Бир неча йилдан буён бронхиал астма касаллигининг асоратларидан қийналиб келаман. Ҳозирда ишхонамизда коронавирусга қарши вакцина олиш кераклигини айтишмоқда. Бронхиал астма касаллигига чалинган фуқаролар ҳам эмланиши мумкинми?
Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундузованинг саволига Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, вакциналар ва иммунопрофилактика бўлими бошлиғи Дилором Турсунова жавоб берди.
- Асосан коронавирус организмда мавжуд ёндош касалликларнинг кечиши оқибатида ҳам оғир кечмоқда. Инсонларда сурункали касалликлар кузатилмаганида коронавирус бу қадар бизга хавф туғдирмаган бўларди. Шу сабабли, дастлаб, эмлаш ишларини айнан сурункали касалликлари бор фуқаролар ва қариялар (ёндош касалликлар билан айниқса, кексалар озор чекади)дан бошладик.
Худди шундай бронхиал астма касаллиги кузатиладиган фуқароларга ҳам эмланишни маслаҳат бермоқдамиз. Негаки касалликнинг хуружли даврининг ўзи жуда хавфли. Агар коронавирус билан бу жараён кечса, ёмон оқибатларга олиб келиши муқаррар.
Фақат касалликни хуруж қилган пайтида эмланиш мумкин эмас. Хасталикнинг тинч даврида шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда эмланишингизни тавсия қилган бўлардик, - дейилади мутахассис жавобида.