Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида бир гуруҳ депутатлар ҳуқуқ тартибот органлари томонидан тинтувдан ўтказилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Хабарда айтилишича, маҳаллий депутатлар томонидан ижтимоий тармоқлар орқали тегишли идоралардан Андижон шаҳар ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги айрим қарорларини ноқонунийлиги бўйича ўрганиш ўтказишни талаб қилишлари ортидан Андижон шаҳар прокурори томонидан 2021 йил 6 май куни шаҳар Кенгаши депутати Ш.Каримовни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашига тақдимнома киритилган.
Мазкур тақдимнома асосида халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида депутат Ш.Каримовни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи кўриб чиқилган.
Миллий Гвардиянинг маълум қилишича, тинтувлар тартиб қоидалар асосида ўтказилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдирди. Унга кўра, бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш мамлакатимиз кун тартибидаги асосий масалаларидан бири бўлиб турган, бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилаётган бир пайтда бевосита коррупцияга қарши курашиш фаолияти билан шуғулланувчи идора томонидан коррупция ҳолати ҳақида хабар берган шахсни ҳимоя қилиш ўрнига, унга нисбатан турли таъсир чоралари қўлланилаётганини оқлаб бўлмайди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур ҳолатнинг назоратга олинганини ва натижалари бўйича қўшимча ахборот беришни маълум қилди.






