АсосийJamiyat

Ўртачирчиқда вояга етмаган қизнинг таҳқирлангани айтилаётган ҳолат бўйича қўшимча тафсилотлар маълум қилинди

'Ўртачирчиқда вояга етмаган қизнинг таҳқирлангани айтилаётган ҳолат бўйича қўшимча тафсилотлар маълум қилинди'ning rasmi

 Шу кунларда интернет нашрларида Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида содир бўлган воқеа бўйича “14 ёшли қизалоқнинг номусига теккан шахслар жазосиз қолмоқда”  сарлавҳаси остида эълон қилинган хабар ижтимоий тармоқларда ҳамда жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинаётгани ҳақида маълум қилган эдик.  

Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати раҳбари  мазкур жиноят иши юзасидан прокуратура органлари ва вилоят ИИББ назоратида тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлигини маълум қилди. 

Ҳозирча очиқланиши мумкин бўлган ҳолатларга кўра, 2020 йил 16 сентябрь куни Ўрта Чирчиқ туманда яшовчи фуқаро Б.А. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида 2006 йилда туғилган қизи Д.О. 2020 йил 11 сентябрдан буён уйдан номаълум томонга чиқиб кетиб бедарак йўқолганлигини маълум қилиб, топилишида кўмак сўрайди. Ўрта Чирчиқ тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув ва суриштирув ҳаракатлари натижасида вояга етмаган Д.О. 2020 йил 26 сентябрь куни Нурафшон шаҳрида эканлиги аниқланади ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, уйига қайтарилади.

Ҳолат юзасидан вояга етмаган қиз билан ўтказилган суҳбат ва унинг кўрсатмасида, ҳақиқатдан ҳам 2020 йил 11 сентябрь куни ўзига олдиндан таниш бўлган фуқаро А.Х. билан биргаликда чиқиб кетганини маълум қилган.

Шунингдек, гумон қилинувчи 1991 йилда туғилган А.Х.ўз кўрсатмасида, вояга етмаган қиз унга ўзини 2000 йилда туғилганлигини айтиб таништирганини ва ижарада яшаш учун уй топиб беришини сўраганини, шу сабабли унга Нурафшон шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирини ижарага олишга ёрдамлашганини, лекин ижара уйда вояга етмаган қизнинг бир ўзи яшаганлигини маълум қилган.

Суруштирув давомида, вояга етмаган Д.О. уйидан чиқиб кетган вақтда отаси Б.А. турмуш ўртоғи Д.А. билан (2017 йилдан 2020 йил 16 сентябргача) Россия Федерациясида бўлганликлари аниқланган.

Маълум қилинишича, дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида, вояга етмаган Д.О.га нисбатан тайинланган судга оид психиатрия ва психология комплекс экспертизаси хулосаси олинмаганлиги сабабли 2020 йил 30 октябрда жиноят иши юзасидан олиб борилаётган дастлабки суриштирув ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 364-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан ҳаракатдан тўхтатилган.

" – Ҳозирда мазкур жиноят иши қайта тикланган ва тергов жараёнида барча мавҳум ҳолатлар очиқланмоқда. Ишини ҳар томонлама тўла ва холисона олиб борилишини таъминлаш, айбланувчи, фуқаровий даъвогар ва жабрланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши лозим бўлганлар ҳамда ҳолатга гувоҳ бўлган шахсларни терговга жалб қилиш зарурати юзасидан қўшимча суруштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳолат юзасидан Қонун устуворлиги тўлиқ таъминланади.

Шу ўринда мақола муаллифи, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари журналист ва блогерлардан, бу каби тергов жараёнлари олиб борилаётган ҳолатларда вазиятга бир томонлама ёндашмасликларини, воқеа юзасидан иккичи томон изоҳларини ҳам ўрганиб чиқишларини, қонун ва қонун ости ҳужжатларига амал қилишларини сўраймиз",  – дейди Ахборот хизмати раҳбари.

Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғининг маълум қилишича, аниқланишича, ҳолат юзасидан Ўртачирчиқ тумани прокурори томонидан 2020 йил 30 сентябрь куни Жиноят кодексининг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.  

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида, жиноят ишига жалб қилинган гумондор шахсни айбланувчи тариқасида ишга жалб қилиш учун асослар етарли эмаслиги, тайинланган экспертизалар хулосалари тайёр бўлмаганлиги сабабли 2020 йил 30 октябрь куни жиноят иши юзасидан олиб борилаётган дастлабки суриштирув харакатлари жиноят-процессуал тартибида ҳаракатдан вақтинча тўхтатилган.

" – Мазкур жиноят иши 2021 йил 13 февраль куни қайта тикланиб, тергов ҳар томонлама тўла ва холисона олиб борилишини таъминлаш, айбланувчи, фуқаровий даъвогар ва жабрланувчи  тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши лозим бўлган шахсларни аниқлаш учун ҳолатга гувоҳ бўлган шахсларни терговга жалб қилиш зарурлиги сабабли жиноят иши тергов органига ўтказилган.

Ҳозирда Ўртачирчиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", - дейилади Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи баёнотида. 

Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан тергов иши ҳар томонлама тўла ва холисона олиб борилиши ҳамда якунлари бўйича қонуний қарор қабул қилиниши назоратга олингани ҳақида хабар берилган эди.

    Бошқа янгиликлар