АсосийЖамият

Истамбулни кашф этиш қаердан бошланади? (фотосаёҳат)

Аввал хабар берганимиздек, Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик жур...

Аввал хабар берганимиздек, Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истамбул, Анталия ва Кападокия шаҳарларига навбатдаги саёҳат уюштирилди. Айни пайтда ўзбекистонлик ОАВ ходимлари, хусусан, "darakchi.uz" муҳаррири ҳам афсанавий Истамбул шаҳрида бўлиб турибди. Бизнинг навбатдаги манзилимиз Галата минораси бўлди.

Истамбулни кашф этиш Галата минораси баландлигидан қарашдан бошланади

Шаҳарнинг тарихий масканларидан бири —  Галата минораси Истанбулнинг Европа қисмида жойлашган баланд бино. У шаҳарнинг энг муҳим рамзларидан биридир. Истамбулнинг Европа қисмида жойлашган Галата минорасининг баландлиги 67 метрни, диаметри 9 метрни ташкил этади. У денгиз сатҳидан 140 метр баландликда жойлашган. Бу дегани, минора Истамбулнинг исталган нуқтасидан кўриниб туради.

Тарихга кўра...

Маълумотларга кўра, 1348-49 йилларда генуяликлар тоғнинг тепасида минора қурадилар ва у мана шу кунгача сақланиб келган. Кейинчалик Константинопол даврида бу минора "Исо Масиҳ минораси" деб аталган. Минора ўзининг ҳозирги Галата номини Усмонли империяси даврида олган. Маълумотларга кўра, минора аввал бундан баланди бўлган, Султон Мехмет гумбазни олиб ташлагач, минора баландлиги 6,8 метрга қисқарган. Султон Мурод III даврида минорадан расадхона сифатида фойдаланилган. Шунингдек, маълум муддат у махсус кузатув жойи ҳам ҳисобланган. 1791 йилда минора реконстукция қилинган ва 1875 йилда минора замонавий кўринишга эга бўлган. 1960 йилларда эса минорада конус шаклидаги гумбаз қайта тикланган. Кейинчалик лифт ҳам қурилган. 

Ҳозирда ушбу минорада Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан музей ташкил этилган. 

Музейни томоша қилиш бир олам таасурот бўлса, миноранинг очиқ балконига чиқиб, бутун Истамбулни кўриш алоҳида ҳайратланарли. Бу ерда сиз ўз ҳисларингизни беркита олмайсиз. Бир сўз билан айтганда — бутун олам кафтдек намоён.

Биз эса Истамбулдаги энг диққатга сазовор масканлар ва қадимий обидалар бўйлаб саёҳатимизни давом эттирамиз. 

Фарида Эгамбердиева, Туркия-Истамбул

Бошқа янгиликлар