Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг товламачиликда айбланиб қўлга олиниши бугун кўпчилик томонидан муҳокама этилмоқда. Ҳар бир фикр мулоҳазада сўз эркинлигига таҳдид бўлаётганлигига хавотирни сезишингиз мумкин.
Депутат Расул Кушербаев эса бундан аввал Отабек Сатторий амалдорлар босимларидан шикоят қилиб, ундан ёрдам сўраганини маълум қилган эди.
Ўз чиқишида депутат Бош прокуратурадан сунъий уюштирилаётган жиноят ишининг барча иштирокчиларига нисбатан очиқ ошкора, жамоатчиликни хабардор қилган ҳолда холис текширув ўтказилишини талаб қилган.
Бош прокуратуранинг баёнотига кўра, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан О.Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов давомида суднинг ажрими билан О.Сатторийга нисбатан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
" - Бугунги кунда тергов органига 7 та ҳолат бўйича О.Сатторийнинг хатти-ҳаракатлари устидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ҳозирда ушбу ҳолатларга тергов йўли билан ойдинлик киритилмоқда.
Жиноят ишининг қўзғатилиши қонунийлиги ўрганилганда, вилоят ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланмади.
Тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган.
Маълумот тариқасида: О.Сатторий Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40 (Туҳмат), 41 (Ҳақорат қилиш), 202-2-модда (Ёлғон ахборот тарқатиш) лари билан айбли деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Бунга унинг 2021 йил январь ойида ижтимоий тармоқларда “Денов кўмир омбори” ҳамда Термиз шаҳридаги ҳайвонот боғи ходимлари мулкларни ўзлаштириш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этганликлари ҳақида ҳақорат ва туҳматлардан иборат ёлғон ахборот тарқатганлиги сабаб бўлган", дейилади Бош прокуратура хабарида.