my5
Sevimli

Фарғонада қайнота ҳаддидан ошиб кетган келинини пичоқлади

ЖИНОЯТ 04.03.2021, 14:25
Фарғонада қайнота ҳаддидан ошиб кетган келинини пичоқлади

Яқинда жиноят ишлари бўйича Данғара туман судида келинини пичоқлаган қайнотанинг қотиллик жинояти кўриб чиқилган. Бу ҳақда  жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси Ҳаётбек СОТВОЛДИЕВ маълум қилди.

Маълум қилинишича, қотиллик содир бўлган куни эрталаб қайнота-қайнона  нонушта қилиб ўтирганида, негадир келини хонасидан чиқмаган. Ҳатто 3 нафар боласини ҳам ташқарига чиқартирмаган. Қайнонаси нонуштага чорласа ҳам ичкарида ётаверади. Қайнота-қайнона ўғли Рустамжонни ишга кузатиб, дастурхон йиғиштирилгач, ичкари хонадан келини Дилдорахоннинг 9 ёшли боласига қарата “Бувингни айтганини қилмайсан, мени айтганимни қиласан, нонушта тайёрла!” деган буйруғини эшитганида ҳам қайнота ўзини босади. “Келин-да, яна уришгиси келиб турибди, шекилли” деган хаёлда парво қилмади. 

Нонуштасини қилиб бўлган келин яна хонасига кириб, ётиб олади. Қайнота бу ҳолатни сезсада яна индамайди. Тушлик пайт  келини Дилдорага “Тушликка овқат қилинг” дегандики, келини унга бақрайиб туриб “Овқат қилмайман!” деган терс жавобни беради.

Қайнота яна индамайди. Тушликка овқатни қайнона тайёрлайди. Келини яна ташқарига чиқмайди.

Шу тариқа кеч бўлади. Бу вақтда қайнона ота уйига чиқиб кетади. Келини эса ҳовлига чиқиб, ўз кирларини юва бошлайди. Кутилмаганда Дилдора қайнотасига  “Уйимга кетаман. Ўша ерда дориларни олиб, даволаниб келаман” дейди. Бу гап қайнотасига анча оғир ботади. Келинига “Қайнонангиз чиқса, рухсат сўраб бораверасиз” деган жавобни беради. Бундан жаҳлланган келини дарҳол қўл телефони орқали ишдаги эрига қўнғироқ қилади ва уйга чақиради. Эри ишдалигини, ҳозир боролмаслигини айтса, эрига жаврайди. 

Келинининг бу тахлит жавраши қайнотага ёқмайди ва унга кеч бўлганда кетмаслигини, дориларни шу ерда ҳам олаверишини айтишга мажбур бўлади. Бироқ келини сўкиниб, бу хонадонда эркак йўқлигини, камчиликларни қилиб бермаётганликларини айтиб, яна жаврашни кучайтиради. Ва кейин қайнотасига қарата кўчага чиқиб, кийимларини ечиб, “Қайнотам тегажоқлик қиляпти, номусимга тегди” деб айтаман деб, туҳмат қила бошлаган. Мана шу гап қайнотанинг жон-жонидан ўтиб кетган. 

Қайнота набираларини телевизори бор хонага киргазиб, қассобчилик қилиб юрганида ишлатадиган пичоғини қўлига олади-ю, келинининг ортидан унинг хонасига киради. “Қаерга кетасан, ким сенга жавоб берди, нимага менга туҳмат қиласан?” деб келинига қўлидаги пичоқни кўрсатиб, уйдан чиқиб кетса, ўлдириб юборишини айтиб, таҳдид қилади.

Рўпарасида пичоқ тутганича важоҳат билан қайнотаси турганига ҳам парво қилмаётган Дилдора эса “Ўлдириш қўлингдан келмайди…” дея қайнотасини ҳақорат қилади… Қайнота келинини ҳақоратларига чидай олмай сўйиб ташлайди.

Суд жараёнида судланувчи Р.Соҳибов ўзига нисбатан эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрор ва пушаймон бўлиб, келини ҳаётлик пайтида бирор марта тегажоқлик қилмагани, қилмишига пушаймонлиги, ўзига нисбатан қонуний енгиллик берилишини сўраган.

Судда марҳуманинг онаси қизи илгари қайнотаси билан муносабати яхши бўлганлигини айтган. 

Онанинг айтишича,  охирги 2-3 йил ичида қизи қудалар камбағалдан чиққан эканлигини айтиб, нафсониятига тегаётганларини ҳасрат қила бошлаган. Она қизига оиласи бузилиб кетмаслик учун  сабр қилиши кераклигини маслаҳат қилган.  Қизи қайнотаси унга нисбатан ҳирсий муносабатга бўлганлиги ёки ўрталарида бирон-бир жинсий яқинлик бўлганлиги ҳақида айтмаган. Она қизини охирги маротаба ўлимидан 1 кун аввал уйига келган вақтида кўрган. Ўшанда қизида бир ҳафтадан бери қон босими ошиб турганлиги ва асаблари жуда ҳам таранг,  нимагадир сиқилиб кетаётганлигини айтиб, 3-4 кун қизлик уйида  қолишини сўраган. Лекин она қизини  уйига жўнатиб юборган. Қизини ўлдирилишига нима сабаб бўлганлигидан ажабланган. Чунки, онанинг билдиришича, қизини бетга чопадиган ва қайнотаси билан юзма-юз туриб уришадиган одати йўқ бўлган. Онаизор судда агар озгина бўлса ҳам қайнотаси уни ўлдиришини билганида, қизини уйига олиб келиб олган бўлишини айтиб надомат чеккан.

Суд ҳайъати судланувчи Р.Соҳибовга жазо тури ва унинг миқдорини тайинлашда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори тушунтиришларига амал қилиб, жазони оғирлаштирувчи ҳолат мавжуд эмаслигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, айбига тўлиқ иқрор ва пушаймонлигини, жабрланувчининг оғир хақорати сабабли ушбу жиноятни содир этганини, жабрланувчининг қонуний ваклини унга нисбатан даъвоси йўқлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида ҳамда Р.Соҳибов томонидан содир этилган қотиллик усулини эътиборга олиб, ўзи айбланган модда санкциясида назарда тутилган энг кам жазони тайинлашни лозим топди. Ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+19° ясно
Валюта курси
10475.41
USD -2.51
12469.93
EUR 9.59
135.43
RUB -0.33