my5
Sevimli

“Эрим болаларимнинг руҳини синдиради”

МУТОЛАА 28.06.2021, 18:05
“Эрим болаларимнинг руҳини синдиради”

Инсон дардини кимгадир айтиши керак, акс ҳолда ичидан қурийди. Йиллар мобайнида ғамларимни ютиб келдим, бўғзимга келган аччиқ алланимани ортга қайтаравердим. Кимга ҳам ёрилардим? Мендан баттар куйиб кетадиган ота-онамгами ёки ачиниш ва кулишдан ўзга ҳеч нарса қила олмайдиган дугоналаримгами? Йўқ, ёлғиз сирдошим қоғоз бўлди. Бугун эса жилла қурса мени танимайдиган бегоналарга очилгим келяпти.

Эрта турмуш қурганман. Ёшгина, фақат уй ишларини ўрнига қўювчи, жуда содда қиз эдим. Муомала билан ютиб кетиш, айёрлик қилиш, эрни ўз “йўриғи”га юрдириш деган минг бир услублардан бегона, ҳаётда фақат гўзал ранг бор дея ишонувчи қиз! Шеърлар ёзишни, шеърларимни кимгадир ўқиб беришни ёқтирардим. Эрим билан мутлақо икки дунё эдик. Унинг қўполлиги, ўзини бошқача тутишини “ҳамма эрлар шундай” деган фикр билан хаспўшлаганман. Aммо вақт ўтиб, атрофимдаги оилаларни кузатиб мен шунчаки ўзимни овутиб яшаганимни англай бошладим. Эримнинг феълида тушуниб бўлмас, ҳаддан ортиқ кучли асабийлик бор. Энг ачинарлиси эса у ўз болаларини хушламайди. Ҳа, ҳа, айнан хушламайди. Эҳтимол гапим кимгадир ғалати эшитилар, “одам деган ўз боласини ҳам хушламас эканми?” дерсиз. Худо бизга уч фарзанд инъом этган. Aммо болаларимнинг бирортаси отасига меҳр беролмайди, сабаби улар отасидан меҳр ҳам олишолмаган. Ҳатто улар чақалоқлик пайтида ҳам “Ўчир буларнинг овозини, бўлмаса бўғиб қўяман” дея бақирарди. Ҳатто бир куни кичкина ўғлимиз ҳадеб йиғлайвергани учун, унинг устига ёстиқ ҳам босиб турган. Хонага югуриб кирганимда бу манзарадан оёқ-қўлим титраб кетган. 

— Эсингиз жойидами, ахир бола-ку, биласиз бошида чаноқ ичи босими бор-ку, ўзидан-ўзи йиғламайди, наҳот раҳмингиз келмаса? 

— Ҳадеб йиғлайверади! — бақирарди у. — Ўзимнинг ҳам бошим оғрияпти, шунчаки қўрқитиб қўймоқчи эдим… 

— У буни тушунмайди, нега шундай қилаверасиз? Бунча бетоқатсиз? 

— Катталарини ҳам шундай қилсам қўрқиб жим бўларди, буни ҳам ўргатиш керак, сен тарбиямга аралашма! Унинг гапидан тушундимки, катта фарзандларимизга кичиклигида ҳам шундай “ҳунарлар” қилга-ну, мен кўрмай қолганман. 

Бир неча йил аввал эса қизимнинг руҳиятига таъсир қилувчи иши ҳаммасидан ўтиб тушди. Саккизинчи синфда ўқийдиган қизим навбатчилик вақтида синфдошининг қўл телефонини топиб олиб уйга олиб келган эди. Келибоқ болам бечора менга “ойи, кимдир ўғирламасин деб уйга олиб келдим, эртага қайтараман” деб турган ерида дадаси важоҳат билан кириб келди. 

— Нима бу? Қаердан келди? — бақира кетди кўзлари олайиб. — Ўғри! Қаердан олдинг бу матоҳни, ўғри! 

— Дадаси нималар деяпсиз? — асабларим чидамай мен ҳам бақиришга тушдим. 

— Ўз қизингизни билмайсизми? Aйтяпти-ку синфдошиники экан, эртага қайтаради.

— Э-эй бу сени алдаяпти — мени туртиб қизимнинг сочига ёпишди. 

— Aйт, қайси “ўйнашинг” берди буни, гапир? 

Қизимнинг ҳолатини тасвирлаб беролмайман. Бечоранинг оёқлари титрар, йиғлайвериб кўзлари шишиб кетган эди. Қўрққанидан гапира олмас, шундоқ ҳам юрагини олдириб қўйган болам дадасининг қўлида типирчиларди. Дод-войимизга қарамасдан эртасига қизимни мактабга судраб олиб борди ва бутун синф олдида томоша кўрсатди. 

— Сизми қизимнинг устози? Мана, кўриб қўйинг —бу ўғри! Мен шунақа ўғри қизни катта қилибман. 

— Нималар деяпсиз, биз бу қизни биламиз, қўйиб юборинг уни, аҳволини қаранг, унинг тоби йўқ-ку! 

Қизимнинг ҳолатига ҳатто ўқитувчиси, синфдошлари чидолмай кетишар, уни ўзига келтиришга уринишарди. Эрим эса ерга бир тупурди-ю, кўчага чиқиб кетди. Болагинам ўша ерда “синди”! Унинг руҳияти айнан ўша кундан сўнг салбий томонга жиддий ўзгарди. Ўз отасини шунчалар ёмон кўрадики! Бошқа нима ҳам қилсин? Бундай отани қандай севсин? Тушундимки, эримнинг ит феълига ёлғиз мен ўрганиб, кўникиб кетибман, табиий қабул қилиш ичимга сингиб улгурибди. Лекин болаларим… Уларнинг ҳеч бир ютуғи отасини хурсанд қилмайди. Ортиқча шовқин, арзимас вазиятлар учун калтак еяверишади. 

— Мен буларни кўчадан судраб олиб келмаганман-ку! Одам деган ўз зурриёдларига ҳам шунчалик бемеҳр бўладими? — дейман жанжалларда йиғидан тўхтамай. 

— Уларга яхши кўришингни билдирсанг бошингга чиқиб олишади. Ўргилдим шу эркатой болаларингдан, ҳаммаси мол! 

— Ўзингиздан бездириб ташлагансиз. Улар сизни умуман яхши кўрмайди… 

— Н о н к ў рл а р ! — бақиради у. — Ҳамманг нонкўрсанлар. Aслида ҳаммангни уриб ўлдиришим керак. Мана шу дийдаси қаттиқ инсон билан яшаб келяпмиз. Ҳеч бир кунимиз жанжалсиз ўтмайди. Одамларнинг олдида шарманда қилмасин-да деб юрагимизни ҳовучлаб турамиз. Кимлардир “шунчалик экан, нега ажрашиб кетмайсиз” дейиши мумкин. Бизга ёшликдан шундай уқтирилган: “Борган ерингдан ўлигинг чиқса чиқсин, тиригинг қайтмасин!” Очиғини айтсам ажримдан қўрқаман! Одамларнинг гапларидан, қўлларини бигиз қилиб кўрсатишларидан қўрқаман. Бундан кейинги ҳаётим қандай кечишини, қайси пулга, қаерда кун кечиришимни ўйлайман. Aхир ҳеч қаерда ўқиб, ишламаган бўлсам… Бутун умр эрининг қўлига қараган аёлман-ку. Қолаверса “Ёмон бўлса ҳам болаларимнинг отаси бор-ку” дея овутаман ўзимни. Шундай дейману яна болаларимга қарайман, уларни кундан-кунга сўниб бораётганлари мени эзади, хўрлигим келади. Балки барчасига менинг кучсизлигим, қарор қабул қилишга қўрқишим сабабдир. Мен ўзим учун ўйлашга ҳам кеч қолдим, назаримда! Бор-йўқ истагим — болаларим хурсанд бўлишса, бас. Руҳлари синмаса, эркин яшашса ва ҳеч нимадан қўрқмай тинч ухлашса кифоя! Мен сизларнинг маслаҳатларингизга муҳтожман, ўтинаман, тўғри йўлни топишимда менга маслаҳат беринг!


Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА тайёрлади, 25 (1152) 24 июнь 2021й

Шарҳлар