Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2021 йил якунига қадар барча бузилган кўчмас мулклар учун компенсация тўлиқ тўлаб берилишини ваъда берди. Хусусан:
«Ўзбекистон тарихида бир йилда бунча компенсация тўлаб берилмаган… Бу йил жуда катта миқдорда 700-800 млрд сўм пул ва ер кўринишида “снос”га (компенсация тўлашга) кетди. Бизни ҳисобларимиз бор, олдимизга қўйган мақсад 2021 йилда бирорта, 2005 йилдан бузилган бинолар учун ҳеч ким тўловсиз қолмайди. Лекин, адолатли, судни қарори бўлса, нархлар тафовути тўғри бўлган бўлса, бирорта қолмайди. Пул бера олмасак, ер кўринишида берамиз, ер бера олмасак, бошқа йўл билан тўлаб берамиз. Агар бундан кейин давлат эҳтиёжлари учун (кўчмас мулк — таҳр.) бузиладиган бўлса, керакли компенсация учун қўлимизда пулимиз ёки еримиз бўлгандан кейин эгасини розилиги билан бузишга қарор қиламиз», — деган ҳоким.
Ушбу хабардан сўнг депутат Расул Кушербаев ҳолатга муносабат қилди.
"Ҳокимнинг бу ташаббусини олқишлайман. Гап йўқ. Ва ниҳоят мантиқсиз ва ноқонуний қилинган хатолар кеч бўлса ҳам тузатилиб, давлат ўз фуқароларига етказган зарарини тўлиқ қоплашга мард бўлиб амалда киришмоқчи. Ҳокимлар ҳам давлатнинг юзи аслида. Бўларкану...
Қанийди бошқа ҳудуд ҳокимлари ҳам журъатларини йиғиб, мана шундай мардлик қилиб, шу вақтгача тўланмаган зарарларни 2021 йилда тўлиқ қоплашга ирода топа олишса.
Кутамиз, қилган айбларини ювишга ирода топа олишармикан?", дея ёзиб қолдирган депутат.






