Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) нинг расмий сайтида "Бола ҳуқуқлари бўйича вакил: Китоб туманидаги 5- Меҳрибонлик уйини тугатиш керак! Болалар жуда ёмон шароитда яшашмоқда" сарлавҳали мақола чиқарилгани ҳақида хабар берган эдик.
Унда Китоб туманида жойлашган 5-Меҳрибонлик уйида туман прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишда муассаса тарбияланувчилари учун етарли шароитлар яратилмаганлиги, муассаса жихозлари эскириб қолганлиги, тарбияланувчиларни соғлом овқатлантириш нормаларига амалга қилинмаётганлиги ҳамда озиқ-овқат омборхонаси санитария талабларига жавоб бермаслиги аниқланганлиги билдирилган.
Китоб тумани прокуратураси томонидан муассасада ўтказилган текшириш натижасига кўра, ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган муассаса директори ҳамда омбор мудири эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди, директор ўринбосари интизомий жавобгарликка тортилди, хўжалик мудири ва парҳез ҳамширасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик туғрисидаги кодексининг 53-моддаси (Санитария қонун ҳужжатларини бузиш) билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.
Шунингдек, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида Китоб туманидаги 5-Меҳрибонлик уйининг 66 нафар тарбияланувчиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тадбир “Sen yolg`iz emassan” республика жамоат болалар жамғармасининг тегишли хати ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатмаси асосида ташкил этилди.

- Кўрикни юқори савияда ўтказиш учун барча шароитлар яратилди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош педиатри Ғайрат Олмосов.- Хусусан, кўрикдан олдин болалар туман тиббиёт бирлашмасида зарур бўлган барча лаборатория текшируувларидан ўтказилди. Чуқурлаштирилган тиббий кўрикка вилоятдаги ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларидан малакали болалар тор соҳа мутахассислари жалб этилди.






