АсосийJamiyat

Яна бир янги агентлик ташкил этилади

'Яна бир янги агентлик ташкил этилади'ning rasmi

Айни пайтда бўлиб ўтаётган Президент иштирокидаги видеоселектор йиғилишида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилиши айтилди. 

“Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг йиғилишдан маълум қилишича, Агентлик, энг аввало, дунёда самарали натижа берган ўқитиш методикалари, дастур ва дарсликларини боғча, мактаб, лицей, олийгоҳ ва ўқув марказларида жорий этиб, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришга кўмаклашади.

Агентлик вазифалари:

  • Таълим муассасалари, тармоқлар ва ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, камида 10 та чет тилини (инглиз, рус, немис, француз, хитой, корейс, япон, турк, араб, форс) ўргатишни ташкиллаштиради.
  • Болаликдан хорижий тилларни пухта ўрганиш кўникмаларини шакллантирадиган оммабоп контентларни ишлаб чиқади.
  • Вазирлик, идора ва бошқа иш берувчилар билан бирга, хизматчиларнинг касбий фаолиятини хорижий тилларда тўлиқ амалга ошириш имкониятини берадиган методикаларни ишлаб чиқиб, шароитга мослаган ҳолда, амалиётга жорий этади.
  • Давлат тилидан хорижий тилларга ва аксинча бир неча хорижий тиллардан давлат тилига профессионал таржима қилади.
  • Мактаблар, олийгоҳлар, туман, шаҳар ва вилоятлар, тармоқ ва давлат идораларида хорижий тилларни билиш рейтингини ҳам юритади.

Чет тили ўқитувчилари учун малака талаблари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади ҳамда малака тоифаларини беради.

Бир сўз билан айтганда, Агентлик “боғча – мактаб – олийгоҳ – корхона” узлуксиз занжири орқали, аҳолининг барча қатламига мос бўлган тил ўрганиш методика, тавсия ва дарсликларини ишлаб чиқишни ташкил этади ҳамда уларнинг амалга оширилишига кўмаклашади. Жаҳон тиллари ва Шарқшунослик университетлари, Самарқанд чет тиллари институти билан бир қаторда, ҳар бир вилоятда биттадан университет чет тиллари бўйича таянч олийгоҳ сифатида белгиланади. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳудудларда чет тилларини ўргатиш муҳитини шакллантириш, бунга ташкилий ва молиявий шароит яратишга шахсан масъул бўладилар”, - деди давлат раҳбари.

 

    Бошқа янгиликлар