my5
Sevimli

Тошкент вилоятидан Қорахонийлар даврига оид хазина топилди(фото)

МОЗИЙДАН САДО 19.04.2021, 17:11
Теглар: Қорахонийлар даври, хазина
Тошкент вилоятидан Қорахонийлар даврига оид хазина топилди(фото)

Тошкент вилояти Оққўрғон туманида 427 дона мис тангалар жамланмаси топилди. Бу ҳақда Фанлар академияси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, тангалар туманнинг Шоҳрухия маҳалла фуқаролари йиғини Ҳосилдор маҳалласининг жанубидаги Сирдарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган Шоҳрухия археологик ёдгорлигининг дарёга туташ жарлигидан шу ерли фуқаро томонидан топилган. Топилма кўкимтир тусга кириб қолган бўлиб, тангалар жамланмаси мато қопча ичига солинган бўлган. Қопча тангалар олинаётган пайтида титилиб, кукунга айланиб кетган.

Топилма ҳақидаги мурожаат академияга хабар қилингач, 18 апрель, якшанба куни илмий жиҳатдан ўрганиш мақсадида Институтга олиб келинган. Кўринишидан занг босиб, кўкимтир тусга кириб қолган мис тангаларнинг бир нечтаси тозаланган. Ўрганишлар натижасида уларнинг оғирлиги 4 граммдан, диаметри 31–33 миллиметрдан иборат эканлиги аниқланган. Шунингдек, тангаларнинг ҳар иккала томонига бўртма шаклида араб ёзувида матнлар битилиб, безаклар туширилган. Олд томонига қавариқ кўринишдаги икки қаторли, саккиз қиррали геометрик шаклли ҳошия ичига араб ҳарфларидаги «لا اله الا / الله محمد / رسول» – «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг расули» сўзлари битилган.

Ҳошиядан ташқарида, танганинг четига ҳам айланасига араб ҳарфларида сўзлар ёзилган бўлиб, улар ўчиб кетгани сабаб нималар ёзилганини аниқлашнинг имкони бўлмаган. Танганинг орқа томонига ҳам қавариқ кўринишда икки қатор ҳалқа ичига нуқтачалар туширилган бўлиб, ҳошия ичига тўрт томонидан ташқарига баргсимон безатилган квадратча ичига эса арабий ҳарфларида «ارسلاب / خاقان?» — «? Арслон хоқон» сўзлари битилган. Танганинг бу томонидаги ҳошия ташқарисидаги арабий ҳарфлар чекилган ёзувлар ҳам ўчиб кетган.

Маълумот ўрнида, мазкур танганинг зарб этилиш даври Қорахонийлар ҳукмдори Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон (?-1130/1131) номи билан боғлиқ бўлиб, у 1102–1130 йилларда Мовароуннаҳрни бошқарган. Танганинг зарб этилиш даври унда қайд этилган Арслон хоқон номи орқали ўз тасдиғини топади. Танганинг таҳлили ўша даврда бу ҳукмдор «Арслон хоқон» деб номланганини ифодалайди. Бу маълумот ҳам тарихни ойдинлаштириш учун муҳим далил ҳисобланади.

Топилмалар аниқланган Шоҳрухия ёдгорлиги милодий I асрлардаёқ мустаҳкам бошқарув тизими, яъни қароргоҳ – арк ва аҳоли яшайдиган қисм – шаҳристондан иборат шаҳар бўлган. IX-ХII асрларда шаҳар ривожланиб, Банокат номи билан машҳур бўлган ва шу ном билан тангалар ҳам зарб қилинган. Мўғуллар даврида вайрон этилгач, Амир Темур  даврида қайта тикланиб, Шоҳрухия номини олган. Маълумотларга кўра, ХVIII асрларга келиб ёдгорлик яна харобага айланган. Ушбу шаҳар ўз вақтида жанубдан Тошкент воҳасига кириб келинадиган карвон йўлини ва Туроннинг шимолий ўлкалари назорат қилинадиган қўрғон-шаҳар вазифасини бажарган. Шаҳарнинг ўша давр аҳолиси орасидаги савдогар ёки амалдорлар бу топилган тангаларнинг эгаси бўлиши эҳтимоли мавжуд.

Шарҳлар