“Бир нарсани тўғри тушуниш керак, агар инсоннинг яшаш шароити яхши бўлмаса, оиласида тинчлик, ишида унумдорлик бўлмайди, норозилик кайфияти кучаяди”, - деди Президент Шавкат Мирзиёев айни пайтда давом этаётган видеоселектор йиғилишида. Шу ўринда уй-жой коммунал ва қурилиш соҳасида оқсоқликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
“Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг йиғилишдан маълум қилишича, жорий йилда ишга туширилган “Шаффоф қурилиш” тизими орқали, пудратчиларни очиқ-ошкора танлаб олиш натижасида, бир ойнинг ўзида инвестиция дастурлари доирасида 400 миллиард сўмдан зиёд маблағлар иқтисод қилинган.
Шундан:
- Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Самарқанд ва Сирдарёда – 40 миллиард сўмдан;
- Хоразмда – 35 миллиард сўм;
- Бухоро, Жиззах, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида – 30 миллиард сўмдан.
Сўнгги 3 йилда умумий майдони 41 миллион квадрат метрли 155 мингта хонадон фойдаланишга топширилиб, кўп квартирали уй-жойлар сони 2 бараварга ошган.
Кўп қаватли уй-жойларда кузатилаётган муаммолар:
- Ўтказилган сўровларда 35 фоиз аҳоли кўп-қаватли уй-жойларга кўрсатилаётган хизматлардан мутлақо норози, 65 фоиз аҳоли ширкатлар ишини амалда сезмаяпти.
- Шунингдек, ширкатларнинг муддати ўтган кредиторлик қарзи 1,4 триллион сўмдан ортиб (шундан 277 миллиард сўми муаммоли кредит), 950 тасининг (25 фоиз) молиявий ҳолати ўта оғир аҳволда (Тошкент вилояти – 209 та, Андижон – 208 та, Самарқанд – 68 та, Жиззах – 65 та, Қорақалпоғистон – 46 та, Фарғона – 26 та).
- Қарийб 70 фоиз ширкатларнинг кредит муддатлари ҳаттоки 3-4 мартадан узайтириб берилгани билан, ушбу имтиёз берилган кредитларнинг 52 фоизи сўндирилмаяпти. Муаммоли кредитларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри (90 миллиард сўм), Андижон (35 миллиард сўм), Тошкент вилояти (28 миллиард сўм), Фарғона (27 миллиард сўм), Сурхондарё (26 миллиард сўм) ва Самарқандга (22 миллиард сўм) тўғри келади.
Шу билан бирга, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида маблағларни самарасиз ишлатиш, бюджет маблағларини талон-торож қилиш, қолаверса коррупциявий омиллар анча юқори.
Жумладан, ўтган 2 йил давомида соҳанинг 100 га яқин мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлар содир этгани учун, жавобгарликка тортилган.
Масалан, Андижон уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси раҳбарлари 240 миллион сўм, Наманган “Таъмирлаш тиклаш хизмати” корхонаси мансабдорлари 250 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган, Сурхондарё Сув таъминоти бошқармаси ходимлари 540 миллион сўм маблағларни ўзлаштириб юборган.






