my5
Sevimli

Туркия. Мозий ва бугун: “Тингла, най андоқ ҳикоялар қилур..."

МОЗИЙДАН САДО 16.12.2020, 10:48
Туркия. Мозий ва бугун: “Тингла, най андоқ ҳикоялар қилур..."

Бугун Ер юзида коронавирус таҳликаси ҳукм сураётганига қарамай, Туркияда ҳаёт ҳамон ўз оқимида давом этмоқда. Албатта, ҳаммаси олдингидек эмас. Бугун бу мамлакатнинг қайси бурчагига борсангиз,  ўхшаш манзараларга дуч келасиз. Ниқоб таққан одамлар, ҳар замонда қулоққа чалиниб қоладиган “Тез ёрдам” машиналарининг ваҳимали қичқириғи, огоҳликка чақирувчи эълонлар...

Аммо, бугунги кунда ҳукумат мамлакат иқтисодиётини тиклаш учун турли чораларни кўрмоқда, хусусан туризм соҳасидаги йўқотишларни тезда бартараф этиш учун хорижий сайёҳлар учун хавфсиз ва мақбул хизматларни таклиф қилаётир.  

Айни кунларда Туркиянинг энг қадимий маданият марказларидан бири – Коня шаҳрида анъанавий “Шаби арус” кечасига тайёргарлик кўрилмоқда. Сўзма-сўз таржима қилинганда, бу калима  висол кечаси маъносини беради. Бунинг учун бироз мозийга саёҳат қиламиз...

      “Нега ғамгинсиз, азизлар?”

Милодий 1273 йил 17 декабрь, Коня. Шаҳарнинг энг файзли масканларидан бўлган Мавлоно Жалолиддин Румийнинг муборак ошёнларида ул зотнинг оила аъзолари, муридлари, издошлари жамулжам. Ҳамманинг кўзида ёш, дилида қайғу. Мавлоно сўнгги нафасларини олмоқдалар.  

 -Нега йиғлайсиз, азизларим? – дедилар мавлоно хастаҳол овозда. – Менинг ўлимим учун кўз ёш тўкяпсизми? Ахир бунинг учун йиғлаш эмас, қувониш керак-ку? Бу кеча  айрилиқ куни эмас, балки висол кечаси – шаби арусдир. Мен бугун Ёр висолига муяссар бўламан. Ҳақ таолонинг ҳузурига йўл оламан. Мени кўз-ёш  эмас, қувонч бьилан кузатинг...

Орадан 747 йил ўтган бўлса-да, мавлононинг издошлари бу васиятни унутмадилар. Ҳар йили дунёнинг турли нуқталарида, мавлавийлар тариқати томонидан бу кун муносиб нишонланади. Бу тариқатга мансуб дарвишлар тасаввуфий оҳанглар таъсирида худди Ер сайёрасидек гир айланиб, рақси само қиладилар. Бу рақс ўзининг сирлилиги, жозибаси, нафосати ила дунё аҳлини лол қилмоқда. Шу боис, 2006 йилда бу қадрият ЮНЕСКОнинг Номоддий маданият мероси рўйхатига киритилган.

       Кез дунёни, кўр  Коняни!

 Коня – Кичик Осиёнинг кўҳна ва боқий шаҳарларидан бири. Бугунги кунда икки миллион уч юз мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган бу шаҳар ўтмиш ва бугун, тарихийлик ва замонавийликнинг Шарқ ва Ғарбнинг кўпгина жиҳатларини ўзида мужассам этган.   Халқ орасида “Кез дунёни, кўр Коняни” деган мақол бор. Бу нақл бежиз эмас. Коня Туркянинг энг йирик вилояти, У 34 та туманни ўз ичига олади. (Қизиғи бу туманлардан бири Тошкент деб аталади).

 Коня бугун Туркиянинг нафақат маданий, балкри иқтисодий марказларидан бири. Бу ерда ўнлаб завод ва фабрикалар ишлаб турибди. Мамлакатнинг асосий ғалла манбаи ҳам айнан Коня вилоятидир.

Маълумотларга кўра, бу ерда бундан ибтидоий жамоат тузуми даврида ҳам инсонлар манзил қурганлар. Вилоят ҳудудина топилган қадимий ашёлар, харобалар бу ерда Византоия дврида ҳам ҳаёт ва маданият яшнаганини кўрсатади.  

Маълумотларга кўра, Коня сўзи ҳам юнон тилидаги “Икониум” атамасидан келиб чиққан. Тарихда бу заминда насроний маданияти ҳам гуллаб яшнаган, Коня ҳудудида Исо Масиҳ симоси – иконаларни маҳорат билан ишлайдиган усталар яшаганлар.

1071 йилда Кичики Осиё – Оналўлига салжуқий турклар кириб келиши билан, кўплаб антик шаҳарлар қатори Коня ҳам ислом оламининг буюк марказларидан бирига айланди.  Албатта Конянинг маънавий камолотида буюк мутфаккир Жалолиддин Румийнинг тенгсиз хизматлари бор.

   Балхдан то Румгача

 Она томонидан Хоразмшоҳлар авлодига мансуб бўлган мавлоно Жалолиддин Румий, маълумотларга кўра, 1207 йилда  Балх шаҳрида таваллуд топган. Тарихчиларнинг айтишича, ул зот буюк саркарда Жалолидин Мангубердининг жияни бўлгани боис, ота-онаси кичик  шаҳзодага ҳавас қилиб, ўғилларига унинг исмини беришган. Румий ва Мангуберди орасидаги фарқ 7-8 йилни ташкил қилган. Румийнинг отаси Баҳоуддин Валад ўз замонасининг етук донишманди, фиқҳ ва тасаввуфнинг зукко  намояндаларидан эди.

1220 йилда  оила Кичик Осиёдаги Коня  шаҳрига келади. Мавлоно Жалолиддин аввал шу ерда, кейин Ҳалаб, Дамашқ ва Бағдоддаги мадрасаларда таҳсил олади ва талабаларга сабоқ беради.  Румийнинг камолот чўққисини забт этишида ўз замонасининг буюк алломаларидан бири  шайх Шамс Табризий билан учрашуви жуда катта аҳамият касб этади. Бу тарихий воқеа милодий 1244 йилнинг кеч куз ойларида Коня  шаҳрида юз беради.

 Ҳазрат Навоий «Насоиймул-муҳаббат» асарида Румий ва Табризий учрашувини қуйидаги ривоят билан боғлайди: Мавлоно Румий Коняда  бир ҳовуз бўйида кўп китобларни мутолаа қилиб ўтирганида, Шамс Табризий бир дарвеш қиёфасида унинг ёнига келади ва  «бу қандай китоблар?» деб сўрайди. Шунда мавлоно «бу қийлу қолдир, бу билан сенинг нима ишинг бор» дея танбеҳ беради. Шунда  Шамс Табризий бу китобларни ҳовузга ташлайди. Румий ғазаб ила қўзғолиб, «нима қилиб қўйдинг, бу китобларнинг кўпчилиги отамдан менга ёдгор бўлиб қолган эди, энди уларнит қандай топаман» дея фарёд солади. Шунда Шамс Табризий ҳамма китобларни қуп-қуруқ ҳолатда сувдан чиқариб беради. Румий ҳайратланиб, «бу не синоатдур» дея сўрайди. Шунда Шамс Табризий «Буни завқи ҳол дерлар,  бу билан сенинг  не ишинг бор» дея жавоб қайтаради. Шундан сўнг бу икки буюк зот ўртасида унсият юзага келади.  

Устоз ва шогирд орасидаги муносабатлар Румийнинг издошлари, мухлисларига унча ёқмасди. Улар устоз ва шогирдни бир-биридан узоқлатишга ҳаракат қила бошлайдилар. Алалоқибат, Шамс Табризий айрим ғаламис кимсаларнинг босими остида Коняни  тарк этади. Баъзи маълумотларга кўра, Табризий хоинона ўлдирилган, бошқа тарихчилар фикрича, у Табризга қайтиб умрининг охиригача ўша ерда яшаган.

 Конядаги Мавлоно турбаси яқинидаги бир мақбарани ҳам Шамс Табризийга нисбат беришади.  

     “Ё ҳаврати мавлоно!”

 Мавлон Румий мақбараси эртаю кеч дунёнинг турли бурчакларидан келган зиёратчилар билан гавжум. Мазкур ёдгорлик мажмуаси Мавлононинг ҳаётлик чоғида макон тутган хонақоҳлари, музей, масжид ва мақбарани ўз ичига олади. 

Мақбарага кираверишда, настаълиқ хати билан битилган “Ё Ҳазрати Мавлоно!” хитоби остида   бу маскан хусусидаги бир байт дарж этилган:  

Ишқ элининг каъбасидур  бу  мақом,

Бунда ҳар дард чорасин топгай тамом.

Бу нурли масканга қадам қўйишингиз билан чиндан бутун борлиғингизни ажиб бир тароват қамраб олади. Махсус карнайлардан таралаётган ҳазин най наволари руҳингизга оҳиста киради. Беихтиёр Мавлононинг ўлмас мисралари ёдга тушади:

 Тингла, най андоқ ҳикоятлар қилур,

Айрилиқлардан шикоятлар қилур...

Мажмуани кезаркансиз, ҳар қадамда бир ҳикмат мағзини чаққандек бўлаверасиз. Музей экспонатлари орасида Мавлоно Румийга тегишли бўлган шахсий ашёлар, қўлёзмалар, кийим-кечакларни ҳам учратиш мумкин. Шунингдек, мажмуа музейида салжуқийлар ва усмонийлар даврида кўчирилган нодир қўлёзмалар, мавлдавий дарвишларга оид уй-рўзғор буюмларини ҳам кўриш мумкин. Мажмуа яқинида барпо этилган “Панорама музкйи” ғам замонавий имкониятлар даражасида барпо қилинган. Айлана гумбаз остидаги музейининг деворларида Мавлононинг даврини эсга солувчи манзаралар ишланган, уларга мос ҳайкаллар жойлаштирилган. Музйни айланаркансиз, баайни 7 аср ортга қайтасиз, ўша пайдаги Коняни кўргандек бўласиз. Қадимий уйлар, кўчалар, бозорлар, ўз ташвишлари билан банд  одамлар... Ҳаммаси ҳақиқийдек.  

Мажмуа ҳудудида фақат Коняга хос бўлган турли касб-ҳунар устахоналарига кириб, ҳунармандларнинг иш жараёни билан танишасиз. Наққошлар, чолғу асбоблари ясовчилар, хаттотлар, қадимий абру санъати усталари... Дарвоқе, абрў санъати бир неча юз йиллик тарихга эга. Бу санъатнинг моҳир усталари сизнинг кўз олдингизда турли шаклларни сув устига махсус буёқлар билан ишлаб, қисқа фурсатда қоғозга кўчириб берадилар.

Хуллас, юз бор эшитгандан, бир бор кўрган яхши...  

 Рустам Жабборов, Туркия, Коня.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+23° ясно
Валюта курси
10507.46
USD 10.47
12586.89
EUR 35.64
136.97
RUB -1.62