Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг ижтимоий тармоқлар орқали қилган мурожаатида келтирилган важларни ўрганиш юзасидан Республика идоралараро комиссияси тузилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси маълум қилди.
Жорий йил 11 декабрь кунидан буён интернет тармоғи орқали Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозилов томонидан тарқатилган видеомурожаатларда прокуратура органларининг айрим ходимлари томонидан қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги маълум қилинган.
Ж.Фозиловнинг важларини синчковлик билан ҳар томонлама ва холисона текшириш ҳамда ҳолатга баҳо бериш мақсадида жорий йил 14 декабрь куни Республика идоралараро комиссияси тузилди.
Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати, Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасининг масъул ходимлари киритилди.
Комиссия мурожаатда келтирилган қонунбузарлик ҳолатларини жойига чиққан ҳолда, Ж.Фозиловнинг барча важларини бевосита ўзининг иштирокида чуқур ва холисона ўрганилишини ташкил этади.
Текшириш натижалари бўйича қўшимча равишда хабар берилади, дейилган хабарда.
Маълумот учун: сал аввал ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозиловнинг мурожаати акс этган видео тарқалди. Видеода шаҳар прокурори унга нисбатан хизмат текшируви олиб борилаётганини айтиб, унинг якунлари бўйича қонун бузилишлар аниқланган тақдирда бунинг учун жавоб беришга тайёрлигини маълум қилган. Шунингдек, Фозиловнинг сўзларига кўра, хизмат текширувига сабаб бўлган мурожаат бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга алоқадор бўлган тадбиркор томонидан қилинган. Мурожаатда прокурор Президент Администрацияси раҳбаридан мазкур ҳолатни назоратга олишни сўраган эди.
Бош прокуратуранинг 11 декабрдаги баёнотига кўра, Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловга нисбатан хизмат текшируви тайинлангани муносабати билан у 2 декабрь куни вазифасини бажаришдан вақтинча озод қилинган. Бунга Бухоро шаҳридаги тадбиркорлардан бирининг прокурор Фозилов устидан ёзиб берган шикоят аризаси сабаб бўлгани айтилган эди.






