my5
Sevimli

Али муаллим ва Назарнинг “уйи” ҳамда “Хинолиқор” қишлоғи бугун қандай кўринишда? (фотосаёҳат)

ДУНЁ 07.04.2021, 18:29
Али муаллим ва Назарнинг “уйи” ҳамда “Хинолиқор” қишлоғи бугун қандай кўринишда? (фотосаёҳат)

Барчамиз севиб томоша қилган “Хинолиқор” сериали суратга олинган уй, 500-700 йилдирки ўз кўринишини ўзгартирмаган бутун бошли қишлоқ, дунёда торлиги бўйича иккинчи ўринда турадиган кўча. Буларнинг барчаси биргина Туркиянинг Бурса валилигидаги Жумаликизик қишлоғига дахлдор бўлган манзиллардир. Туркия маданият ва туризм вазирлиги ташаббуси билан Бурсага ташкил этилган пресс-турда биз ҳам иштирок этиб, у ернинг энг диққатга сазовор жойларида бўлдик. Олган таасуротларимиз ва маълумотларимизни  сизлар билан ҳам бўлишишга қарор қилдик. 

“ХИНОЛИҚОР” ХОНАДОНИ

Ўзбек киноихлосмандлари томонидан мириқиб томоша қилинган мазкур сериалнинг асосий саҳналари суратга олинган хонадон Бурсанинг Жумаликизик қишлоғида жойлашган. Унинг машҳурлашиши қишлоқнинг туризм салоҳияти ошишида ҳам муҳим аҳамият касб этган. Сайёҳлар айнан “Хинолиқор” хонадони учун ҳам Жумаликизикка келиб, бир пиёла чой устида хаёлан қахрамонлар Али муаллим ва Назар билан суҳбат қуришади гўё. 2-қаватдаги айвондан туриб, хонадон ҳовлиси ва атроф манзараларини томоша қилиб завқ олишади.

6-7 АСРКИ ЎЗ КЎРИНИШИНИ САҚЛАБ ҚОЛГАН ҚИШЛОҚ

Бу қишлоқнинг ташриф қоғози фақатгина “Хинолиқор” хонадони десак, бироз нотўғри талқин бўлади. Сабаби Жумаликизикнинг ҳар қадамида ҳайрат ва сир-синоат мужассам. 24 ўғуз турк уруғларидан бири бўлмиш Кизиклар яшайдиган бу қишлоқ Бурсадан 10 км узоқликдаги Улуғтоғ ёнбағридаги баҳаво жойда жойлашган. Унинг барпо этилиши XV асрга бориб тақалади. UNESKO нинг маданий меърос объектлари рўйхатига киритилган бутунбошли қишлоқ ҳамонки ўз кўринишини сақлаб қолган. Бу ерда истиқомат қилувчи кизик халқи боғдорчилик баробарида сайёҳларга турли сувинерлар, зайтун ёғи ва меваси ҳамда зираворлар сотиш, ошхона, меҳмонхона хизматларини кўрсатиш орқали тирикчилик қилишади. Тош ва тор йўллар, икки қаватли, пастқам, лой сувоқли мўжазгина уйлар оралаб юраркансиз, ўзингизни ё тарихга, ё эртакка тушгандек ҳис қилаверасиз. Хозирда қишлоқдаги мавжуд 270 та хонадондан 180 тасида шу ерликлар истиқомат қилишар экан.

ДУНЁДАГИ ЭНГ ТОР КЎЧАЛАРДАН БИРИ

Дунёда торлиги бўйича 2-ўринда турадиган 80 см энли кўча ҳам айнан Жумаликизик қишлоғида барпо этилган (1-ўринда Чехиянинг Прага шаҳрида жойлашган 70 см энлиликдаги Винарна Чертовка кўчаси). Айтишларича, XX аср бошларидаги Мустақиллик жангида Жумаликизикни босиб олган юнон аскарлари қишлоқ марказида жойлашган жомэъга кизикларни тўплаб, ёқиб юбормоқчи бўлишади. Қишлоқ аҳли шу тор йўл орқали қочиб чиқиб кетиб, ўз жонларини қутқаришади. Кўз илғамас даражадаги тор кўчанинг борлигини билмай қолган аскарлар уларнинг қаерга қочиб кетишганини билолмай қолади. Йўлни топганларида эса, қишлоқ аҳли анчагина узоққа қочишга улгуришади. 

“Хинолиқор” уйига ушбу QR-код орқали жонли саёҳат қилинг.

 

Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ

Тошкент-Истанбул-Бурса-Тошкент

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+20° ясно
Валюта курси
10475.41
USD -2.51
12469.93
EUR 9.59
135.43
RUB -0.33