Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

Тамаки қарамлигидан қандай халос бўлиш мумкин?

Бўлимлар: Саломатлик
Теглар:
Добавлено: 10.03.2016, 12:36

Фарзанд кўришни режалаштираяпсиз. Шифокор кўрсатмаси билан турли витамин ва дори-дармонларни қабул қиласиз, соғлом турмуш тарзи тарафдорисиз. Хўш, бу ишларда жуфтингизнинг ҳиссаси борми? Сўраганимиз бежиз эмас. Норвегиялик олимлар томонидан ўтказилган илмий тадқиқот хулосасига кўра ҳомила соғлом ривожланиши учун нафақат аёл балки эркакнинг ҳам зарарли одатлари хусусан спиртли ичимликлар ва тамаки махсулотларидан воз кечиши лозим экан. 13 минг эркак ва аёл иштирокида ўтказилган кузатувда айнан эркакнинг кашандалик балосига мубтало бўлгани туғилажак болада астма хасталиги ривожланиш эҳтимоли борлигини кўрсатган. 

Фаҳмлаганингиздек, бугун тамакининг соғлиққа таъсири ва ундан ҳалос бўлиш чоралари тўғрисида суҳбатлашамиз. Мавзу юзасидан Республика наркология маркази, Наркология 2 бўлими шифокори Ўктам Таджибаев маълумот беради.

Тарихий манбаларда ёзилишича, сайёҳ Христофор Колумб Марказий Америкадан Европага номаълум турдаги ўсимликни келтиради. Аввалига ўсимликдан ҳосил бўлган тутун жиддий безовталик келтириб чиқармайди. Ўсимлик баргларини қуритиб, найча қилиб чекишга одатланишгач эса аста-секинлик билан унга тобелик юзага келади. Чинакамига тамаки кўринишини олиши эса швед олими Карл Линней томонидан ўсимликни хонакилаштириш натижасида содир бўлган. Ундан олинган моддага эса никотин деб ном беришган. Бир қарашда ҳеч қандай ғализ ниятларни кўзламай амалга оширилган ишлар алал оқибат инсониятнинг жиддий муаммосига айланишини ким ҳам ўйлабди дейсиз. 

ҚУРБОНЛАР СОНИ  ОРТАЯПТИ...

Ҳар бир чекувчи киши тамаки соғлиғи учун нақадар хавфли эканлигини яхши билади. Аммо ўрганган кўнгил ўртаниб қўймас қабилида иш тутиб, кашандалик балосига бас дейишолмайди. Статистик маълумотларга юзлансак, ер юзида ҳар йили икки-уч миллиондан ортиқ  инсонлар чекишга ружу қўйиш оқибатида ҳаётдан эрта кўз юмишади. Жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумоти эса янада дахшатли ҳодисаларни башорат қилмоқда: олимларнинг тахминларига кўра 2030 йилга бориб бир йилда 10 миллионга яқин киши тамаки қурбонига айланиши мумкин. Айтишга осон, аммо тасаввур қилинса манзара жуда аянчли. 
 
Тамаки чекиш умрингизни 5-10 йилга қисқартиради. Наҳот шу йилларни асраб қолишни истамасангиз. Оилангиз, фарзандларингиз, асосийси ўзингиз учун....

ОХИРИ «ВОЙ» ...

Чекиш дастлаб ўпкани зарарлайди. Ўпка альвеолалари ва майда бронхлар тамаки заҳаридан ишдан чиқади. Килород етишмовчилиги юзага келгач, бронхлардаги сурункали яллиғланиш узоқ ва давомли йўтал хуружларини келтириб чиқаради. Бу эса кўп ҳолларда обструктив ўпка бронхити – оғир сурункали ўпка хасталигига сабаб бўлади.  Энг ёмони кашандалик ўпка саратони ривожланишини юзага келтиради. Тамаки тутунида 3 мингдан зиёд кимёвий моддалар бор, улардан 60 га яқини саратон ҳужайраларини фаоллаштириши мумкин. Шу билан бирга чекиш асорати ҳалқум, оғиз бўшлиғи, қизилўнгач, меъда ости бези, буйрак ва сийдик пуфагига ҳам ножўя таъсир этиб, турли хасталикларни қўзғатиши  ҳеч гап эмас. 

САРИҚЛИКНИ СЕЗДИНГИЗМИ?

Тиш эмалининг сарғайиши тамаки таъсирининг  белгисидир. Буни чекувчилар яхши билишади. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас. Тамаки заҳаридан тери силлиқлиги йўқолиб, бора-бора сарғаяди. Ажин тушиб, эрта кексайиш аломати бошланади. «Эркакка чиройни ким қўйибди» дейсизми? У ҳолда еган луқмангиз бекорга кетаётганини ҳам биларсиз? Бир дона сигарет организмдан 25 мг С витаминини ўғирлаб, D витаминининг сингишига тўсқинлик қилади. Оддий шамоллаш ёки тумов ҳам бир неча ҳафталаб давом этиши, тери жароҳатлари 4-5 ойгача битмаслигига жавобингиз борми? 

ЯҚИНЛАРИНГИЗ ҲАМ ХАВФДА!

«Чексам зарари менга, сизга нима» дейишга шошилманг. Зеро тамаки фақат чекувчиларга эмас, уларнинг яқинлари яъни атрофидаги инсонларга ҳам зарар етказади. Тамакидан ажралиб чиқувчи тутун катталарда ўпка ва нафас йўллари, турли аллергик таъсирлар ҳамда юрак фаолияти билан боғлиқ безовталикларга сабаб бўлса, болаларда эса ўткир респиратор касалликлар қўзғалишига замин яратади.

ЧЕКИШНИ ҚАНДАЙ ТАШЛАШ МУМКИН?

Ростини айтамиз, осон бўлмайди. Никотинга ўрганга организмингиз уни яна хумор қилганида жиззаки, асабий бўлиб қолишингиз, иштаҳангиз йўқолиши ёҳуд ҳаддан кўп овқат ейиш, бош оғриқлари ёки кайфият ўзгарувчанлиги, уйқусизлик кузатилиши мумкин. Аммо тарозунинг бир палласида соғлиғингиз турганида булар нима деган гап. Енгиб ўтоласиз, тўғрими?

Соғлом ҳаётга қайтиш йўлида қуйидаги беш йўлни таклиф этамиз:

1.  Чекишни ташлаш куни: қачондан бошлайсиз – эртага ёки индин? Аниқлаштириб олинг. Уй, ишхона ҳатто машинадаги сигаретларни ҳам йўқ қилинг. Спорт билан шуғулланинг. Югуриш, сузиш кабилар ўпка тозаланишида асқотади. 
2.  Ўзингизни чалғитишга ҳаракат қилинг. Агар сигарет чекиш хумор қилаверса ялпиз таъмли конфет ёки шунга ўхшаш бирор ширинлик ёки сақич билан таъм билиш сезгисини алдашга урининг. Кун давомида кўпроқ суюқлик ичинг, мева ва сабзаот шарбатлари айни муддао. 
3.  Шифокорга мурожаат этинг. Ҳозирда тамаки қарамлигидан ҳалос бўлишнинг бир қанча самарали усуллари бор. Психотерапия, дори – дармонлар ҳамда кўмакчи воситалар ёрдамида норколог мутахассис мушкулингизни осон қилади. 
4.  Яқинларингиздан ёрдам сўранг. Бу иллат биргина сизнинг ташвишингиз эмас. Шундай экан тамакига қарши курашишда улар ҳам фаол бўлишсин. 

ЭПЛОЛМАСАМ-ЧИ?

Бўлиши мумкин. Аксарият чекувчилар 3-6 ойдан сўнг  яна чекишни бошлашади. Аммо бу ҳаммаси тамом дегани эмас. Маълумотларга кўра бир неча марталик уринишлардан кейин тамакидан мутлақо ҳалос бўлганлар жуда кўп. Ўйлаймизки сиз ҳам кўпчилик қаторидасиз.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа