my5
Sevimli

Эснаш хавфли хасталиклар аломатими?

САЛОМАТЛИК 25.04.2021, 12:34
Эснаш хавфли хасталиклар аломатими?

Кўпгина инсонлар эснашни мутлақо зарарсиз ва ҳатто фойдали рефлекс деб ҳисоблайди. Аслида тез-тез ва асоссиз эснаш хавфли касалликларнинг аломати бўлиши мумкин. Хўш, эснашнинг фойдали жиҳатлари ҳам борми? Одатда инсоннинг қанча эснаши меъёр ҳисобланади? Депрессияга мойил инсонлар кўп эснайдими? ССВ матбуот хизматининг шу каби саволларига тиббиёт фанлари доктори Бахтиёр Ғофуров жавоб берди.

—  Эснашнинг фойдали жиҳатлари ҳам борми?  

—  Бу одатнинг инсонга фойдали жиҳатлари жуда кўп: у орқали мушаклар бўшашиб, мия ва тананинг бошқа аъзолари кислород билан тўйинади, организмдаги жисмоний чарчоқ ва руҳий юк енгиллашади, энг асосийси, эснаш мияни “совутиш”га ёрдам беради.

Эснаш пайтида энг кўп жағ мушаклари зўриқиб, улар тўғридан-тўғри инсоннинг кўришига таъсир қилади. Олимларнинг айтишича, уйқусида тишини ғижирлатадиганларга эснаш фойдали экан. Кўпчилик эснашни тезроқ ухлашга кўмаклашади, деб ўйлайди. Бу нотуғри, аксинча, у уйқуни қочириб, танани тетиклаштиради.  

— Одатда инсоннинг қанча эснаши меъёр ҳисобланади?  

— Одатда инсон бир кунда 7-15 мартагача эснаши меъёр ҳисобланади. Бироқ ундан ортиқ эснаш, аввало, сурункали чарчаш синдроми ҳисобланиб, бу ҳолатни кунлик 7-8 соатлик уйқу билан енгиб бўлмайди.  

Боиси, бу синдром узоқ давом этган оғир иш жараёни, тўйиб ухламаслик, нотўғри овқатланиш, спорт ва жисмоний меҳнат билан мунтазам шуғулланмаслик оқибатида ривожланади. Мутахассислар томонидан бундай эснаш қонда кортизол (стресс) гормонининг миқдори орттиши билан тушунтирилади.  

Шунингдек, инсон сурункали чарчаганда кўкракда оғриқ, нафас олиш ва юрак уришининг тезлашиши, бош оғриғи ва ҳатто, ҳушдан кетиш ҳолатлари ҳам кузатилади.

—  Депрессияга мойил инсонлар кўп эснайдими?

—  Биламизки, бугунги кунга келиб, инсониятнинг интенсив ҳаёт тарзи, орзу-ҳаваслар ортидан қувиш, ҳаётда ўзимиз ўрнатган юқори мақсадларга ета олмаслик натижасида руҳий зўриқишлар ва депрессия кучайиб бормоқда.  

Тез-тез ва бетартиб эснаш ушбу хасталикнинг аломати бўлиши мумкин. Боиси, депрессия пайтида инсонда кортизол гормонининг ортиб кетиши кузатилади ва бунда бемор кўп эснайди.  

Қолаверса, антидепрессантлар ичиш ва бунинг натижасида серотонин гормони миқдорининг ортиши ҳисобига ҳам бундай ҳолат кузатилиши мумкин. Депрессия вақтида бемор умидсиз ва хомуш кайфият таъсиридан чиқиб кета олмайди ҳамда атроф-муҳитга қизиқиши йўқолиб, бош оғриғи ва ихтиёрсиз агрессия кучаяди. Шу боис, бундай вазиятларда шифокорга мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси