхис, охирги текширув натижалари ва карта рақамини илова қиламан... Имкони борича гуруҳларда репост қилсангиз хурсанд бўлардим..."

 

Биз ҳам ушбу хайрли ишга бош қўшиш мақсадида, аввал икки ўғлидан айрилган онанинг сўнгги илинжини сақлаб қолишга кўмак кўрсатишингизни сўраймиз! 

Агробанкдан Ўткир Комилов номига очилган пластик карта рақами:

8600 0417 3502 9358

Аллоҳ барчамиздан рози бўлсин !

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+7° дымка
Валюта курси
10518.99
USD 18.18
12798.46
EUR 115.58
139.72
RUB -2.94