my5
Sevimli

Рақамли иқтисодиёт бизга керак(ми?). Таҳлиллар нима дейди?

ЭРКИН МИНБАР 15.06.2021, 23:56
Теглар: компютер
Рақамли иқтисодиёт бизга керак(ми?). Таҳлиллар нима дейди?

Беш ёки олти ёшлигимда амакиваччам бир танловда ғолиб бўлди. “Элёр компютер ютибди”, – деган хабар шов-шувга айланди. Ўшанда илк бор компютер дарагини эшитгандим. Уни илк бор ҳиндларнинг бир филмида кўрганман. 

Мен ҳам ўша "матох"ни ўрганишни хоҳлардим. “Мактабларда бўлади”, – деган сўз бу хоҳишни вақтинча босиб турди. Пайти келиб мактабга ҳам бордик. Компютер ҳақида сўрасам, “5-синфдан информатика фани ўтилади, ўшанда ўрганасизлар”, – дейишди. 5-синф ҳам бўлдик. Aммо мактабда компютер йўқ. Ихтисослаштирилган мактабда пул тўлаб ўқисанг-у компютер нималигини билмасанг, оғир ботаркан. Тендерда ютган компаниянинг банкротга учрагани маъмуриятнинг ягона баҳонаси. Куз келса қишда, қиш келса баҳорда, баҳор келса ёзда “Компютер келади”, – деб ишонтиришарди. Шундай қилиб 9-синфни битирдик. Унгача фақат китоблардаги компютерни кўриб, шаҳар болаларига ҳавас қилиб ўқийвердим. 

Кейинчалик ака-опаларим ёрдамида компютердан оддий дастурларда ишлашни ўргандим. Не-не умидларда мактабдан сўнг ўқишни шаҳарда давом эттирдим. Aфсуски, у ерда ҳам компютерлар бузуқ ва эски. Янгилари эса ғиж-ғиж вирус. Соддароқ дастур ҳам қўйилмаган.

Буни ёзишдан мақсад ўша жойларда аҳвол ҳалиям ўзгармаган. “Янги Ўзбекистон”, “Рақамли иқтисодиёт” деймиз. Бироқ, ислоҳотлар тотини, асосан “булоқ боши”, яъни пойтахт татийди. Қишлоқларга эса томчи томиб туради, холос.

Жамият камчиликлардан холи эмас. Уларни бартараф этиш учун кўплаб давлатлар рақамлардан фойдаланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ҳам 2020-йилдан рақамли иқтисодиётга жадал ўтишни бошлади. Жорий йилнинг 24-январь санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига қилган Мурожаатномасида “2020-йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. Шундан сўнг “рақамли иқтисодиёт” атамаси кенг ўрганила бошланди.  

Рақамли иқтисодиёт нима?

Рақамли иқтисодиёт – иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни рақамли технологияларни қоллаш асосида амалга ошириш тизими. У “интернет иқтисодиёти”, “янги иқтисодиёт” ёки “веб-иқтисодиёт” атамалари билан ҳам ифодаланади.

1995 йилда америкалик дастурчи Николас Негропонте “рақамли иқтисодиёт”ни амалиётга киритди. Ҳозирда бу истилоҳ дунё аҳли томонидан кенг қўлланмоқда. Унинг асосий белгилари:

  • юқори даражада автоматлаштирилганлик;
  • электрон ҳужжат алмашинуви;
  • бухгалтерлик ва бошқарув тизимларининг электрон интеграциялашуви;
  • маълумотлар электрон базалари;
  • CРМ (мижозлар билан озаро муносабат тизими) мавжудлиги;
  • корпоратив тармоқлар.

Қулайликлари:

1. Тўловлар учун харажатлар камаяди (масалан, банкка бориш учун йўлкира ва бошқа ресурслар тежалади).

2. Товарлар ва хизматлар ҳақида кўпроқ ва тезроқ маълумот олинади.

3. Рақамли дунёдаги товар ва хизматларнинг жаҳон бозорига чиқиш имкониятлари катта.

4. Фидбек (истеъмолчи фикри)ни тез олиш ҳисобига товар ва хизматлар жадал такомиллаштирилади.

5. Тезроқ, сифатлироқ, қулайроқ.

“Alibaba” электрон савдо тизимига эга Хитой компаниясини рақамли майдоннинг ривожланиш соҳасига мисол қилиш мумкин. Рақамли иқтисодиётдан кутилаётган энг катта натижа – коррупцияни йўқотиш ва ортиқча қоғозбозликнинг олдини олиш. Aгар фойдалана олсак, рақамли шаклда хизматларни амалга ошириш жуда қулай. Бунинг учун етарли шароит бўлса бас. Бироқ мамлакатимиз бу босқичга осонлик билан ўтолмайди. Сабаби ҳар бир янгилик босқичма-босқич амалга оширилиши лозим. Биз рақамли иқтисодиётдан аввал тармоқ операторлари сифати ҳақида ўйлашимиз керак. Технология кучли бўлса-ю унинг генератори талабга жавоб бермаса, кўзланган марра узоқлашаверади.

Ўзбекистонда жуда кўплаб хорижий техникага ихтисослаштирилган компаниялар мавжуд. Уларнинг фаолиятини ўрганиш жараёнида ишлаб чиқарган техник маҳсулотлари ҳамда рақамли иқтисодиёт ривожи учун хизмат қилувчи лойиҳаларини кўриб чиқдик. Шунда маълум бўлдики, бизда техника жиҳатидан муаммо бўлмайди. Масала яна тармоқ сифатига бориб тақалади. Қишлоқ аҳли рақамли иқтисодиёт мазмунини ҳали-бери тушунмайди. Тўғри, улар бугунги кунда смартфонлардан яхши фойдаланишади. Бироқ электрон тизимга ишончи паст. Сабаби бу борадаги билимлари етарли эмас. Aҳвол мақола бошида келтирилган мисол каби бўлса ва ўзгармаса аҳолининг ахборот коммуникация технологиялари борасидаги саводи пастлигича қолаверади.

Пандемия бизни рақамли иқтисодиёт сферасига қисман олиб кирди. Эҳтимол, у бўлмаганида рақамли иқтисодиётга кириш жараёни узоқ кечиши мумкин эди. Шу ўринда электронлаштиришнинг коррупцияга қарши курашишдаги аҳамиятига тўхталсак. Бу борада “Рақамлар ҳеч қачон алдамайди ва улар инсон эмас”, – деган қараш кўпчилигимизга таскин беради. Лекин коммунал тўловлар тизимидаги бир мисол мени таажжублантирди. Яъни 2020 йилнинг ёз ойида уйимизга бир одам келиб, иссиқ сувдан беш юз минг қарздорлик борлигини айтди. Масъул “Қарздорлик ҳали компютерга тушмаган. Aгар шу сумманинг ярмини менга берсангиз, ҳисоблагични тескари айлантириб бераман. Шунда унча кўп тўламайсиз”, – деди. Биз “йўқ, шу пайтгача банк орқали тўлаганмиз. Ҳеч қачон бундай қилолмаймиз”, – дея жавоб бердик. Биз-ку у одамнинг нафс қармоғига илинмадик. Лекин тузоғига тушганлар йўқ эмас. Инсон фитрати ўзгармас экан, рақамлаштириш орқали коррупция ва порахўрликка барҳам бериш иложсиз.

Рақамли иқтисодиёт, табиийки, ишчи кучи қисқаришига сабаб бўлади. Бироқ у ўз ортидан янги соҳаларни етаклаб келаверади. Рақамли иқтисодиёт, жайдари тилда айтганда, аҳоли ва давлат, бозор ҳамда харидор ўртасидаги воситачиларни камайтиради. Маблағларнинг электронлаштирилиши натижасида тўловни амалга оширишнинг янгидан-янги турлари ишлаб чиқилади.

Ҳар қандай вазиятда ҳам “қимирлаган қир ошар”. Бугун давлат дунё ҳамжамиятидан ортда қолмаслик учун маблағ ҳамда кучни аямаяпти. Aгар мамлакатни тоғ деб тасаввур қилсак, чўққидаги раҳбар халқ учун маблағни тўла ажратаяпти. Бироқ ўша маблағ чўққидан юмалатилган тош каби қирилиб, йўнилиб эгаларига етиб келмоқда. Баъзан эса уни “ғор”лар ютмоқда.

Рақамли иқтисодиёт асрида ихтиёримиз тўлақонли компютерларга ўтмоқда. Одамзот техникани яратди… аслида биз уни бошқаришимиз керак. Бугун эса компютер бизни назорат қиляпти...

Дилшодахон ОЛИМОВA,

ЎзЖОКУ талабаси

Шарҳлар