my5
Sevimli

Ҳарбий хизматчининг маънавий-ахлоқий қиёфаси қандай бўлиши керак?

ЭРКИН МИНБАР 04.08.2021, 00:15
Теглар: Ҳарбий хизматчи, маънавий қиёфа
Ҳарбий хизматчининг маънавий-ахлоқий қиёфаси қандай бўлиши керак?

 Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони  Ш.М.Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»га қарорига мувофиқ бугунги кунда Мудофаа вазирлиги таркибидаги барча хизматчилар бир тану бир жон бўлган ҳолда миллий армиямизда фаолият юритаётган ҳарбий хизматчиларнинг ҳаётий ва профессионал кўникмаларини илм-маърифат асосида қалби ва онгига сингдириш, мамлакатимиз ҳаётидаги реал ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда уларнинг билимларини ошириб бориш, ён-атрофимиз ва жаҳонда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ёндошиш, ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш масалаларида тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни бартараф этишда ҳамжиҳат ва ҳамкор бўлишимиз лозим. Биз ҳарбийлар ўзимизнинг маънавий-ахлоқий жиҳатдан янада комиллик сари боришимизда қандай асосларга таянишимиз керак бўлади.

Эрамиздан олдинги замонда яшаб, мерос қолдирган боболаримиздан бошлаб, «Авесто»да битилган қадриятларимиздан бошлаб, ислом дини билан, ҳалқимизни Ватан учун жон бериб жон олган, тарихи давомида шаклланган ва оммавийлашган қадриятларимиз билан биргаликда умуминсоний аҳамиятга эга бўлган қадриятларни ўрнатишга эътиборимизни қаратишимиз керак бўлади.

          Жаҳонда Буюк Британия, АҚШ ва бошқа етакчи давлатлар ўзларининг давлат манфаатларини доимо қаттиқ туриб ҳимоя қилишади, сайёрамизда ўз таъсирлари бўйича доимо етакчи бўлиш учун ҳаракат қилишмоқда. Ҳозирги кунда Миллий хавфсизлик концепцияси ва Мудофаа доктринаси доирасида кўп ишлар амалга оширилмоқда. Юз бериши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлар театри ва унинг реал хусусиятлари, илғор хорижий тажрибалар ҳар томонлама ҳисобга олиниб, шу асосда ихчам, яхши таъминланган, юксак жанговар руҳга эга бўлган миллий армиямиз барпо этилди.

     Айни дамда мудофаа соҳасидага асосий  вазифаларни амалга ошириш бўйича турли йўналишларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур вазифаларни бажариш учун эса, барча поғонадаги ҳарбий хизматчиларимиз албатта, маънавий-ахлоқий жиҳатдан ҳар томонлама етук инсонлар даражасида бўлишини таъминлаш керак.

Қўшинларда ўтказиладиган ислоҳотлар, албатта халқ қизиқишлари билан болғиқ бўлиши лозим, буни доимо хотирада тутиш керак, айниқса, маънавий-ахлоқий соҳада ислоҳотлар ўтказганда. Зарурий ўзгаришлар самарадорлиги биринчи навбатда ҳарбий фан қонунларига ва қуролли кураш ва урушнинг маънавий қонунларига қанчалик суянишига боғлиқ бўлади. Фақат мана шундагина Ўзбекистон ҳарбий ташкилотининг сифатий параметрларини сифатий жиҳатдан аниқлаш, уни маъанавий-ахлоқий анъаналар асосида яратиш мумкин бўлади.

Ҳарбий хизматчининг маънавий қиёфасига зид бўлган иллатлар деб: ҳаётдан ўзилганлик, бефарқлик, лоқайдлик, қаттиққўллик,  масъулиятсизлик, билимсизлик, қўполлик, хўжакўрсинлик, сансоларлик,  таъмагирлик ва бошқалар.

Инсон руҳи, маънавияти нималиги азалдан инсонларни қизиқтириб келган. Бу борада минглаб таърифлар мавжуд. Аммо аниқ жавоб йўқ. Бу буюк сир-синоатдир. Маънавиятнинг моҳиятини ақл-заковат билишга қодир эмас. Ўзбек адиби Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, «маънавиятни бир сўз билан ифодалаб бўлмайди. У қудратли, бой ва биз учун азиздир» , деб ёзган.

Янги Ўзбекистон шароитида мамлакатмизда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларимиз, армия ва халқнинг фаол ҳамкорлиги натижасида Қуролли Кучларимиз том маънода жамиятнинг ажралмас қисмига, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг ишончли кафолатига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланиб бормоқда.

Биз Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари буюк ватандошларимиз бўлган жасур, эл-юртга садоқатли ўғлонларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Армия ва халқ бирлигини таъминлашга қаратилган мутлақо янги тузилма – ҳарбий-маъмурий секторлар барча ҳудудларда самарали фаолият юритаётгани ғоят муҳим аҳамиятга эгадир.

Ана шундай ислоҳотлар туфайли “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради.

Биз давлатимиз мудофаа қудратини ҳар томонлама ошириш, етук ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлашга, Ватан ҳимоячилари, уларнинг оилалари учун муносиб ҳаёт шароитларини яратишга бундан кейин ҳам алоҳида эътибор қаратилаётган давлат сиёсатимизнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб турибди.

Халқимизнинг “Билаги зўр бирни енгади, билими зўр – мингни” деган мақолида чуқур маъно бор. Шу нуқтаи назардан, Қуролли Кучларимизни модернизация қилиш, хусусан, ҳарбий таълим соҳасига замонавий билим, илғор хорижий тажрибалар, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича бошлаган ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур.

Айни вақтда шахсий таркиб ўртасида миллий ўзликни англаш ва жанговар руҳни, ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш, ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш доимо эътиборимиз марказида бўлиши лозим. Шу мақсадда ёш аскар ва курсантлар учун Ватанга қасамёд қабул қилишдан аввал “Темур тузуклари” китоби бўйича синов ўтказиш тартибини йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатлар кенг миқёсда амалга ошириш ишлари йўлга қўйилди. Бу эса улар қалбида Ватанга садоқат, элга ҳурмат ва аждодларга муносиб ворис бўлиш туйғусини шакллантиради.

Хулоса қилиб айтганда, янги Ўзбекистон шароитида ҳарбий хизматчилар шахсининг маънавий-ахлоқий қиёфаси тубдан ўзгарди. Қуролли Кучлар тизими кучли ва мустаҳкам маънавий-ахлоқий фазилатларсиз юксала олмайди. Ўтган 2020 йил мамлакатимиз ҳалқи бир қанча оғир синовларни бошидан ўтказди. Коронавирус пандемияси, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида содир бўлган техноген офатлар сўзимизнинг исботидир. Шундай қийин бир вазиятда ҳарбий хизматчиларимиз халқ билан елкама-елка туриб, бор куч-ғайратлари ва шижоатлари билан ёрдамга шошилдилар. Бу жараёнда ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзининг юксак маънавий ва ахлоқий қиёфасини яққол намоён қилди.

 

Қудрат Худайберганов,

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академияси

кафедра бошлиғи, полковник, доцент.

 

Комилжон Насиров,

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академияси

цикл бошлиғи, подполковник, педагогика фанлари номзоди, доцент.

 

Адхам Нуруллаев,  

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академияси

кафедра катта илмий ходими, подполковник.

 

Шарҳлар