АсосийSUG'DIYONA

Раъно Шодиевадан фарзанд тарбияси борасида тавсиялар

“Соғлом она ва бола” йили муносабати билан янги лойиҳани йўлга қўйдик. Мазкур лойиҳада машҳур оналар билан уларнинг фарзандлари билан биргаликда тарбия усуллари ва фарзандлар ютуқларга эришиши учун нималарга эътибор бериш кераклиги ва бошқа оилавий мавзуларда суҳбатлашамиз. Лойиҳамизнинг биринчи меҳмони Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева.

“Тарбия меҳрдан бошланади!”

— Ҳар бир ота-она ўз фарзандига жуда ҳам эътиборли ва меҳрли бўлиши керак. Бола қанчалик меҳрга тўйиб яшаса уни келажаги ҳам шунчалик гўзал бўлади деб ҳисоблайман. Ўйлайманки, комил, қалби гўзал инсон вояга етказишни истаган она албатта ўз фарзандидан меҳрини аямайди.

“Дўст эмас, она бўлинг!”

— Кўпгина оналардан “бола билан дўст бўлиш керак” деган фикрни эшитганман. Аммо шахсан ўзим бу фикрни оқламайман. Фарзанд билан оналик муносабатини сақлаб қолиш ўта муҳим. Аммо шу билан бирга фарзандингиз қалбидаги кечаётган туйғуларни сизга айта олсин. Мен фарзандларим билан дўст эмасман, аммо дўстларига айтмаган гапларини мен билан бўлишишларига ишонаман.

Балоғат ёшида...

— Боланинг ўсмирлик даври нафақат унинг ўзи, балки ота-оналар учун ҳам жуда қийин давр. Мен бу пайтда фарзандларимни тинглашга, муаммоларини ҳис этишга ҳаракат қилардим. Болаларимнинг 15-16 ёшдаги муаммоларини фақатгина кучли эътибор билангина енгганман. Яъни уларга худди чақалоққа қарагандек аҳамиятли бўлиб иш тутганман.

Меҳнаткашлик муҳим фазилат

— Болаларимизга доим меҳнаткаш бўлгин деб айтаман. Кичик ёшлариданоқ кўзлаган мақсадига эришишда изланишдан тўхтамаслигини таъкидлаб келаман. Ниятим улардаги болаликдан сингдирилган меҳнаткашлик бутун умрга сақланиб қолсин!

Энг қадрли совға...

Она фарзандидан нима ҳам кутиши мумкин? Фақат ширин сўз ва меҳр. Ана шу нарсанинг ўзи ҳар қандай қимматбаҳо совғалардан устун аслида. Учта боламнинг ҳам боғчада ва мактабда ўз қўллари билан ясаган табрик қоғозлари, рангли қоғозлардан ясаган ўйинчоқларини бугунгача асраб-авайлаб келаман. 

“Маша ва Маймоқ”қа раҳмат!”

— Кичик ўғлим Амирхон жуда ҳам шўх. Бир дақиқа жим ўтирганини кўрмайсиз. Доим нима билан банд юради. “Маша ва маймоқ” мультфильми чиққанидан бери сал қулоғимиз тинчиган. Ўша бошланди дегунча уйимиз ти-и-инч бўлиб қолади (кулади). Ишонасизми, йигирма дақиқа давом этадиган мультфильмдан бир лаҳзага ҳам кўзини узмай томоша қилади Унга қараб, дадаси иккимиз, шу мультфильмни яратган одамга ота-оналар номидан “Оскар” мукофотини бериш керак деб куламиз.

“Қаттиққўл онаман”

— Оиламизда фарзандларнинг ўқишига жуда катта эътибор берилади. Агар билим олишига бирор бир қўшимча қизиқиши ҳалақит берадиган бўлса улардан воз кечамиз. Шунингдек, оиламизда барчамиз учун қадрли анъанамиз бор. Кечки овқатга оила аъзоларининг бари бир вақтда йиғилиши шарт. Яъни ким нима иш билан банд бўлмасин кечки соат 19:00га уйга етиб келиши керак. Аммо шу кунларда бу одатимиз бироз ўзгарган. Чунки икки тўнғичимиз олий ўқув юртига кириш учун тайёрланишяпти. Яъни дарсдан кейин қўшимча сабоқларга боришяпти. Ота-онам ёшлигимизда бизга ҳам қаттиққўл бўлишган. Бу вақт ўтиши билан ўз самарасини кўрсатди. Шунинг учун ҳам кўпинча онамнинг тарбия усулларини болаларимда қўллайман.

“Оилавий ҳордиққа нима етсин!”

— Оиламизда ҳордиқ чиқариш учун барча ташкилий ишлар турмуш ўртоғимнинг зиммасида. Кўп ҳолларда бу кутилмаган ҳолда содир бўлади. Масалан, бугун соат 17:00 да бирор жойга борамиз дедиларми, ҳаммамиз бошқа ишларни йиғиштириб дарҳол тайёргарликни бошлаймиз. Айтиб ўтганимдек, бугунги кунда оилавий тартибимиз бироз ўзгарган. Шу сабаб катта фарзандларимизнинг дам олишга ҳам вақти кам. Лекин бир ҳафтада бир марта кенжатойимизни боғ ёки болалар ўйингоҳларига олиб боришни канда қилмаймиз.

“Амирхон театр шайдоси...”

— Кенжа ўғлим Амирхон спектакль томоша қилишни яхши кўради. Эсимда, биринчи марта театрга борганимизда бир ярим соат индамай спектаклни томоша қилган. Ҳатто ундан катта болалар ҳам инжиқланиб, шовқин қилишган, лекин унинг эътибори фақат саҳнадаги воқеаларда бўлган. Шунинг учун ҳозир ҳам бир ойда бир марта болалар театрига бориб турамиз. Театр болалар учун маънавий озуқа деб ҳисоблайман.

“Менинг болаларим бошқача...”

— Ҳар бир ота-она учун ўз фарзанди бошқаларникига қараганда яхшироқ, чиройлироқ, ақллироқ кўринса керак. Шу ўринда менга ҳам ўз фарзандларим ҳаммадан яхши кўриниши табиий. Яратганга минг шукрки, шу кунгача ҳеч қайси боламнинг ортидан ёмон, дилни хира қиладиган гап эшитмадим. Бундан кейин ҳам фақат бизга раҳмат олиб келишсин деб ният қиламан.

“Бола рашки...”

— Икки тўнғичим кетма-кет туғилгани учун эгизакдек катта бўлишган. Кичкинам эса орадан 14 йил ўтгандан кейин туғилди. Шунинг учун катталарим эмас, кўпроқ кичкинтойим ака-опасидан мени рашк қилади. Уларни эркалатадиган бўлсам, шу заҳоти аразлаб қолади.

Она бу...

— Бутун олам.

Бола бу...

— Она қалби.

    Бошқа янгиликлар