Сурхондарёда вилоят, шаҳар ва туманларнинг расмий сайтлари (жами 11 та сайт) 6 январь куни хакерлар ҳужумига учрагани ва ҳужумни Cлоне Сеcуритй гуруҳи ўз зиммасига олгани тўғрисида хабар берилганди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу ҳолатга муносабат билдириб, хабарда қайд этилганидек АКТ бўлимида ишлайдиган ходим бошқарма бошлиғи томонидан калтаклангани тўғрисидаги маълумотларни рад этди.
"Ҳозирда сайтларни асл ҳолида ишлатиш чоралари кўрилаётган бир пайтда айрим интернет нашрларида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» ДУКда ишлаб кетган ходимлардан бирининг ҳокимлик ишлар бошқарувчиси томонидан ўз иш кабинетида ўзаро келишмовчилик сабаб калтаклангани, вилоят ҳудудидан чиқиб кетиш шарти қўйилгани, шунингдек, ходим Президент виртуал қабулхонасига қилган мурожаати учун расман ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабарларда келтирилаётган мазкур ҳолатларни рад этиб, сизлардан аҳоли орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига, уларда салбий фикр ва ишончсизликни шакллантиришга олиб келадиган ушбу мазмундаги ёлғон маълумотларга ишонмасликни сўрайди."
Эслатиб ўтамиз, хакерлар томонидан сайтда қолдирган хабарда улар бутун вилоят ҳокимлиги тизимига кирганини, вилоят ҳокими «яхши мутахассисларга эътибор қаратмаса», унинг ёпиқ қарор ва фармойишлари тарқатиб юборилиши айтилган.