Наманган шаҳридаги 10-сонли оилавий поликлиникада фуқаро шифокорни аямасдан тагига босиб олиб дўппослаётганлиги акс этган видео тарқалди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу видео жорий йил 28 июль куни Наманган шаҳридаги 10-сонли оилавий паликлиникада тасвирга олинган. Воқеа айнан тунги соат 1 ва 2 лар оралиғида содир бўлган.
Бош шифокор Фазлиддин Мухиддиновнинг айтишича, шифокор Аббосбек Убайдуллаев кундуз куни ҳам Ковид марказида хизмат вазифасини бажарган. Тунда эса ўзи фаолият олиб бораётган мазкур поликлиникада икки нафар ҳамшира билан навбатчилигини ўтаётган бўлган.
Ўша куни Аббосбек Убайдуллаев фуқаролар томонидан дўппосланган, хушини йўқотган ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилоят бўлимига олиб келинади.
Аббос Убайдуллаев воқеани шундай сўзлаб берди:
– Ўша куни ака-ука кириб келишди, укаси харорати борлигидан шикоят қилди. Тоби йўқлигини айтди. Мен "ковидга таҳлил топширганмисиз"", десам, "йўқ", деди. Ўзи икки кундан буён мазаси йўқ экан. Мен "ковидга таҳлил олишимиз керак", десам, "сен менга яхши қарамаяпсан", деб жанжал чиқарди. Ўзимни ҳимоя қила олмадим, ерга юзтубан ётиб қолдим. Кўзимни очсам шифохонада эканман.
Наманган вилоят ИИБ Ахборот хизмати раҳбари Сардор Болтабоевнинг таъкидлашича, мазкур ҳолат бўйича дастлабки суриштирув ишлари олиб борилган. Аниқланишича ўша куни 10-сонли оилавий поликлиникага тунда соғлиги яхши эмаслигидан мурожаат қилган 1999 йилда туғилган фуқаро акаси 1996 йилда туғилган шахс билан бирга келиб, "беморга нотўғри ташхис қўйдинг", дея шифокор билан тортишиб қолгани нитижасида юқоридаги ҳолатни содир этганлиги айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз шифокор бош мия чақлалиши жароҳати билан шифохонада қолмоқда.
Наманган вилоятидан махсус мухбиримиз Умида Қўшоқова






