АсосийJamiyat

“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” раҳбарининг жиноят иши юзасидан Бош прокуратура маълумот берди

'“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” раҳбарининг жиноят иши юзасидан Бош прокуратура маълумот берди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Журъат Таджиевнинг “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ директори М.Базарымбетовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича  видеомурожаати  эълон қилинди. Бош прокуратура мазкур ҳолатга муносабат билдирди. 

Маълум қилинишича, 2020 йил 24 декабрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти вилояти бошқармаси томонидан Хоразм вилоят “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бош директори Базарымбетов Муратбай Алламбергенович ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур жиноят ишини қўзғатилишига, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бош директори М.Базаримбетов Тупроққалъа тумани ҳудудида янгидан ташкил қилинаётган “Best Azia Metan” МЧЖга ўрнатиладиган 630 кВт.лик трансформатор пунктини 6-10 кВт.лик электр линиясига яқин таянчдан 6500 кВт.га улаб беришда амалий ёрдам бериши эвазига 15000 АҚШ долларини ўз хизмат хонасида тамагирлик йўли билан пора тариқасида олганлиги асос бўлган.

Ҳозирда ушбу жиноят ишининг дастлабки тергов ҳаракатлари Хоразм вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.   

Жиноят иши бўйича, М.Базарымбетовга нисбатан 25.12.2020 йилда ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблов эълон қилинган.

Шунингдек, Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг 25.12.2020 йилдаги ажримига асосан М.Базарымбетовга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шу сабабли, М.Базарымбетов ҳозирда Хоразм вилоят ИИБ 11-сонли тергов ҳибсхонасида сақланмоқда, дейилади тақдим этилган маълумотда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бош директори Муродбой Базаримбетов пора олганликда гумонланиб, қўлга олинган. У тадбиркордан газ станциясини электр тармоғига улаш учун 20 минг доллар сўрагани айтилган.

    Бошқа янгиликлар