my5
Sevimli

ҲАМШИРА КУНДАЛИГИ: Ўлимни кўриб йиғлайсану, аммо ниқоб кўз ёшларини яширади

МУТОЛАА 27.06.2020, 22:39
ҲАМШИРА КУНДАЛИГИ: Ўлимни кўриб йиғлайсану, аммо ниқоб кўз ёшларини яширади

Биринчи қисмда асли келиб чиқиши россиялик бўлган итальян ҳамшираси корона-госпиталдаги оғир меҳнати ҳақида гапириб берган эди: ҳатто сув ичишга навбатчилик пайтида фақат бир маротаба рухсат берилар экан. Аммо бундан ҳам ёмони ҳали олдинда эди — унинг қўлида ҳаётни севадиган бемор вафот этади.

II қисм

Биринчи қисмда асли келиб чиқиши россиялик бўлган итальян ҳамшираси корона-госпиталдаги оғир меҳнати ҳақида гапириб берган эди: ҳатто сув ичишга навбатчилик пайтида фақат бир маротаба рухсат берилар экан. Аммо бундан ҳам ёмони ҳали олдинда эди — унинг қўлида ҳаётни севадиган бемор вафот этади.

Олтинчи кун (24 март)

Бу адолатдан эмас! Баҳор келган бўлса? Кўчада эса 0 даража? Тўғри, ҳозир соат эрталабки 6, буни тушунаман, аммо бундан бир неча кун олдин ҳаво ҳарорати 20 даража эди-ку... Худди майнинг янги атиргули сингари тиниқиб дам олдим. Соат 5:30да уйғониб, ишга отландим.

Шу жойида Брешиа мэриясидан миннатдор бўлиб кетаман. Чунки у бизга иложи борича шифохонага яқинроқ ердан учун хоналар қилиб берди. Мени яна ҳайратда қолдирадиган бир жиҳат бор эди, бу ишга кетаётганимда мэриянинг кузатув қўнғироқлари овози эди. Энг таъсир қиладигани ҳар бир қўнғироқ жарангига “Раҳмат” деган сўз ҳам жўр қилинарди. Бу жуда таъсирли сўз эди. Қанийди уларда имкон бўлса, ҳамшираларни бошларида кўтариб юришларини ҳам яхши биламан. Демак, бугун жуфт бўлиб ишлашимнинг охирги куни. Ҳеч нарсани ўтказиб юбормасликка, эсдан чиқармасликка ҳаракат қиламан(Жин урсин! Доим эсимдан чиқариб қўяман ўзи!)

Навбатчилигим унчалик ёмон ўтмади, мазмунли бўлди. Мен тушлик учун талон сотиб олганим олгандим. Аммо бирортасини ишлатмаган эди. Ҳар куни шифохонага ресторанлардан катта қутиларда таомлар юборилади! Уларнинг қадоқларида “Ҳаммаси яхши бўлади”, “Раҳмат”, “Сиз бизнинг қалбимиздасиз” деган сўзлар ёзилган, юракчаларнинг расмлари туширилган бўлади... Буларни кўрганимда ўзимни тута олмайман. Пицца, шоколад, мевалар. Ҳаммасини еб қўйгинг келади. Аммо деярли ҳеч нарса емадим, чунки ўзимга ўзим озишга сўз берганман. Навбатчилик графиги эълон қилинди. Менга кетма-кет тонги соат уч тўғри келди, наилож!

Еттинчи кун(25 март)

Келганимга бир ҳафта бўлди. Вақтни тез ўтишини қаранг. Пезаро шаҳридан қўнғироқ қилишди: Бизга волонтёр ҳамшира бўлиб ишлаш ҳақида ариза йўллаган экансизми? Келинг! Мен: бир ҳафтадан буён Брешиада ишлаяпман. Улар: Афсус. Ва гўшакни илиб қўйишди. Мен уларга 2 ҳафта олдин ёзгандим ахир! Наҳотки ўшандан буён Пезарода беморлар янада кўпайиб, ҳамширалар етишмаётган бўлса? Бугун бўлинмамизга жуда машҳур пульмонолог-шифокор ташриф буюрди. Докторлар йиғди, биз ҳам саф тортдик ва унинг ҳар бир сўзларини эслаб қолдик.

— Бундай ташхисдаги беморларни ҳар қандай вазиятда ҳам чалқанча ётқизмаслик керак! Ёки ўтирган ҳолда ё ёнига ётган ётган ҳолда бўлиш керак. Айниқса, скафандрда 100 фоиз кислород берилаётган ўта оғир аҳволдаги касалларни.

Гап шундаки, кислород ўпкангизга беихтиёр киради, у ердаги босим(ва шовқин) эса — даҳшатнинг ўзгинаси. Шундай пайтда кўкрак қафаси очилиб, ичкарига кислородни ўтказади. Агар бемор ётган бўлса, унинг кўкрак қафаси ёпилган бўлади!

Докторнинг айтишича, бундай методика билан бемор 5-6 кунда оғир аҳволдан чиқади. Шундан сўнг соғайишга кўп вақт кетса-да, аммо ҳаёт хавфдан холи бўлади. Бўлинмамизда бундай скафандрлар сони 6 та, бир ҳафта олдин эса 2 та эди. Аммо беморларда бу шовқин ва қамалишдан томи кетишни бошлайди! Улар асабий ва тўполончи бўлиб қолишади. Бу борада фақат сабр қилиш керак. Улар ҳам ва биз ҳам.

Бугун ўзим ишладим! Ҳаммаси яхши бўлди! Ўзим риоя этган иш режаси ҳам қўл келди. Биринчи кунлари мени доим тергашарди. Нимадир қилаётган бўлсам, дарҳол уни тўхтатиб, дарҳол бошқа ишга киришишимни айтишарди, кейин эса нега ҳали ҳам биринчи бошлаган ишимни ҳалиям тугатмаганимни сўрашарди. Оёқ таглари ёняпти! Бир кунда неча километрни югуриб босиб ўтаман билмайман, аммо уйга судралиб етиб бораман. Эртага яна биринчи сменга тураман...

Саккизинчи кун(26 март)

Бугун эрталабки навбатчиликда ишлаётган учинчи(ва охирги) куним. Эрта тонг соат 5:30да уйғониш жуда оғир! Эртага ва индинга тушликдан кейин ишлайман. Кейин эса мени бутун бир 2 та дам олиш куни кутиб турибди!!! 9 кунлик ишдан кейин! Бугун шундай қилиб кайфиятимни кўтардим ва ишга йўл олдим. Кўчада ҳаво ҳарорати 0. Дррр. Телефонга қадамларни ўлчайдиган иловани юклаб олдим. Навбатчиликка етиб боришим учун қанча масофани босиб ўтаман? 7,5-8 км!!! Оёқларимнинг таглари нега ёнаётганини энди тушундим.

Навбатчилик пайтида ноодатий ҳеч нарса рўй бермади. Соат милларига қараб, сменим тугашини кутиб турганимда, катта ҳамшира чақириб, эртага мен ҳам эрталабдан, иккита дам олишнинг бир кунида ҳам(эрталабдан) ишга чиқишим кераклигини маълум қилди. Йўўўўқ, қандай қилиб? Ахир хурсанд бўлиб юрган эдим! Нима ҳам қила олардим! Шу ерга келишга рози бўлдимми, шикоят қилишга ҳаққим йўқ.

Яхши томонлари ҳам бор: супермаркетларга бейжик бўлган пайтда тиббиёт ходимлари навбатсиз кира олишади, кассирчилар эса табассум билан, қўлларини кўксига раҳмат айтишади. Полиция яна ўша бейжикимиз бўлганда, тўлиб қолган “кўчага чиқиш учун рухсатнома”ни сўрамайди. Яхши кузатиб қўйишади, бу ёқимли!

Тўққизинчи кун(27 март)

Ва ниҳоят бугунги кун ҳақида ёзиш учун ўзимда куч топа олдим... Ҳикоя олдингилари каби хурсандчиликлар ва оптимизмга тўла бўлмайди. Биз машиналар эмасмиз, биз одамлармиз. Қачонки спортчи ғалаба қозонганда, унинг жароҳатлари ва оғриқлари эсидан чиқиб кетади, мағлубиятга учраганда эса бутун борлиғи оғриётгандек бўлади. Бизда ҳам шундай: қачонки биз беморнинг аҳволи яхшиланаётгани/тузалаётганини кўрсак, барча чарчоқларимиз ўрнини шодлик эгаллайди. Агар навбатчилик бугундагидек ўтса...

Олдинги постларимда ўлим мавзусига тўхталиб ўтмаган эдим. Аммо бундай ҳолат рўй берганди. Аммо бугунги ўлим мени адо қилди. У 75 ёшли аёл эди. Тақинчоқлар, чиройли соат тақиб юрарди. Қандайдир бахтсиз ва камбағал кампир эмасди у. Бу аёл бизга келганда ҳазиллашар, ТВ томоша қилар эди. Кейин уни скафандрга жойлаштиришди. Доим процедуралар ўзи учун қулай ўтаётганини билдириш учун бош бармоғини кўтариб қўярди. Лекин унинг аҳволи кундан кунга ёмонлашар эди. Бугун бирдан кескин ёмонлашди. У энди жавоб бермас, нафас олиши оғирлашиб борарди. Реаниматологни чақиришди. У қўлларини тушириб, скафандрни ечиб, ниқоб кийдириб қўйишни маслаҳат берди. У умрининг охирги соатларини скафандрда ноқулай ётиб, азобда ўтказмаслиги учун шундай қилиш кераклигини айтди. Кейин унга морфин берди-да, чиқиб кетди. Шундан сўнг кекса аёл ростдан ҳам бўшашди ва нафас олиши ҳам енгиллашди. Бир соатдан кейин у ҳам кетди. Фақат бутун умрга. Бу навбатчиликнинг охирида рўй берди.

Менда ҳатто беш дақиқалик танаффус учун ҳам вақт бўлмади, иш тугашини кутдим ва кийиниш хонасига отилиб чиқдим. Кўз ёшларим тинмасди ва ниқоб ортида оқиб ётарди, ҳеч ким ҳолатимни кўрмасди. Машинагача етиб бориб ўтиришим билан, туйғуларимга эрк берди.

Бу бемордан ташқари бизда яна бири бор, у унчалик кекса эмас, аммо қандли диабети ва семириши бор. Уни зудлик билан интубация(нафас йўллари ўтказувчанлигини таъминлаш учун трахеяга най киритилади) қилиш керак. Интубацияни эса жонлантириш бўлимида қилиш керак, у ерда эса жой йўқ. Нафақат бизнинг шифохонада. Бутун Ломбардияда жой йўқ! Бирорта! Яхшиланиш ҳақида қандай гап бўлиши мумкин??? Бу ҳақда гапириш қанчалик ачинарли бўлмасин, яқин ҳафталар ичида бундай бўлмайди.

Ўнинчи кун(28 март)

Беллар оғрияпти, оёқлар зирқираяпти, кўзлар шишиб кетган, ҳатто дам олиш кунларидаям улар йўқ бўлишга улгурмаяпти... Бугун врачларимиздан бири карантинга кетгани ҳақида билиб қолдим. Унинг тести вирус мавжудлигини кўрсатибди. Доим уни кўриб турардим ва ҳайрон қолардим. Гоҳ маскасиз юрар, гоҳ ҳимоясиз. Шундай пайтларда вирус у даражада хавфли эмасдек туюлаверарди.

Бугун ҳамма нарса жойига тушди. Яхши янгилик бор: мен кеча ёзган бемор учун реанимацияда жой топилди. Уни шу ерда интубация қилишди, кейин “Тез ёрдам”да Миланга олиб кетишди, ўша ёрда унга ёрдам беришлари мумкин! Ҳозир унинг имконияти бор. Ёмон хабар ҳам бор: беморларимиздан бирининг аҳволи ёмонлашди. Бобо...

Бошқасини олиб келишди. У кислород даражасини умуман ушлаб олмайди, арзимаган ҳаракат қилганда, нафаси қисилиб қолишни бошлайди. Уни скафандрга жойлаштиришга қарор қилдик. Реаниматологни чақирамиз. Вазифа: уни аввалига иложи борича кислородга тўйинтирамиз. Бу скафандрни кийдирганимизда унинг даражаси тушиб кетмаслиги учун керак.

Ишлаяпмиз: икки врач, икки ҳамшира. Ҳаммаси яхши ўтди, бир соатдан сўнг отахон яхши нафас ола бошлади. Беморларни кўришга келиш тақиқланган, шифокорларнинг ўзлари ҳар куни уларнинг қариндошларига қўнғироқ қилиб, барча ўзгаришлар ҳақида айтиб туришади. Бироқ бугун шифокорлар бундай қилишга улгуришмади ва соат 16-17лардан кейин қўнғироқ қилишади.

Хавотирга тушган қариндошлар эса телефонларни тинч қўйишмайди. Сабаби уларнинг ҳар бири унга ёмон сабаб, камида аҳвол ёмонлашуви сабабли телефон қилишмади, деб ҳисоблайди. Бугун скафандрга солган бобомизнинг турмуш ўртоғи телефон қилди. Йиғлайди: телефон қаршисида 3 соат ўтираман, бу азоб, нимадир дейишим керак. Эрининг аҳволи барқарор эканлиги ва унга қўнғироқ қилишини айтаман. Буви эса бахтли! Бошқа ўзгаришлар бўлмади, бу энди яхши.

Ўн биринчи кун(29 март)

Ниҳоят узоқ кутилган дам олиш кунлари беришди! Куч йиғиш, эртага тўлиқ формада бўлиш учун кун бўйи ухлайман! Анча яхшиман. Оёқлар оғришдан тўхтади, ундаги шишлар кўринмас даражада кичрайди. Кеча каравотга ўзимни отдим ва ҳеч ким билан гаплашмадим. Ҳамма нарсага қўл силташни истадим ҳам! Чарчоқдан безиб кетгандим. Тажриба ва ёш эса дам ол ва эртага ҳаммаси яхши бўлади дерди. Шундай бўлди ҳам. Башорат қилишдан қўрқаману, бугун деразамнинг тагидан сиренани ёқиб ўтган “тез ёрдам” машиналари анча кам ўтди. Шундаймикан — ёки улар бошқа йўлдан кетдимикан? Юқори нуқтадан ўтиб, бурилиш пайти келишига шу қадар ишонишни истайманки! Жуда бўлмаганда, биринчи кириб келган ҳудудларда.

Ўн иккинчи кун(30 март)

Эсингиздами, скафандр одамни ақлдан озиши ҳақида айтгандим. Мана сизга мисол! Бизнинг бобой худди момақаймоқ каби беозор эди. Бугун эрталаб унинг олдига кирганимда эса, у ташқарига чиқиш учун, ҳамма нарсани ечиб ётган экан. Яна бир сафар унинг қўшниси тревога тугмасини босди. Келиб қарасам, скафандр тўлиқ ечилган, венадаги барча томизгичлар олиб ташланган, бобойнинг ўзи эса туриб, каравотнинг четига келиб қолибди! Қон оқиб ётар, отахон эса ҳаллослаб борарди. Саросимага тушиб қолдим, нима қилиш керак? Аввалига скафандрни кийдириш керак, йўқса, бўғилиб қолади. Кейин қонни тўхтатамиз. Кейин бобони ювинтириб, қайта кийинтирамиз, сўнг ўзим ҳам кийимимни тўлиқ алмаштираман. Кейин яна томизгич қўямиз. Бутун бўлинманинг иши бир соатга тўхтаб қолди.

Энди қизиқ воқеага ўтамиз. Бир ҳафта олдин квартирамизга келган бошқа волонтёр қиз билан таниша олмаётганим ҳақида гапирган эдимми? У билан бугун танишдим... У билан битта бўлинмада ишлаётган бўлиб чиқдик. Ҳафта охирида эса яна биттаси келади.

Давоми бор...

Рисолат МАХСИМОВА

Шарҳлар