Куни кеча ижтимоий тармоқларда Иштихон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ходими ва «My5» телеканали журналистлари ўртасида юзага келган ҳолат ҳақида хабар тарқалди.
Хабарларга кўра, 14 июнь куни «My5» телеканали «Марказий студия» кўрсатуви ходимлари Иштихон деҳқон бозоридаги озиқ-овқат расталарида содир бўлган ёнғин тафсилотини ёритиш учун воқеа жойига борган. Аммо журналистлар туман ҳокимлиги ахборот хизмати ходими Илҳом Бобоевнинг қаршилигига учраган. Тарқалган видеоларда воқеалар тасвирга олинаётган вазиятда ахборот хизмати ходими камера хотира картасини суғуриб олаётгани ҳам тушиб қолган. Шунингдек, ҳокимлик вакили "флешка"ни оғзига солиб, чайнаб ташлагани айтилмоқда.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси муносабат билдирди.
"Мазкур ҳолат Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўрганиб чиқилаётганини маълум қиламиз.
Шунингдек, Иштихон туман ҳокимлигидан вазият юзасидан тезкор расмий маълумот берилишини сўраймиз", - дейилади расмий хабарда.






